Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
03.09.2019

ҚОҒОЗГАРЛИК УСТАХОНАСИ ҚУРИЛИШИ БОШЛАНГАН

Саноқли кунлардан сўнг Қўқон шаҳри илк бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилади.

Қўқон қадим-қадимдан ўзининг бетакрор санъати, адабиёти, тадбиркору ҳунармандлари билан етти иқлимга донг таратган. Сўнгги йилларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, пичоқчилик, мисгарлик, тўқувчилик, бешиксозлик, сандиқсозлик каби ҳунармандчилик мактаблари янада тараққий этиб, жаҳонга юз тутди.

Президентимиз ташаббуси билан Қўқон шаҳрида биринчи бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали бу борадаги ишлар салмоғини янги босқичга олиб чиқди. Бу ерда дунё халқлари, ҳунармандлари эътиборини тортадиган кўплаб масканлар борлиги халқаро ҳамжамиятнинг Қўқон шаҳрига бўлган қизиқишини янада ошириб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Айниқса, ҳунармандчилик, шаҳарсозлик тармоқларини ривожлантириш, уста ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қадим шаҳар тараққиёти, маданий ҳаётини дунё ҳамжамиятига яқинроқ танитиш имконини бермоқда.

– Қўқонликлар мазкур фестивални кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрмоқда, – дейди Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмонов. – Фестивалдан кўзланган асосий мақсад – ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, қайта тиклаш, соҳа ривожи йўлидаги ишлар кўламини илмий жиҳатдан ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш, маҳорат дарслари ташкил этиш, иқтидорли ҳунармандларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.

Фестиваль олти кун давом этиб, унда хорижий ва маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, илмий-амалий конференция, фольклор-этнографик гуруҳларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари, театр томошалари, миллий дизайнерларнинг мода намойишлари, палов танловлари ҳамда кураш мусобақалари каби турли кўнгилочар ва маданий тадбирлар ўтказилади. Асосий тадбир Худоёрхон ўрдаси ва унга туташган маданият ва истироҳат боғи ҳудудида бўлиб ўтади. Бу ерда мамлакатимиз уста кулолчилик мактаблари намояндалари томонидан маҳорат дарслари, тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон халқ устаси, ёғоч ўймакор Муҳаммадали Юнусов ижодига бағишланган кўргазма, “Дастурхончи” мадрасасида “Риштон мовий гумбази” номли кулолчилик санъати кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.

Бугун шаҳарда ноёб ҳунармандлик турлари ҳам қайта тикланмоқда.

– Таъкидлаш жоизки, ўрта асрларда шаҳарда қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилиги ривожланиб, Марказий Осиёда “Қўқон қоғози” номи билан машҳур бўлган, – дейди тарихчи олим Яҳёхон Дадабоев. – Тарихчиларнинг эътироф этишича, Қўқон хонлигидаги қоғозгарлик устахонаси Марказий Осиёда фаолият кўрсатаётган ягона фабрика ҳисобланган. Бундай ишлаб чиқариш тармоқларидан бири шаҳарнинг Чорсусида, иккинчиси Овчи қишлоғида жойлашган. Бу қоғозлар ўзининг юқори сифати, чидамлилиги, нафислиги билан алоҳида ажралиб турган. Унинг “Абрибаҳор”, “Абришем”, “Хафтарин” каби ўнга яқин турлари ўз вақтида машҳур эди. Жумладан, “Абрибаҳор” қоғози Миср пахтасидан ишланган. Шунингдек, қўқонлик усталар шойи қоғоз тайёрлашни ҳам билган. Маҳсулотлар Шимолий Афғонистон, Қашғар, Миср бозорларигача етиб борган. Қолаверса, Бухоро амирлиги бу маҳсулотлардан қоғоз пул ишлаб чиқаришда фойдаланган. 1863-1873 йиллар Қўқонда хон ўрдаси бунёд этилиши муносабати билан қоғоз устахоналари ва қоғозгарлик обжувозлари Сўх туманидаги Қалача ва Тул қишлоқларига кўчирилган ва ўтган асрнинг ўттизинчи йилларига қадар ишлаган.

Қувонарлиси, ушбу халқаро фестиваль доирасида бу каби ҳунармандчилик анъаналарини қайта тиклаш борасида амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, қоғозгарлик устахонасини қуриш учун ер майдони ажратилиб, бунинг учун 350 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги кунда ёш олим ва ҳунарманд уста Хуршидбек Бегматов қоғоз тайёрлаш анъаналарини давом эттирмоқда.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: