Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
03.06.2019

ЁНИМДАГИ ДЎСТ

Сен билан олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари топшириш пайтида танишиб қолдим. Шундан бошлаб ҳаётимда ўзгаришлар содир бўлди, ўзимга нисбатан ишонч пайдо бўлди. Ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошладим.

Ўшанда қаттиқ оғриб қолгандим. Аммо кўп ўқиш, тайёргарлик кўриш керак. Атрофимдаги барча абитуриентлар мук тушиб китоб ўқишмоқда. Ўшанда бутун ҳаётингни ўзгартирувчи имтиҳонинг қаршингда турганига қарамай, мен учун жон куйдирдинг, дардингга нажот излаб югурдинг... Ярим кеча, менинг жоним оғрияпти, ташқарига чиқиш имкони йўқ. Барча қаватдаги абитуритентлар, талабалардан ёрдам сўрадинг, керакли дориларни топиб келдинг.

Жоним ором олгандай бўлди. Сен эса тинмасдинг, гарчи эртага имтиҳон, ўқишинг, тайёргарлик кўришинг керак, лекин менинг бошимда онамдай парвона бўлардинг. Ваҳоланки, ўша пайт эндигина дугона киришган эдик, ҳеч қанча вақт ҳам ўтмаганди. Кейин билсам, ўзинг ҳам кўп дардни бошдан кечирган, жони оғриган инсон ҳолатини ўз вужудингда синаб кўрган экансан. Мени қийноққа солган дардни ўзингда ҳис қилган экансан...

Биз бир-биримизга ўхшамас эдик. Лекин сен билан дўст бўлдик. Бунинг замирида меҳрми, инсонийликми, мурувватми, яхшиликми, ҳаммаси жамулжам эди. Ва сен илк бор сен менга фидойилик сабоғини бердинг. Яна бир қиз бор эди. Мен уни ҳам яхши кўрардим, у ҳам мени жон дугонаси каби кўрарди. Тўғри, уччаламизнинг дўстлик ҳикоямиз бараварига бошланмаган. Лекин мен дугона бўлишимизни астойдил хоҳлаганман, шундай ҳам бўлган.

Биз бошқа дўстлардек бирга саёҳатларга чиқмаганмиз, сайр ҳам қилмаганмиз, кинога бормаганмиз. Доим китоб ўқиганмиз, бир-биримизга ғамхўрлик қилганмиз. Ўқишга кирсак, уччаламиз ётоқхонада бирга яшаймиз, деб ният қилганмиз. Ният холис экан, мен ўқишга кирдим. Учинчи дугонам ҳам. Аммо сен ўқишга киролмадинг. Менга кўп ғамхўрликлар қилдинг, гапирмасимдан олдин нима ҳақда ўйлаётганимни билиб турардинг. Баъзан койиб ҳам қўярдинг. Мендек аразчи қиз эса сендан хафа бўлиш ўрнига сўзларингни жон қулоғим билан тинглардим. Чунки мени тушунишингни билганман.

Ўқишга киролмаганингни эшитганимда, ўзингдан эшитмагунимча қулоқларимга ишонмаган эдим. Ҳанузгача ўзимни жазолайман шунинг учун. Нега дейсанми? Чунки сенга айтадиган жуда кўп гапларим бор, сенинг ҳам менга айтадиганларинг гапларинг қайнаб-тошиб ётганини биламан.

Сен мен учун доимо қайғурардинг. Мен сен каби ҳақиқий кучли дўст бўлишга интилардим. Ҳозир яна олий ўқув юртига ўқишга кириш учун имтиҳонларга тайёрланяпсан, мен "бечора талаба"нинг эса сенга ажратадиган вақти йўқ гўё!

Ҳа, ўқишга кириш осон эмас, бироқ ўқиш ҳам осон эмас-да. Айниқса, мендек ўз дунёсини яхши кўрадиган қиз учун... Ахир ҳамма ҳам сен каби бошқаларни ўзидек кўра олармиди! Ахир ҳамма ҳам сендек чин дўст бўла олармиди?! Мана яна бир имтиҳон олдидасан, мен ва менинг инжиқликларимсиз. Лекин шу пайтда ҳам мендек дўстинг борлигидан фахрланишингни айтдинг.

Бўлди! Барча инжиқликларни, ўй-ташвишларни, имтиҳону ўқишларни бир томонга суриб, сенинг ёнингга шошяпман. Сени соғинганимни, сени яхши кўришимни айтиш, қалбинг ойинасидаги ғуборларни артиш, унда ўзимни, ўзлигимни кўриш учун шошяпман, эй дўст!!!

Ойсанам ҒУЛОМЖОНОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: