18.06.2019

«БОЛАЛАРНИНГ ИЛТИМОСИ БИЛАН ОТА-ОНАЛАРИГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛАМИЗ, КЕЛИБ ФАРЗАНДИНИ КЎРИБ КЕТИШИНИ СЎРАЙМИЗ»

Қўрғонтепа туманидаги Мурувват ногирон болалар интернат уйидаги катта оила ҳақида.

Муассасага борганимизда эшик олдида қоровулни учратдик. Ўзимизни таништириб, «раҳбарнинг хабари бор», дейишимизга қарамасдан, ичкарига ошиқди. Директорга келганимизни айтиб чиқди. Хуршида Халилова бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди.

Ҳовлидан бошлаб гўзал манзара касб этган Мурувват уйи озода, шинам, қулай шароитга эга. Кичик фавворалар, манзарали ва мевали дарахтлар, бино ичидаги сон-саноқсиз гуллар мусаффо ҳавони таъминлаш билан бирга, кишига завқ беради. Ҳар бир деворга эртак қаҳрамонларию, табиат манзаралари расми туширилган. Тарбиявий аҳамиятга эга иборалар, турли эслатмалар ҳам эътибордан четда қолмаган.

— Муассасамиз 2016 йилнинг май ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди, — дейди Хуршида Халилова. — Ўша вақтда бу ерда қатор муаммолар йиғилиб қолган эди. Таъмирлаш, шароитни яхшилаш, иссиқлик таъминоти ва яна бошқа масалаларда туб ўзгаришлар амалга оширилди.

Мурувват уйидаги болаларнинг хасталиги бир хил эмас. Бу ерда ақли заифлар, шизофрения ДЦП ва даун синдромлари, эпилепсия, жисмоний нуқсони бор ва яна бошқа турдаги ташхислар қўйилган 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар бор. Шуниси ҳам муҳимки, уларнинг ўзлари 3 тоифага бўлинади: ётувчи, юрувчи ва эмакловчи болалар. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, характеридан келиб чиқиб, муомала қилинади, парваришланади. Аксинча бўлиши ҳам мумкин эмас.

Муассасамизда шароитлар юқори даражада ташкил этилиши болаларнинг соғлиғи, кайфиятига таъсир қилади. Шуни инобатга олган ҳолда, бинолар санитар, гигиена талабларига мос равишда қайта таъмирланди, иссиқ сув, 24 турдаги дори-дармон ҳамда зарур барча воситалар билан таъминланди. Ошхоналар замонавий анжомлар билан жиҳозланди. Шу билан бирга, ўқув хоналари, кутубхона бор. 3-синфгача ўғил-қизлар ўқитилади. Ҳомийлар ва туман ҳокимлиги кўмагида бадминтон, футбол, баскетбол ва волейбол учун мўлжалланган спорт майдончаси қурилди, стол тенниси болажонлар ихтиёрида. Ўқув сенсор ва компьютер хоналари ташкил қилинди. Бу ҳам болага меъёрий ҳаёт кечириши учун ёрдам беради, деб ўйлайман.

Турли машқлар, расм, санъат, ҳунармандчилик дарслари ўтказилади. Баъзи тарбияланувчилар туман ва вилоят миқёсидаги тадбирларда иштирок этиб, яхши натижаларга эришиб келмоқда. Икки йилдирки, муассасамиз жамоаси паралимпия мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Зулайҳо, Мадина исмли қизларнинг рақси кўпчиликнинг олқишига, эътирофига сазовор бўлмоқда. Айрим тарбияланувчилар ўз қўллари билан турли нарсалар ясайди, компьютерда ишлай олади. Улар улғайиб, жамиятда ҳамма қатори ҳаёт кечириш имкониятига эга. Масалан, бу йил тананинг белдан пастки қисмида фалажлик ташхиси билан муассасамизда яшовчи 3-4 нафар ўғил-қизни коллежга жойлаштирамиз. Чунки улар ўқий олади. Ҳунармандчилик ёки қўлда бажариладиган бошқа касб-ҳунар эгаси бўлади. Бу биз учун жуда қувонарли. Ҳар бир ютуқ, ҳар битта рағбат барчамизни бирдек ҳаяжонга солади, хурсанд қилади.

Биздан эса фақат ва фақат ишлаш, виждонан, юракдан ишлаш талаб қилинади. Ҳамиша юқори сергаклик, ҳушёрлик, масъулият ва жавобгарлик талаб этилади. Мана шуни ходимларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аксарият болалар жиддий нуқсонлар билан туғилган. Уларнинг ҳаёти нима билан тугаши бизга қоронғу. Тиббиёт, фан, инсон ожиз бўлган сабабларга кўра, болалар ўлими кузатилади. Бироқ ўтган 2-3 йилдаги қилинган ўзгаришлар, шароитнинг яхшиланиши, эътибор ва ғамхўрликнинг ортиши сабабли айнан ушбу ҳолат 30-40 фоизга камайди, деб айта оламан.

Тўғри, қилинадиган ишлар кўп, зиммамизда масъулият катта. Боланинг ҳаётига бироз бўлса-да мазмун, янгилик, қувонч олиб киришга ҳаракат қиляпмиз. Ота-оналарнинг ҳам кўнгли тўқ. 330 ўринга мўлжалланган муассасада ҳозирда 300 нафардан ортиқ бола яшайди. Уларга қанчалар яхши шароит қилинмасин, меҳр берилмасин, ота-она, оиланинг ўрни бошқа. Афсуски, буни барча ота-оналар ҳам тўғри англамайди. 35-40 фоиз боланинг яқинлари келиб, хабар олади. Бошқалари эса ташлаб қўйган. Йиллаб боласи билан қизиқмайдиган инсонларга қойил қолмайман. Кўп ҳолларда болаларнинг илтимоси билан ота-оналарга қўнғироқ қиламиз, келиб фарзандини кўриб кетишини сўраймиз. Баъзида ота-оналар «болам озиб қолибди, яхши қаралмабди», деб шикоят қилади. Шунда аввал уларни эътирозсиз эшитиб, кейин бунинг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Фарзандининг қандай ташхис билан ётганини эслатиб, ота-онаси, яқинларига ичикиб ёки касали хуруж қилганда мана шу ҳолат кузатилаётганини айтамиз.

Ўтган йили Тошкентдан 4 ёшли Фотима ва Зуҳра — сиам эгизаклари олиб келинди. Уларнинг шеър айтиши, рақс тушиши кишини ҳайрон қолдиради. Яратганнинг қудратини қарангки, бу икки қизнинг ҳамма аъзолари иккитадан. Россия, Исроил мамлакатларидаги мутахассислар билан гаплашдим. Кўплаб халқаро ташкилотларга сўровлар юбордик. Афсуски, уларни жарроҳлик йўли билан даволаб бўлмас экан. Ҳаттоки сунъий аъзолар қўйиш ҳақида ҳам бош қотирдик, халқаро мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Бироқ бу ҳам самарасиз бўлди. Демак, бу ҳолатда биз ҳам, тиббиёт ҳам ожиз. Уларни доимий эътиборда тарбиялаш, парваришлашдан бошқаси қўлимиздан келмайди...

Биласизми, мен биринчи марта бу ерга келганимда ишни нимадан бошлашни, қандай ишлашни билмай бошим қотган. Ҳаттоки, қўлимдан келмайди, деган хаёллар ҳам бўлган. Чунки бу ерда қилиниши керак бўлган вазифалар кўлами катта, кўп ишлаб, кам дам олиш керак эди. Мана, шукрки, ҳаммаси секин-аста бир маромга келяпти, кундан-кунга янги ғоялар ҳам туғиляпти. Қисқа қилиб айтганда, Мурувват уйимиз менинг иккинчи оиламга айланди. Қаерда бўлсам ҳам болалар ҳақидаги ўйлар тарк этмайди. Ҳар бирининг муаммосини, эҳтиёжини унутмасликка, уларга ечим топишга ҳаракат қиляпман.

Хуршида Халилова муассасадаги ўзгаришлар ҳақида суҳбатдан сўнг бўлимлар, у ердаги болалар билан танишишга таклиф этди.

Болажонларнинг ҳаммаси у кишига талпинганини кўриб, меҳрнинг кучига қойил қолдик. Бир танада жойлашган икки қалб, икки инсон — Фотима ва Зуҳранинг ўз тилида айтган қўшиғидан фақатгина «бу менинг онам» сўзларини тушуна олдик. Олқишлаганимизни кўрган мурғак қалбларнинг кўзларида қувонч порлади.

Бўлимларни айланиб юрар эканмиз, йўлаклар болаларнинг тўгаракларда устозлари ёрдамида ўз қўллари билан ясаган турли-туман нарсалар, буюмлардан иборат кўргазмалар билан безатилганини кўрдик. Шу вақт бизга ҳамроҳ бўлаётган ходимлар орасидан кимдир «гапира оладиган болаларимиз ҳам бор», деди ва бизни уларнинг ёнига бошлади.

— Исмим Усмонали, Балиқчиданман, — деди ётоғида ўтирган болакай. — 2006 йилда туғилганман ва шундан буён бу ерда яшайман. Она-тили ва адабиёт, математика, физика дарсларини яхши кўраман. Энг севимли тарбиячим эса Раъно опа. Мен яна адвокатлик касбини ёқтираман. Санашни, шеър айтишни ўргандим. Самир, Диана, Шаҳриёр, Райҳона яқин ўртоқларим. Улар билан топишмоқ айтиш ўйинларини ўйнаймиз.

Усмонали сабзи ҳақидаги топишмоқ ҳамда ушбу сабзовотнинг фойдали хусусиятлари тўғрисида билганларини айтиб берди. Саволларимизга жавоб берар экан, қўллари билан оёқларига ёпилган чойшабни ўйнар, ҳаяжондан энтикиб қўярди. У каби яна бир қанча болалар билан суҳбатлашишга, уларнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилдик. Айримлари билан яқин ўртоқ ҳам бўлиб олдик. Масалан, Умида Йўлдошева 1991 йилда дунёга келган экан. 4 ёшида уни қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудуддан топиб олиб, муассасага келтиришган. Унга шизофрения ташхиси қўйилган. Деярли бутун умри Мурувват уйида ўтган бу қизни барча танийди. Тарбиячи ва энагалар «дастёримиз, ёрдамчимиз», деб мақташди.

Умиданинг айтишича, тушларида ҳамиша онасини кўради. Соғинчини кўз ёшлари билан аритишга ҳаракат қилади. Шеър ёдлаш, рақсга тушиш, спорт билан шуғулланиш орқали овунади. Айрим вақтларда ўзи ҳам шеър ёзаркан.

«Ишқда эриб кетган менинг бу кўнглим, Ҳасрат териб кетган менинг бу кўнглим, Буткул қариб кетган менинг бу кўнглим, Онажон, мен сизни қайлардан излай».

Умиданинг ёзганларидан бир нечтасини олдик. Матбуотда чоп этишга ёрдам қилишга ваъда бериб, у билан хайрлашдик.

Мурувват уйида тарбияланувчилар хилма-хил табиатли, турли ҳудудлардан келган, хасталиклари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Лекин бу масалада ҳар бирининг опаси, синглиси, акаси ёки укаси, ва албатта, ойиси бор. Демак, улар ёлғиз эмас, улар катта бир оила.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: