02.07.2019

4 МИНГ 335 ЛОЙИҲАГА 692,4 МИЛЛИАРД СЎМ ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР АЖРАТИЛДИ

Натижада республика бўйича 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилди

Миллий матбуот марказида «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

— Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармонига асосан жамғарма ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, «Yoshlar kelajagimiz» жамғармаси ижрочи директори Бунёдбек Баҳромбеков. — Жамғармамиз ўтган йил давомида бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида бугунги кунга қадар жамғарма маблағлари ҳисобидан 4 минг 335 лойиҳага жами 692,4 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада республика бўйича 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилишига эришилди. Яна шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиман, ушбу Давлат дастурининг аҳамиятга молик жиҳати шундаки, ёш тадбиркорлар томонидан олинадиган кредит қийматининг 50 фоизигача жамғарма томонидан бевосита кафилликлар бериш амалиёти йўлга қўйилган. Ўтган вақт мобайнида дастур доирасида 46 нафар ёш тадбиркорнинг 15,9 миллиард сўмлик лойиҳаларига жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.

Дастурнинг ёшларга бераётган яна бир имконияти, бу шубҳасиз, минглаб ёшларни ўз бағрига жалб қилиб, уларни тадбиркорлик соҳасидаги билимларини ошириш билан бир қаторда бандлигини таъминлашга хизмат қилаётган республика бўйича 19 «Yosh tadbirkorlar» коворкинг маркази ҳамда 125 «Yoshlar mehnat guzari» комплекси ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу марказ ҳамда комплексни ишга тушиши натижасида 1 минг 814 янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг якунига қадар яна 35 «Yosh tadbirkorlar» коворкинг маркази ҳамда 200 «Yoshlar mehnat guzari» комплекси фойдаланишга топширилади ва уларда ҳам 6 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

— Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида жамғармамиз ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «Тадбиркорлик сирлари», «Бизнес-режа тузиш», «Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш», «Кредит ва солиқ сиёсати» каби мавзуларда 507 та бизнес-семинар ташкил этилиб, уларда 13 минг нафардан ортиқ йигит-қизнинг билим ва малакалари оширилди, — дейди «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Илёс Раҳимов. — Бундан ташқари, дастурнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшларни ҳудудлардаги йирик ва самарали фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик лойиҳалари билан таништириш мақсадида жойлардаги 858 йирик ишлаб чиқариш корхонаси, технопарк ва саноат зоналарига бизнес-саёҳатлар ташкил этилди. Уларга 30 минг нафардан ортиқ ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги ёшлар жалб қилинди. Шу билан бирга дастур доирасида имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган 522 нафар ёш тадбиркор иштирокида республикамизнинг 63 туман ва шаҳарида улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдо ярмаркалари ташкил этилди ва маҳсулотларининг харидоргирлиги янада ошишига, кўплаб корхоналар билан шартномалар тузилишига имконият яратилди.

Тадбирда, шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида 2018 йилнинг октябрь ойида биринчи «Ўзбекистон — Россия ёшлар бизнес-форуми» ўтказилгани, унда ҳамкорликнинг устувор вазифалари сифатида икки мамлакатнинг ёш ишбилармонлари ўзаро тажриба алмашиши билан бирга, қўшма бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, ахборот технологиялари каби соҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйгани ўз самарасини кўрсатаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Матбуот анжумани сўнгида журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: