11.06.2019

ЭНДОУРОЛОГИЯ НИМА?

Мазкур йўналишда замонавий техникалардан фойдаланиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Асилбек ҒАЙБУЛЛАЕВ, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти урология ҳамда андрология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Бир неча йиллардан бери институтимиз бошчилигида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда урологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган анжуманлар ўтказиб келамиз. Шу каби тадбирларимизнинг навбатдагиси сийдиктош касаллиги, простата бези хавфсиз гиперплазияси билан оғриган беморларда эндоурологик камжароҳатлик операциялар ўтказиш ҳамда урологик касалликларни лапраскопик операциялар ёрдамида даволаш масалаларига бағишланади. Сабаби, ҳозирги кунда ушбу ҳолатни амалиётда қўллаш Ўзбекистон учун энг долзарб иш бўлиб турибди. Халқаро конференция 14-15 июнь кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги Саломатлик академияси хусусий клиникасида ўтказилади.

Анжуманда Буюк Британия, Россия, Покистон, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам ва бошқа мамлакатлардан урология соҳасида дунё бўйича кўзга кўринган олимлар иштирок этади. Тадбир давомида U-Merge ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланади. Ушбу ташкилотнинг мутахассислари эндоурологиянинг долзарб масалалари бўйича маъруза ўқийди. Бундан ташқари, хорижлик ва маҳаллий шифокорлар биргаликда Саломатлик академияси клиникасида 10 та мураккаб эндоурологик операцияни бажариб, маҳорат дарсларини ўтказишади.

Анжуман қатнашчилари ушбу операцияларни экран орқали тўғридан-тўғри кузатиб борадилар ва керак бўлса, жарроҳларга ва модераторларга саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин. Ёш докторлар ичкарида бўлаётган воқеаларни худди операция хонасида бўлганидек кўриб ҳис қила олиши учун шароит яратилган.

Ушбу клиникада мен ҳам операция ўтказганман. Шунингдек, Ўзбекистондаги бошқа клиникаларда ҳам доцент Назир Алижонов каби етакчи шифокорлар бир нечта мураккаб операцияларда иштирок этишди. Маҳаллий докторлар ҳам ҳозирда барча йўналишлар бўйича эндоурологик операцияларни ўзлари уддалашмоқда. Урология соҳаси бўйича Китоб туманида қилинаётган даволаш ишлари мажмуаси Тошкент шаҳрида қилинаётган ишлар билан тенг, десак хато бўлмайди. Ўз ўрнида Тошкент шаҳридаги даволаш ишларининг мажмуаси етакчи хорижий давлатларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар билан деярли бир хил даражада. Баъзи бир ноёб, ниҳоятда камёб асбоб-ускуналаримиз бўлмаганлиги ҳисобига бироз тафовут бўлиши мумкин. Лекин умумий олганда катта фарқ йўқ.

Эндоурология дейилганда фақатгина буйракдаги тошларни тушуниб қолманг, унинг ичига простата безини хавфсиз гиперплазияси деган касалликлар ҳам кириб кетади. Охирги вақтда дунё тажрибасида бу соҳага ҳам янгиликлар кириб келди, лазер усули билан даволаш йўлга қўйилган. Ўзбекистонда ҳам бу усул амалиётда қўлланила бошланди. Тадбир вақти шифокорларимизга лазер орқали операция қилиш жараёнини ҳам кўрсатиб берамиз.

Лапраскопик даволашлар эндоскопик даволашлар қаторига киради. Бунда катта кесма қилмасдан организмда учта кичкина кесма қилиб, қорин ёки қорин орти пардаси бўшлиғи орқали ички аъзоларга кириб, буйракдаги операциялар амалга оширилади. Ўзбекистондаги кўп клиникаларда анъанавий катта кесма билан қилинадиган операциялардан босқичма-босқич лапраскопик операцияларга ўтилмоқда. Мазкур ҳолат урологиянинг ниҳоятда тез шиддат билан ривожланиб келаётган йўналишларидан бирига айланмокда.

Бу ишларни оддий мисол билан тушунтирадиган бўлсам, бемор шифохонага келди, белидан кесдик, тошни олдик, тошни олгандан кейин буйракни жойига қўйдик, уни тикиб чиқдик, кесма билан яра неча кунда битади? Шифохонадан чиқиш учун 10 кун керак. Икки ойда бемор ишга боришга мойил бўлади, 3 ойда яра битади. Шунингдек, кесма бўлгандан сўнг баъзи бир одамлар соғлигини йўқотиши мумкин. Ногиронлик ҳам олиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу даврда бемор қанча маблағ, вақт кетказади? Эндоурологик даволайдиган бўлсак, бемор 3 кунда уйига чиқиб кетади. Бозорда юк ташувчи бўлмайдими, 5 кундан кейин ишга яроқли бўлади. Бундан қанча нарса ютяпмиз? Бу дард билан оғриганлар сони қанча? Давлатнинг пулини сақлаб қоляпмизми? Бу битта тош хасталиги, бошқа касалликларда ҳам худди шундай жараён кетмоқда.

Халқаро конфренцияни Қашқадарёда ўтказишимизнинг биринчи сабаби, мазкур ютуқларни мамлакатимиздаги урологларга кўрсатиш ва тарғибот қилишдир. Эндоурологиянинг ривожланаётганлигини, шу соҳани яхши тушунмаётган, билмаётган докторларимиз ҳам кўрсин, билсин, тушунсин, шунга интилсин. Чунки эртанги кунимиз эндоурологияга боғлиқ бўлиб турибди. Дунё мамлакатларида 100 фоиз беморларнинг 97-98 фоизи эндоурологик, эндоскопик замонавий кам жароҳатлик йўли билан операция қилинади. Узоғи билан 5 фоизи анъанавий операциялар ҳисобига тўғри келади. Тўғри, доим анъанавий тарзда қилинадиган операциялар бор. Ташқарида бўлган аъзо учун, варикоселле, уретра торайиши ва бошқа шу каби муолажаларда эндоскоп ишлатишнинг кераги йўқ. Лекин бу ерда одам танасининг ичкарисида бўладиган операциялар тўғрисида гап кетмоқда.

Анжуманда ҳар бир докторда хорижлик ҳамкасблари билан гаплашиш, улар билан танишиш имконияти бўлади. Албатта, бу йўналишда яхши мутахассислар фақат чет элда эмас, балки, бизда ҳам дунё тан олган шифокорларимиз бор, улар ҳам шу жараёнда замонавий усуллар билан қатнашади. Керак бўлса, хорижлик олимларнинг ўзи юртдошларимизни клиникаларига ўқишга ёки ишга чақирсин. Ёки Тошкент врачлар малакасини ошириш институти орқали U-Mergeнинг гуруҳига аъзо бўлиб, унинг дарсларида қатнашиши мумкин. Бизнинг энг катта ютуғимиз U-Merge дарсларини Ўзбекистонда ўтказаётганимиздир. Мазкур дарснинг биринчиси Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган бўлса, шу йилда бошқа вилоятларда ҳам U-Merge мутахассислари билан ҳамкорликда бир нечта дарсларни ташкил қилишимиз мумкин.

Шу вақтга қадар Ўзбекистонда тиббиётнинг бошқа йўналишларида ушбу ишлар йўлга қўйилган бўлиши мумкин. Лекин эндоурология соҳасида биринчи марта қилинмоқда. Бу биз учун жуда ҳам керак. Чунки ҳозирги кунда, Ўзбекистонда кўпгина хусусий клиникалар очилмоқда ва уларда эндоурологик операциялар амалга оширила бошланди. Уларга маслаҳат, йўл-йўриқ керак. Айримларида яхши ишларни қилиш имконияти бор, лекин бир қанча саволлари йиғилиб қолган. Ана шу саволларга шундай тадбирлар орқали тўғридан-тўғри жавоб олиниши мумкин. Бу ишлар соҳамизнинг ривожланишига, тезлашишига хизмат қилади. Мана, менда шароит йўқ, туманда яшайман, бизда буни қилиб бўлмайди, деган нотўғри тушунчаларга барҳам беришимиз керак. Қаерда бўлишидан қатъи назар, бундай амалиётлар маҳаллий аҳолига қанча катта ёрдам бериши мумкинлигини докторларимиз кўришсин.

Мазкур анжуманни ҳомий ташкилотлар ёрдамисиз ўтказа олмас эдик. Шунингдек, ушбу ишларнинг бошида Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳар, Китоб тумани ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва албатта Тошкент врачлар малакасини ошириш институти раҳбарияти турибди. Улар ташкилий ишларга бош-қош бўлмоқда. Бизнинг ишимизга инвестиция киритган инвесторларимизга ҳам миннатдорлик билдирамиз ва кейинги ишларида зафарлар тилаб қоламиз.

Ҳукуматимизнинг Ўзбекистонга хориждан кириш визаларини кўп давлатларга очиб қўйгани бизга енгиллик бўлди. Фақат битта-иккита давлатларга виза қилиб беряпмиз.

Конференция бўлиб ўтгач, албатта унинг натижалари билан батафсил ўртоқлашамиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: