Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.06.2019

ТУПРОҚ СОҒЛОМ БЎЛСА, ИНСОН ҲАМ СОҒЛОМ БЎЛАДИ

Бугунги кунда республикамизда ирригация (суғориш) эрозиясини камайтириш орқали тупроқ унумдорлигини сақлаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос янги навларни яратиш, эрозия жараёнларининг олдини олувчи ресурс тежамкор агротехнологияларни кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни изчил ривожлантириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш соҳасига интенсив усулларни, энг аввало, эрозия жараёнларининг олдини олувчи, тупроқ унумдорлигини оширувчи замонавий агротехнологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, мамлакатни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Президент фармонида ҳам муҳим стратегик вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган.

Ҳозирги кунда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўлими (ФАО) маълумотларига қараганда, дунё бўйича деградацияга учраган ерлар 1964,4 миллион гектарни ташкил этади, шундан сув эрозияси таъсирида 55,7 фоиз, шамол эрозияси таъсирида 27,9 фоиз, тупроқда озуқа моддалари миқдорининг камайиши, шўрланиш, ифлосланиш жараёнлари туфайли 12,2 фоиз ерларнинг ҳолати ёмонлашган.

Деградация жараёнлари натижасида ҳар йили 6-7 миллион гектар ер майдонлари қишлоқ хўжалиги фойдаланувидан чиқиб кетмоқда. Ер ва сув ресурсларининг кучайиб бораётган деградацияси бутун жаҳоннинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасига салбий таҳдид қилмоқда. Мазкур вазият 2050 йилга бориб 9 миллиард кишини ташкил этиши кутилаётган бутун жаҳон аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятларини чегаралаб қўйиш эҳтимоли борлиги айтилмоқда.

Ҳозир дунё бўйича 1,094 миллион гектар ёки 56 фоиз майдон ирригация (суғориш) эрозиясига учраган. Деградацияга учраган майдонларнинг асосий қисми Осиё, Африка, Жанубий Америка давлатларига тўғри келади.

Ўзбекистоннинг суғориладиган ҳудудларида ирригация эрозиясига 850,6 минг гектар ва шу ҳудудда 30 минг гектар майдон жарлик эрозиясига чалинган бўлса, лалмикор ерларнинг 746,8 минг гектари ҳар хил даражада юза сув эрозиясига учраган.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятининг жами ер майдони 1677,4 минг гектарни ташкил этиб, шундан суғориладиган ерларнинг 129,1 минг гектари турли даражада эрозияга учраган. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, тупроқнинг ювилиш даражасининг ортиши, суғориладиган майдонларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигининг камайишига олиб келади. Жумладан, кам ювилган майдонларда ҳосилдорлик 10-20 фоизга, ўртача ювилганда 20-40, кучли ювилганда 40-60 ва жуда кучли ювилган далаларда эса 60-80 фоизга пасаяди. Суғориш эрозияси туфайли суғорма деҳқончилик қилинадиган типик бўз тупроқларнинг ҳар бир гектаридан, бир вегетация даврида 150-200 тоннагача тупроқ ва у билан биргаликда 600-700 килограмм гумус, 100-120 килограмм азот, 150-160 килограмм фосфор, 210 килограмм калий элементлари ҳам ювилиб кетади.

Шунинг учун ҳам, республикамиз аҳоли сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир киши бошига тўғри келадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмини камайтирмасдан, балки ошириб бориш, аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар бир гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни кўпайтириш — энг асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Айниқса, суғориладиган ерларнинг экологик ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва сифатини ошириш билан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш имконияти яратилади.

Тупроқ ризқ-рўзимиз манбаи бўлганлиги сабабли, у битмас-туганмас бебаҳо хазинадир. Кейинги йилларда экинлар ҳосилдорлиги кескин пасайиб кетди, тупроқ унумдорлиги камайиб бориш жараёни давом этмоқда. Халқимизда ер тақдири — эл тақдири деган гап бор. Ер элни бойитади, эл ҳам ерни сақлаши, авайлаб-асраши ва бойитиб бориши керак. Бу гап кўпинча деҳқончилик билан шуғулланадиган фермерларимизга тааллуқлидек туйилса-да, аслида ҳаммамизга бирдек дахлдордир.

Бугунги кунда «тупроқ унумдорлигини ошириш» ибораси ўрнига «тупроқни соғломлаштириш» иборасини ишлатиш жоиз. Тиббиётдан маълумки, тупроқнинг таркибида айрим макро ва микроэлементларнинг етишмаслигидан инсонларда турли касалликлар келиб чиқади. Масалан, тупроқ таркибида кальций етишмаса, суяк ва асаб, йод етишмаса, бўқоқ, темир етишмаса, камқонлик ва бошқа касалликлар келиб чиқади. Демак, биз инсониятни соғломлаштиришимиз учун аввало тупроқни соғломлаштиришимиз зарур. Хўш, тупроқни қайси йўллар билан соғломлаштириш имкониятлари мавжуд, унинг унумдорлиги деганда нимани тушуниш керак?

Унумдорлик деганда тупроқнинг ўсимликларни ўсиши ва ривожланиши, ҳосил бериши учун зарур озуқ элементлар, сув билан таъминлаш қобилияти тушунилади. Шунингдек, ўсимликларнинг илдиз қисмларини етарли миқдорда ҳаво, иссиқлик ва қулай физик-кимёвий муҳит ва бошқа барча шарт-шароитлар билан таъминлаш ҳам тупроқ унумдорлигининг зиммасига тушади. Биринчи навбатда унумдорликни ошириш учун тупроқнинг таркибида органик модда, яъни гумуснинг миқдорини ошириш зарур. Бунинг бирдан-бир манбаи экин майдонларига ҳар 3-4 йилда бир марта кузги шудгордан олдин гектарига 25-30 тонна ярим чириган гўнг солиб, ер ҳайдалади.

Мамлакатимизда бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишга катта эътибор берилмоқда. Чорваси бор фермер даласини гўнг билан таъминлаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, ерни соғломлаштирадиган иккинчи масала алмашлаб экишни йўлга қўйишдир. Беда энг яхши алмашлаб экиш экини ҳамда тупроқнинг суғориш эрозиясининг олдини оладиган экин бўлиб, уни «тупроқнинг шифокори» дейиш ўринли. Тупроққа органик ўғит бериш имкониятлари қуйидагилардан иборат. Агар фермер даласига гектарига 30 тонна гўнг солганда, ўртача 300 килограмм азот, 150 килограмм фосфор, 450 килограмм калий, 240 килограмм кальций, шунингдек, темир 2,5 килограмм, бор 240-300 килограмм, марганец 3 килограмм, кобальт 15,6 килограмм, мис 2,3 килограмм, рух 1,5 килограмм, молибден 30 грамм каби микроэлементлар тупроққа келиб тушади. Ушбу тадбирни қўллаш орқали биз тупроқни соғломлаштирамиз, тупроқ ўсимликларни соғломлаштиради, ўсимликлар эса ўз навбатида инсониятни соғломлаштиради. Тупроқни соғломлаштиришнинг яна битта йўли суғориш эрозиясининг олдини олишдир. Суғориш эрозияси деганда тупроқнинг устки унумдор қатламининг нотўғри суғориш натижасида ювилиб кетишидир. Бу ўз навбатида тупроқни йиллар давомида «ориқлатиб» касаллантиради. Бу касалликнинг давоси эса бугунги кунда кенг жорий этилаётган томчилатиб суғоришга ўтишдир.

Томчилатиб суғориш натижасида 40-50 фоизгача сув тежалади, сувни фильтрацияси ва буғланиши камаяди, даладан оқава сув чиқмайди, тупроқ зичлашиб кетмайди. Энг муҳими, суғориш эрозиясининг олди олинади, ўғитларни тупроққа сув билан бериш орқали ўғитларнинг самарадорлиги 25-30 фоизга ошади, ҳар қандай нотекис жойларда ҳам қўллаб, ҳосилдорликни 50 фоизгача ошириш имкониятлари пайдо бўлади.

Томчилатиб суғориш боғдорчиликда, сабзавотчиликда, пахтачиликда муваффақиятли амалга оширилмоқда. 2018 йилда Иштихон туманидаги «Иштихон нурли давр» фермер хўжалиги томонидан томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштирилганда ҳосилдорлик гектарига 29 центнердан 45 центнерга ошган. Оддий усулда суғоришга нисбатан томчилатиб суғорилганда ҳар гектаридан 5 миллион сўмдан зиёд соф даромад олинган. 2019 йилда Самарқанд вилоятида пахтачиликда 3400 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий қилиш режалаштирилган. Ушбу янги агротехнологиянинг қўлланилишининг ўзи ҳам тупроқни соғломлаштирадиган асосий тадбирлардан бири ҳисобланади.

Қадимдан ҳам бизнинг ота-боболаримиз дуккакли экинларни севиб истеъмол қилган. Бу экинлар қаторига қимматли оқсил ва мойга бой бўлган соя ўсимлиги ҳам кириб келди ва катта майдонларга экилмоқда. Бу маҳсулотлар инсоннинг оқсил ва микроэлементларга бўлган талабини қондиришда асосий роль ўйнайди. Бундан ташқари, дуккакли ўсимликлар ҳар гектар тупроққа ўртача 250-400 килограмм соф биологик азотни тўплаб уни соғломлаштиришга хизмат қилади. Демак, оқсилга бой дуккакли ўсимликлар тупроқни ҳам, ўсимликни ҳам, инсониятни ҳам даволашга бирдек хизмат қиладиган экиндир.

Хулоса қилиб айтганда, тириклик ва тирикчилик манбаи бўлган она тупроқни авайлаш-асраб, уни муҳофаза қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир. Республикамизда озиқ-овқат xавфсизлигини таъминлаш, келажак авлодларимизга соғлом, унумдор тупроқни қолдириш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Тупроқни соғломлаштириш бу инсониятни соғломлаштириш билан баробар қийматга эга бўлган энг эзгу ишдир. Бу борада ерлардан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш бўйича юқорида таъкидлаб ўтилган тадбир ва тавсияларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

 

Шоди ХОЛИҚУЛОВ,

Мингжигит АБДУРАҲИМОВ,

Самарқанд давлат университети профессорлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: