25.06.2019

ДУНЁ ЁШЛАРИНИ БИРЛАШТИРГАН ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ФОРУМИ

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган касаба уюшмалари ёшларининг «ТЕМП — 2019» Тошкент халқаро форуми бошланди.

Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов «ТЕМП — 2019» форуми юртимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, айниқса, ёшларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, бу борада эришилган тажриба, ютуқларни дунё ҳамжамиятига етказиш ва тарғиб этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Нуфузли тадбирда 20 га яқин давлатдан 120 нафарга яқин ёш, шунингдек, 150 нафарга яқин Ўзбекистон Касаба уюшмалари фаоллари иштирок этмоқда.

Иштирокчилар форум доирасида Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида меҳнаткаш йигит-қизлар, яъни тадбиркор ва фермерлар билан учрашди, тарихий обидаларга саёҳат қилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чарос» меҳмонхонасида психологик тренинг ва қизиқарли ўйинлар ташкил этилди. Иштирокчиларнинг умумий жиҳатлари, қизиқиш ва қарашлари креатив ёндашув асосида кўрсатиб берилди. Хотираси, фикрлаши ва тезкорлиги турли ўйинлар орқали синовдан ўтказилди.

Форум доирасидан жой олган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги санаториялар кўргазмаси, миллий либослар фестивали ҳам барчага манзур бўлди.

— Мен Термиз шаҳрида туғилганман, — дейди Афғонистон Касаба уюшмалари халқаро маслаҳатчиси Света Азими. — Уч ёшимда Афғонистонга кўчиб кетганмиз. Афғонистон Касаба уюшмаларида олти йилдан буён ишлайман. Турли давлатларда ташкил этилган форум, конференцияларда қатнашдим. 20 га яқин давлат ёшларини бир жойда жамлаб, нуфузли форумни ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Ўтган олти йил давомида мен иштирок этган халқаро форумларнинг энг каттаси ва энг мазмунлиси шу бўляпти десам, муболаға эмас. Мамлакатингизда касаба уюшмалари тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган ўзига хос механизм, ёшлар масаласи билан шуғулланувчи тузилмалар фаолияти билан яқиндан танишяпмиз.

Меҳмонлар Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шароитлар, бу жараёнда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотмоқда.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев иштирок этди.

 

Хуршид ҚОДИРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: