25.06.2019

«БИЗ МОНОПОЛ АВИАКОМПАНИЯ ЭМАСМИЗ,

агарда қайсидир тадбиркор авиакомпания очишни истаётган бўлса, марҳамат, ишлатсин»

Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан Президентимизнинг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан ўтган давр мобайнида мамлакатимиз фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парки янгилангани ҳамда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш тизими замонавий талаблар асосида ислоҳ қилингани таъкидланди.

— Бугунги кунда миллий авиакомпаниямиз 63 халқаро йўналиш бўйича мунтазам қатновларни амалга ошириб келмоқда, — дейди «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси директори ўринбосари Умид Ҳусанов. — Ўтган йилда 3 миллион 173 минг йўловчига хизмат кўрсатилди. Уларнинг 800 мингдан ортиғи хориж фуқаросидир. Россия, Туркия, БАА, Қозоғистон, Жанубий Корея каби давлатлар миллий авиакомпаниямизнинг асосий йўловчи ташув бозори ҳисобланади. Шунингдек, авиакомпаниямиз 2018 йилда мижозларига бир қатор чегирмалар тақдим этди. Хусусан, вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга кетаётган фуқароларга иқтисодий класс минимал тарифидан 20 фоизли, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисига 50 фоизли чегирма берилган, шунингдек, чет эллик сайёҳлар учун халқаро қатновларда тарифлар 30 фоизгача пасайтирилган. Шу билан бирга, ўтган йили мамлакатда авиаёқилғининг нархи ошганига қарамасдан, ўртача тариф халқаро йўналишлар бўйича 13, маҳаллий йўналишларда 50 фоизгача арзонлаштирилди.

Бундан ташқари, оптимал парвозлар жадвалини жорий этиш, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш эвазига авиалайнерлар паркини ишлатиш самарадорлиги ортиб, қатновлар сони кўпайди. Бугун парвозлар сони ҳафтасига 36 тага ортиб, 2018 йилда 1 та самолётнинг ўртача парвоз вақти суткасига 10,9 соатни ташкил этди, 2017 йилда ушбу кўрсаткич 8,1 соатга тенг бўлган.

Хусусан, мамлакатимизда валюта бозорини либераллаштириш натижасида мамлакатимизга парвозларни амалга оширадиган хорижий авиакомпаниялар сони 18 фоизга ўсиб, 2018 йилда 20 тага етди. Ўтган йили улар томонидан юртимизга 11957 қатнов амалга оширилди. Бу албатта, авиация бозорида рақобатни кучайтиради.

Шунингдек, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони миллий авиакомпания фаолиятида муҳим воқеа бўлди.

Ушбу фармонга мувофиқ, қайта ташкил этиш йўли билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси негизида «Uzbekistan Airways» вa «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятлари ташкил этилмоқда. Компаниянинг таркибига кирувчи давлат унитар корхоналари масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилмоқда. «Махсус авиация ишлари» ДУК негизида «Uzbekistan Helicopters» МЧЖ ташкил этилиб, «Ўзаэронавигация» маркази Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

Шунингдек, тадбирда миллий авиакомпания Марказий Осиё минтақаси ҳаво транспорти бозорида етакчиликка эришишни режа қилаётгани ва шу мақсадда илғор халқаро тажрибалар жорий этилиб, авиаташувлар ва аэропортлар фаолияти бўйича вазифаларни мустақил корхоналарга тақсимлаш борасида ишлар амалга оширилаётгани ҳамда энг асосий эътибор авиакомпания бюджети даромадини ошириш, харажатларни камайтиришга қаратилаётгани таъкидланди. Бу каби ислоҳотлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг иқтисодий юксалиши, фаолият самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида журналистлар томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига нисбатан кўп ишлатилувчи сўз, яъни монопол авиакомпаниядан қачон воз кечилиши ва бу ҳолатга қачон барҳам берилиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга авиакомпания директори ўринбосари Умид Ҳусанов жавоб қайтарди.

— Негадир шу масала кўп кўтарилади. Тўғри, биз республика ҳудудидаги ягона авиаташувчимиз. Лекин биз монопол авиакомпания эмасмиз. Биз ҳеч кимга қарши эмасмиз. Агарда қайсидир тадбиркор авиакомпания очишни истаётган бўлса, марҳамат, очиб ишлатсин. Самолёт сотиб олсин, учувчи топсин, зарур ташкилотлар билан келишсин, ишлайверсин. Биз бундан фақат хурсанд бўламиз. Шунда соғлом рақобатда ривожланиш бўлади.

Шунингдек, Умид Ҳусановнинг сўзларига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси молиявий иқтисодий департаменти директори Алишер Сатторов қўшимча қилди.

— Монополия бўйича кўпчиликни битта масала қизиқтиради. Арзон нархлар, қулай хизмат. Мана, масалан ўтган йил қиш мавсумида биз энг кўп қатнов уюштириладиган Москва йўналишидаги нархларни 80 Еврогача туширдик. Мана шуни монополия сусайгани сифатида баҳолаш мумкин. Қолаверса, Россиядан туристик оқим ошиб бормоқда ва кўпчилик бизнинг хизматлардан фойдаланмоқда. Ҳолбуки, Россиядан бизга учиб келишда 9 та авиакомпания хизмат кўрсатади. Демак, бизни танлашлари бежизга эмас.

Шунингдек, Андижон халқаро аэропорти нима сабабдан ишламаётганлиги юзасидан савол берилди.

Ушбу саволга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ер усти иншоотларидан фойдаланиш ва аэропортларни бошқариш департаменти директори Антон Ходжаян жавоб берди.

— Бугунги кунда Андижон аэропорти ишламаяпти. Чунки қопламаси талабга жавоб бермайди, катта замонавий самолётларга ярамайди. Қолаверса, водийда 50-70 км масофада учта аэропорт бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шундай бўлса-да, биз барибир келажакда инвестор топиб, бу аэропортда таъмирлаш ишларини олиб борамиз. Замонавий кўринишда ҳамда барча қулайликларга эга бўлган аэропорт сифатида ишга туширамиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: