Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

РИВОЖЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН:

Биринчи мақола

Беш – илоҳий рақам. Одамнинг қўли ва оёғида бештадан бармоқ бор. Ер юзининг бешта қитъасидагина инсон яшайди. Беш юлдуз – дунёдаги энг машҳур рамзлардан. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғида ҳам 12 та кичик беш юлдуз акс эттирилган. Таълим тизимида баҳолашнинг анъанавий бешлик тизими мавжуд. Беш «аъло» баҳо ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, одамлар: «Ишим зўр!», «Ишим аъло!» демоқчи бўлса: «Ишим беш!» дейди. Исломда бешта фарз мавжуд. Умматларга беш вақт намоз буюрилган. Халқимиз умрни «беш кунлик дунё» дейди ва ҳоказо.

2017 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган бешта йўналиш бўйича мамлакатимизда тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бундай ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топяпти. Халқимизнинг турмуш даражаси, онг-тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича катта ишлар қилинди.

Кейинги уч йил мобайнида мамлакатимизда ислоҳотлар жараёни янги даврга кирди. Модернизация суръатлари жадаллашди. Айнан ана шу беш йўналишда беқиёс силжишлар юз берди. Табиийки, мамлакатимиз янги босқични бошдан кечиряпти. Агар таъбир жоиз бўлса, давлатнинг халққа қайишиши жараёни бошланди. Халқни рози қилиш мақсадга айланди. Масала: «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!»  тарзида қўйилди.

Мамлакатимиз ҳаётида юз берган бу янги қадамлар ўртасида изчил мантиқий боғлиқлик бор. Улар замирида халқ ва давлат бирлиги кўзда тутилган.

«Давлат», «мамлакат», «ҳукумат», «ҳокимият», «жамият», «халқ», «миллат», «халқ ҳокимияти» тушунчалари бор. Бир қарашда, ҳаммаси содда, ҳаммаси тушунарли. Ростини айтганда, «мамлакат» билан «давлат»ни, «давлат» билан «ҳукумат»ни, «ҳукумат» билан «ҳокимият»ни, «жамият» билан «халқ»ни , «халқ» билан «миллат»ни, «халқ» билан «халқ ҳокимияти»ни ва ҳоказоларни бир-биридан яхши ажрата олмайдиганлар оз эмас.

Демократик тузумда буларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида тушунча. Айтайлик, давлат билан ҳукуматни обдон фарқлаб олмай туриб, давлат ва жамият вазифалари ўртасидаги тафовутни ҳам аниқлаштириб олиш мушкул.  Чунки демократик тузумда давлат вазифалари билан жамият вазифалари ўзаро қатъий чегараланади, яъни ўртада ишлар ўзаро тақсимлаб олинади.

Биласиз, Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Аҳолимизнинг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Биз эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш ёш авлодимизнинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар қилиб вояга етказишни энг муҳим ишларимиздан деб биламиз.  Айни шундай ёшларни, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи куч сифатида тайёрлашни ўзимизнинг устувор вазифамиз сифатида кун тартибига қўйганимиз вақт ўтиши билан нақадар узоқни кўзлаган тарихий қадам бўлгани тобора аёнлашмоқда.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишнинг тарбиявий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган эди. Вилоятда ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат, спорт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан ҳам танишди. Президентимизга вилоятда китобхонликни кенг тарғиб қилиш концепцияси ҳақида ҳам маълумот берилди. «Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни  аямаймиз», – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари ушбу сафардан қайтганидан кейин махсус йиғилиш ўтказиб,  ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди, ёшлар тарбияси билан боғлиқ беш ташаббусни ўртага ташлади.

Шу тариқа мамлакат бўйлаб янгича ҳаракатлар бошланиб кетди. Минтақа ва ҳудудларимизда ана шу беш ташаббусни ҳаётга жорий этишнинг янги-янги йўллари, усул ва услублари намоён бўла бошлади. Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўка туманида бу соҳада ўзига хос тажриба шаклланди. Мамлакатимизнинг турли минтақа ва ҳудудларидан соҳа мутахассисларидан иборат гуруҳлар келиб, «Бўка тажрибаси»ни ўрганиб кетишди. Яхши анъаналар кенг ёйиладиган бўлди.

Ташаббус ташаббуслигича қолиб кетмаслиги керак. Ўртага ташланган беш ташаббуснинг ижроси доимий равишда шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентининг назоратида турибди.

Шу йилнинг 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, жумладан, беш ташаббусни кенг жорий этиш мақсадида барча ҳудудларга мутасадди раҳбарлар масъул қилиб бириктирилди. Шунингдек, бу вазифаларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи раҳбарлари шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланди.

Орадан 15 кун ўтиб, яъни 3 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича яна йиғилиш ўтказди. Унда ана шу беш ташаббус бўйича ишлаб чиқилган алоҳида-алоҳида дастурлар лойиҳалари муҳокама қилинди. Бу дастурлар 2019 – 2020 йилларда амалга ошириладиган ишларни ўз ичига қамраб олган.

Бешта ташаббус амалда таълим билан тарбияни узвий, яъни бир-бирига чамбарчас ҳолда олиб боришдек олий мақсадни кўзда тутади.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши ҳамда бешта ташаббуснинг ҳар бири бўйича қилинган ишлар тўғрисида кейинги мақолаларимизда фикр юритамиз.

Инсон мақсадсиз яшай олмайди. Халқ ҳам. Аввало, мақсадларни аниқ белгилаб олиш, кейин эса уларга эришиш йўлида тинимсиз интилиш лозим.

Ҳар бир мамлакат равнақи объектив ва субъектив шароитлардан келиб чиққан ҳолда амалга ошади. Объектив шароит бўлса-ю, субъектив шароит бўлмаса ҳам ёки, аксинча, субъектив шароит бўлса-ю, объектив шароит бўлмаса ҳам, тараққиёт юз бериши қийин кечади.

«Объектив шароит» деганда мавжуд реал имкониятлар, «субъектив шароит» деганда эса одамларнинг онг-тафаккури, салоҳияти, тарбияси, маънавият кўзда тутилади. Объектив имкониятлардан унумли фойдаланиш – бевосита одамларга, демакки, субъектив омилга боғлиқ.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йў­налиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам, ёшлар таълим-тарбиясига қаратилган бешта ташаббус ҳам амалда мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлардан имкон қадар унумли фойдаланиш, яъни субъектив омилни кучайтиришга қаратилган.

Интилганга эса албатта, толеъ – ёр.

 

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: