02.07.2019

УЧ ЙИЛЛИК «ЮРИСПРУДЕНЦИЯ» ТАЪЛИМИ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА

диплом ҳамда «лейтенант» махсус унвони берилади

Миллий матбуот марказида Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали олдига қўйилган вазифалар ва бу борада амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

— Президентимиз жорий йил 10 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 7-сонли Ички ишлар бўлимига ташриф буюриб, профиликтика инспекторлари фаолияти самарадорлиги ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш, рағбатлантириш масалаларига тўхталиб ўтганди, — дейди Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали директори ўринбосари Ихтиёр Жўраев. — Шунингдек, давлатимиз раҳбари профилактика инспекторлари ва уларнинг ёрдамчиларини ўқитиш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг махсус бўлинмаси — Ихтисослаштирилган филиалини ташкил этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Шундан сўнг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.

Филиалнинг асосий вазифалари — юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, шу жумладан, хорижий мамлакатлардаги муассасалар билан ўзаро самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборатдир.

Жорий йилдан бошлаб филиалда «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрлар давлат грантлари бўйича, махсус уч йиллик бакалавриат дастури асосида тайёрланади. Қабул квотаси эса йилига 255 кишини ташкил этади. Бундан ташқари, махсус олти ойлик дастур асосида ҳам олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрлар қайта тайёрланади. Қабул квотаси ҳар олти ойда 50 кишидан иборатдир.

Қолаверса, филиалда ўқитиш тўлиқ давлат грантлари асосида амалга оширилиб, бакалавриатни тамомлаган битирувчига «Юриспруденция» таълими йўналиши бўйича диплом ҳамда «лейтенант» махсус унвони берилиб, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Яна шуни айтиш мумкинки, филиалга қайта тайёрлаш дастури бўйича ўқишга Ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган амалдаги ходимлар ва ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қабул қилинади.

Филиал ташкил этилганлигига қисқа вақт бўлишига қарамай хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлайдиган ва қайта тайёрлайдиган таълим муассасалари ва марказларига танишув ташрифлари бўлиб ўтди.

 2019 йил май ойида Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ва унинг тармоқлари тажрибаси чуқур ўрганилди. Академия билан Ихтисослаштирилган филиал ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида Туркия Полиция Академиясининг кадрлар тайёрлаш тажрибаси ўрганилди. Ташриф натижасига кўра, ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишилди. Шу билан бирга Туркиянинг «Havelsаn» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган симуляция-модуляция ва тренинг технологиялари соҳасидаги маҳсулотлари билан танишилди. Шу асосда, филиалда замонавий компьтерлаштирилган симуляция-модуляция марказини ташкил этиш юзасидан техник топшириқни ҳамкорликда ишлаб чиқиш бўйича тегишли таклифлар берилди. Ушбу йилнинг июль ойида эса Россия Федерациясига, сентябрь ойида — Белгия ва Голландия таълим муассасаларига танишув ташрифи бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шунингдек, тадбирда филиал профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда мастер-класс дарсларини ўтказиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлайдиган ва қайта тайёрлайдиган хорижий таълим муассасалари ва марказлари профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш, хорижий таълим муассасалари ва марказларида ўтказиладиган конференция, семинарларда филиал ўқитувчилари иштирокини таъминлаш ҳамда филиалда ўтказиладиган конференция ва бошқа тадбирларга хорижий таълим муассасалари ва марказлари профессор-ўқитувчиларини таклиф қилиш борасида амалий ишлар қилинаётганлиги таъкидланди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: