Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
23.07.2019

УНВОНИ ХОКИСОРЛИК

Ҳаётда рўй берадиган ҳар бир воқеа-ҳодисотларнинг сабаби мавжуд. Уларни аниқлаш тегишли хулосалар ва тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради.

Инсон фақат жамиятда яшай олади. Унинг бир ўзига энг қулай шароитлар яратиб берилса ҳам, бундай ҳаётдан қониқмайди. У тили бир хил, зеҳнияти ва маънавияти яқин одамлар орасида яшаса, фаолият юритса, бахт ҳиссини туйган ҳолда умргузаронлик қилади. Инсонлардаги ана шу айтилган зеҳният ва маънавият қандай шаклланади?

Биринчи навбатда, бунга одамга улғаяётган муҳити таъсир кўрсатади. Муҳитни эса ундан ёши улуғроқ, билимли, ўқимишли, маданиятли одамлар яратади. Ўз ўзидан тушунарлики, маданий муҳитда ўсган инсон дунёни, ҳаётни яхши англайдиган, умрини зое кетказмайдиган, атрофидаги одамларга, ҳалқига катта нафи тегадиган зот даражасига етади. Шунингдек, одамнинг ўзи ёшлигидан бу ҳаётдаги ўз вазифасини аниқлаб, олдига мақсадлар қўйиб, ўқишга, билишга интилиб, бу йўлда бетиним ҳаракатлар қилса, худди шундай чўққиларга чиқиш бахтига муяссар бўлади.

Мен устоз Абдуқаҳҳор Иброҳимовни ана шундай, ўз атрофида маданий муҳит ярата олган инсонлардан деб биламан. Бундай инсонга яқин юрсангиз, суҳбатларидан баҳраманд бўлсангиз, албатта яхши томонга ўзгарасиз. Бу зотдаги билимга интилиш, ижодий фикрлаш, нафақат яқин атрофдаги воқеаларни, балки жамиятда ҳукм сураётган жараёнларни холис таҳлил қила олиш қобилиятига тан бермай илож йўқ. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида, Ватанимиз янги мустақилликка эришган даврда устознинг ана шундай таҳлилий долзарб мақолалари илк ижобий ўзгаришларга кучли туртки бўлганини тез-тез эслаб тураман.

Абдуқаҳҳор Иброҳимов миллатимиз тарихини жуда яхши биладиган одам. Қайси давр ҳақида сўраманг, албатта тўлиқ ва қониқарли жавоб олишингиз мумкин. Бир куни, тахминан 2000-йиллар боши эди, уйимга, ҳозирда марҳум, ёзувчи Алишер Мақсумов ташриф буюрди. Анча суҳбатлашгач, кўчага чиқдик. Маҳалламизда устозни кўриб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Алишер Мақсумов имкониятдан фойдаланиб, Абдуқаҳҳор Иброҳимовга дарҳол саволлар ёғдира бошлади. У Тошкентни генерал Черняев томонидан қандай босиб олингани, шаҳар аҳолиси қандай ҳимояланганлари тўғрисида маълумотлар сўради ва қониқарли жавоб олди. У даврда мен тарих билан унча қизиқмас эдим. Лекин, устоз томонидан берилган маълумотлар жуда қимматли эканлигини ҳис этдим. Орадан бир қанча ойлар ўтди ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида, кейинроқ «Шарқ юлдузи» журналида Алишер Мақсумовнинг «Амирлашкар Алимқул» номли тарихий ҳикояси эълон қилинди.

2006 йилда Абдуқаҳҳор Иброҳимов ўзининг жиддий ва кенг қамровли китобини чоп этди. Унинг номи «Ёруғлуғ» эди. Бу асарни қўлига олган одамда дарҳол савол туғилади: Нега номи «Ёруғлик» эмас? Хулоса қилдимки, шундай аталса, сарлавҳа физик тушунчага эга бўлиб қолар эди. «Ёруғлуғ»дан эса маънавият тўлқинлари уфуриб турарди. Ҳақиқатдан ҳам, китобни синчиклаб ўқиб чиқсангиз, қалбингизга олам-олам ажиб ҳисларга, билимларга тўлиқ маълумотлар кириб келади. Бу асарда ўзбек миллати тарихига оид жуда кўп ахборотлар бор. Мен ўша даврда Ватанимиз тарихида ўтган азиз-авлиёлар тарихига мурожаат қилиб, улуғ зот – хожагон тариқати вакили, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддек валийни тарбиялаган Ҳазрат Сайид Амир Кулолнинг ҳаёти ва таълимотлари тўғрисида асар ёзаётган эдим. Бу асар ижодим жараёнида жуда асқотди. Ундан кўп зарур маълумотлар олдим.

Юқорида эслатган ўз асарим битгач, биринчи бўлиб устозга ўқиб, фикр билдириш учун бердим. Устоз бундай асар ўзлари учун янгилик бўлганини, ажойиб чиққанини айтди ва айрим камчиликларни тузатишим кераклигини ҳам сўзлади. Бундай ўгитлари учун у зотдан ҳали ҳануз миннатдорман.

Абдуқаҳҳор Иброҳимов «Ёруғлуғ»дан кейин яна анча китоблар чоп эттирди. Чунончи, «Бизким — ўзбеклар» асари тўрт марта қайта нашр этилди. Энг охиргиси, тарихий-ҳужжатли, «Илдизим ва ўзим» романи ҳам таҳсинларга лойиқ асар бўлган.

Умуман олганда, устоз тўғрисида жуда кўп сўзлаш мумкин. Бу зотнинг фаолият юритган соҳалари жуда мўл. У, авваломбор, драматург сифатида юқори даражали ижодкор. Унинг саҳналаштирилган пьесалари ўнга яқиндир. Улар наинки Ўзбекистон, балки Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон театрларида қўйилган.

Яна бир жиҳатни айтишим лозим. Устоз менинг отам Пўлат Мўмин билан яқин дўст бўлишган. Ёшлигимда бизнинг хонадонга ташриф буюриб турганлари ёдимда. Ҳаттоки, улар биргаликда мусиқавий драма ёзишни ҳам режалаштиришган ва ёзишган эди. Лекин, турли сабабларга кўра бу асар ҳали театрларда қўйилгани йўқ. Умид қиламанки, ҳалқимиз келгусида ундан албатта баҳраманд бўлади. Отам ижодкор Абдуқаҳҳор Иброҳимга атаб бир олқишлов ҳам битган экан. Бу сатрлар Пўлат Мўминнинг ҳаёт пайтларидаги энг сўнгги китоблари «Олқишловлар, бағишловлар»да чоп этилган.

Бу йил улуғ ижодкор, ўзбек адабиётининг билимли, маданиятли ва камтарин вакили Абдуқаҳҳор Иброҳимов саксон ёшни қаршиламоқда. Ўз ҳаёти давомида дараматург, ёзувчи, журналист, тарихчи, маънавият маслаҳатчиси ва киношунос бўлиб фаолият юритган ажойиб инсонга яна ҳам узоқ ва баракали умр, соғлиқ ва ижодий ютуқлар тилайман.

 

Озод МЎЪМИН ХЎЖА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: