08.10.2019

«ТИЛ– МИЛЛАТНИНГ ДУНЁДА БОРЛИГИНИ КЎРСАТАДУРҒОН ОЙИНАИ ҲАЁТИ»

Миллатнинг тараққиёт даражаси миллий тилнинг халқаро ­миқё­сдаги нуфузига кўра белгиланади. Тил бундай мавқега эришмоғи учун унинг ривожига давлат сиёсати мақомида эътибор кўрсатилмоғи зарур. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 4 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» тарихий қарор имзолангани она тилимиз равнақига юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Бугун Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичи — бўлган миллий юксалиш даврига қадам қўяётир. Бу эса, миллий тил ривожига ана шу миқёсдаги  ёндашувни тақозо этади. Тил равнақининг асосий омиллари, бизнингча, қуйидагилардир:

1) она тили тақдири учун куйиниш ҳисси миллатнинг ҳар бир вакили қалбига кўчиши;

2) тил илмининг миллий негизда ривожланиши;

3) замонавий техника-технологиялар ва тилнинг ўзаро тенг таъсир асосида тараққий этиши;

4) миллий адабий тилда яратилган адабиётнинг равнақи. 

Мабодо мазкур омиллардан бирортаси мавжуд бўлмаса ҳам, тилнинг ривожи ҳақидаги гаплар гаплигича қолиши эҳтимолга яқин. Биз мустақил тараққиётнинг йигирма тўққизинчи йилидамиз. Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига эса, роппа-роса ўттиз йил тўляпти. Бу жуда катта муҳлат бўлмаса-да, кичик ҳам эмас. Ютуқлар ўзимизники. Шу боис асосан камчиликларимиз ҳақида, бажарилиши бениҳоя зарур бўлган вазифалар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Зеро, ойнага қарашдан мақсад – ўз-ўзига маҳлиё бўлмоқ эмас, нуқсни аниқлаш ва тузатишдир.

Она тили тақдири учун куйиниш ҳисси – у хоҳ тилшунос олим, бирор соҳа раҳбари ёки муаллим бўлсин, хоҳ оддий деҳқон, тижоратчи ёки муҳандис бўлсин – миллатнинг ҳар бир вакили қалбига кўчмас экан, тилнинг равнақи ҳақида гапириш маҳол. Шукрки, куйинаётган олимларимиз, зиёлиларимиз, оддий ватандошларимиз бор. Эшқобил Шукурнинг «Бобо сўз изидан» китоби, шоиру адибларимиз, зиёлиларимизнинг матбуотдаги, ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари бунинг ёрқин мисоли. Лекин куйинчаклар ва лоқайдлар нисбатига эътибор қаратилса, аҳвол у қадар қувонарли эмаслиги аён бўлади. Акс ҳолда рекламалар тили бу қадар ачинарли бўлмас эди. Дори реклама қилинмоқда: «Бу дори ич оғриғидан, униси тиш оғриғидан самарали восита (Таъкид бизники  Н.Ж.)». Самимиятдан йироқ, ўзга тил қолипида ясалган сўзларнинг бундай йиғиндиси, минг афсуски,  миллий руҳдан йироқлашилаётганидан дарак. Акс ҳолда «Мана бу дори дардингизга малҳам бўлади. Униси дардингизни олади» сингари тингловчининг онгига ҳам, кўнглига ҳам яқин таъсирчан сўзлардан фойдаланилмасми эди...

Шаҳарларимизда аҳолига хизмат қилаётган автобуслар ҳавас қиларли. Ўриндиқлари оҳорли, йўлнинг танобини тортади — бу жуда яхши. Кўтаринки кайфиятда чиқиш эшигига яқинлашасиз. Мана бу битикни кўрганингизда эса дилингиз хуфтон бўлади: «Ҳалокат болғаси. Ҳалокат содир бўлганда, ён ойналар ҳалокат болғаси ёрдамида синдирилади!». Ҳой, нафасинг иссиқ бўлгур, «ҳалокат» сўзи қандай маъно англатишини наҳот билмасанг!  «Ҳалокат содир бўлганда»... одамнинг руҳи танасини тарк этади. Наҳотки, яхши ниятда «Қутулиш болғаси» ёки «Нажот болғаси» деб аташ мумкин бўлмаса?!

Бундай мисолларни саноқсиз келтириш мумкин. Пойтахтдан тортиб барча йирик шаҳарларимизда кўча лавҳалари ажнабий тилларда ёзилишига аллақачон кўникиб бўлганимиз... Назаримизда, буюк миллатпарвар бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий қарийб олти юз йил наридан: «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» дея биз авлодларга таънали нигоҳларини тикиб тургандек...

Бугунги кунда атамашунослик (тилшунослар таъбирида «терминология») оқсаб қолди. Тадбиркорлар, хусусий ва қўшма корхоналар, нодавлат ташкилотлар ном қўйишда, рекламаларда бирор мутахассис билан маслаҳатлашмай, ўзлари хоҳлаганча йўл тутяпти. Халқимизнинг севикли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов айнан атамаларни тартибга солиш зарурияти ҳақида мана бундай ёзган эди: «Кейинги шеърларимда она тилимиз тўғрисида ёзганларим Марокаш сафарида туғилди, десам кўплар ажабланиши мумкин. Муносабат ҳақиқатан ҳам узоқ. Лекин гап шундаки, Марокашдаги Араб тили марказини кўриб, у ерлик олимлар араб тилини чуқур ўрганиш, уни янги атамалар билан бутун дунёда тарғиб қилиш борасида шундай ишлар қилишмоқдаки, очиғини айтганда, ўзбек тилшуносларидан хафа бўлиб кетасан киши. Бу марказда вақт-вақти билан барча араб мамлакатларидан тилшунос олимлар йиғилиб, дунё тилларида янги пайдо бўлган атамаларни араб тилида қандай ифода қилиш устида, умуман турли тиллар билан араб тилининг ўзаро алоқалари хусусида илмий кенгаш ўтказадилар. Ижтимоий терминларга ҳам, илмий-техник терминларга ҳам эквивалент топадилар. Бизнинг тилшунослик марказимиз нима билан шуғулланади, Худонинг ўзи билади... «Тилга эътибор – элга эътибор» деймиз-у ҳеч биримиз тилимиз имкониятларидан тўлароқ фойдаланишни ўйламаймиз...»

Бизнингча, фан-техника ва технологиялар жадал ривожланаётган бугунги кунда ҳаётимизга кириб келаётган ҳар бир атамани она тилимиз табиатига мос тарзда қабул килиш, атамаларни мувофиқлаштириш учун ушбу масалада ваколатли давлат муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш зарурати бор.

Тил чин маънода тараққий этиши учун тилшунослик миллий негизда ривожланмоғи зарур. Афсуски, бу борада ҳам мақтанарли аҳволда эмасмиз. Бугун тилшуносликда компьютер лингвистикаси деган алоҳида илмий йўналиш пайдо бўлди. Шаклланиши ва ривожланиши тўла маънода миллий мустақиллигимиз билан боғлиқ бўлган ўзбек субстанциал тилшунослиги борасида муайян ютуқлар қўлга киритилмоқда. Шу йўналиш заминида юзага келаётган градуал лингвистика бўйича тадқиқотлар олиб борилаётир. Ўзбек заминида шаклланган бу тилшунослик натижаларидан Ғарб мамлакатларида, хусусан, Германияда замонавий «WortShatz» интернет луғатларини тузишда кенг фойдаланилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу тилшунослик ютуқларини илмга жорий этиш дунё миқёсида том маънодаги янги миллий ўзбек тилшунослиги шаклланиши учун замин яратади.

Бундан ташқари, тилшунослик ва социология кесишувида юзага келган социолингвистика, психология ва тилшунослик синтезида майдонга чиқаётган психолингвистика тобора ривожланаётир. Тилшунослик ва табиий фанлар деган алоҳида илмий йўналиш шаклланди ва у фан сифатида ўқитилмоқда. Тилшунослик ва медицина, жумладан, психотерапия ва нотиқлик санъати, шунингдек, тилшунослик ва психиатрия, яъни турли руҳий касаллик ҳолатидаги нутқий хусусиятлар масалаларини тадқиқ қилиш; математик методларнинг тилшуносликка ўтиши, бошқача айтганда, эҳтимоллик назарияси ва статистик методдан фойдаланиш муаммоларини ана шу фан ўрганади. Бундан ташқари, лингвогеография, яъни тилшунослик ва картография, шевашунослик ҳамда ареал лингвистика масалалари ҳам шулар жумласидандир.

Булар – ютуқларимиз. Улар шубҳасиз ўзимизники. Бироқ... Модомики она тилимиз мавқеи ҳозиргидан ҳам юксалишини хоҳлар эканмиз, камчиликларимизни ҳам эътироф этишимиз керак. Уларни тузатиш чораларини кўрмоғимиз зарур. Мен тилшуносликнинг жамият ривожига таъсирини назарда тутяпман. Бугун гўё «Тилшунослик – тилшунослик учун» деган қоида амал қилаётгандек тасаввур уйғонади. Ваҳоланки, тилшунослик ва ижтимоий воқелик ўзаро мутаносибликда, ўзаро таъсир асосида ривожланиши сир эмас. Хўш, тилшуносликнинг илмий натижалари бугунги кунда ўқув жараёнидан бошқа (аслида, бу борада ҳам муаммолар етарли) қайси жабҳага фаол татбиқ этиляпти?

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугун филология соҳасида энг кўп диссертациялар замонавий тилшунослик муаммолари бўйича ҳимоя қилиняпти. Лекин уларнинг амалиётга татбиғи қониқарлими? Таассуфки, бу саволга бериладиган жавоб биз кутган даражада ижобий эмас. Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳимоя қилинаётган диссертацияларни ўзбек тилига таржима қилиш зарурати пайдо бўляпти. Аксар ҳолларда инглиз, немис ва ҳоказо халқлар тилшуносларининг тадқиқотларидаги назарий қарашлар ҳеч бир ўзгаришсиз олиниб, ўзбек тилидаги мисоллар билан тўлдириляпти ҳамда бунинг учун илмий даража талаб қилин­япти. Бошқача айтганда, миллатнинг руҳи бўлган миллий тилшунослик уни «воситаи жоҳ» этганларнинг касрига таназзулга юз тутяпти. Айрим тилшуносларимиз эса авҳолни ўнглаш учун ҳаракат қилиш ўрнига соҳанинг реанимацияга тушгани ҳақида бонг уришдан нарига ўтмаяпти. 

Олдимизда турган асосий вазифалардан бири — бугунги кунда жаҳон миқёсида кечаётган интеграция ва глобаллашув жараёнида ўзбек тилини дунёвий тиллар даражасига олиб чиқиш билан боғлиқ. Бунинг учун ўзбек тилининг ахборот (компьютер) услубини яратиш зарур. Чунки саналган барча муаммоларнинг ечими шунга боғлиқ. Зеро, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи, ҳар томонлама мукаммал, қулай ва оммабоп ахборот (компьютер) услуби яратилганидан сўнггина бошқа муаммоларни ҳал қилиш мумкин бўлади.

Бир неча йил муқаддам «Дунёвий ўзбек тили» китоби босмадан чиққан эди. Унда ўзбек тилидаги биргина «ишламоқ» феълининг тахминан юз минг шакли (лексик грамматик парадигмалари) рус ва инглиз тилларига ўгирилган. Инглиз тилида эса бу феълнинг бор йўғи 100 та шакли борлиги маълум. Мана сизга қиёс:
100 000 та ва 100 та.

Тил, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний таърифлаганидек: «Миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти». Миллатнинг юзи бўлган ойнани доғлардан пок тутиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, ўзини ҳурмат қилган, эртанги куни ёруғ ва нурли бўлишини, халқаро миқёсда ўз сўзини айтишни истаган ҳар бир миллат тил тараққиётига устувор аҳамият бермоғи шарт ва зарурдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев имзолаган тарихий қарорни ўқиганда она тилимиз тақдири, тараққиёти билан боғлиқ ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди.

 

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори, профессор

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: