Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
28.05.2019

ОТА ҲАЁТ, БОБО ҲАЁТ, МОМО ҲАЁТ

уч норасида қизалоқ эса тоға тарбиясига берилгани ҳақида

...Аввало, барбод бўлган бу оила ҳақида тўхталсак. Хоразм вилояти, Боғот тумани, Деҳқонобод қишлоғининг «Боғистон» маҳалласида яшовчи Ғуломжон Жабборов 2008 йил 2 апрелда Роза Юсупова билан турмуш қуради. Роза Юсупованинг отаси Раззоқ Юсупов шу маҳаллада туғилиб ўсган, аммо кейинчалик қишлоқнинг бошқа маҳалласига кўчиб кетган. Икки қуда уйлари орасидаги масофа тўрт чақиримча келади.

Янги қурилган оилада 2010 йили Чаросхон, 2013 йили Динора ва 2016 йилда Хосият исмли қизалоқлар дунёга келади. 2017 йил 25 август куни эр ва хотин ўртасида низо чиқади ва Роза қизларини олиб, отаси уйига кетади.

Отаси хонадонида яшаётган Роза 2018 йил 17 мартда хасталикдан вафот этади. Ғуломжоннинг отаси Худойшукур бува бу мусибатдан сўнг қудаси билан муносабатлари олдингидек бўлмаслигини англайди. Аммо уч нафар набира тақдирини ўйлаб, ташвишга тушади.

Келинининг маъракалари ўтгач, Ғуломжоннинг отаси ўз фарзанди пушти камаридан бўлган қизалоқларни, эскичасига айтсак, «ўз суягини» сўраб, қуданикига боради ва...бир йилки, судма-суд юрилган мажоро шундан бошланади.

 ...Қўлимизда фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг «ҳал қилув қарор»лари ҳамда апелляция инстанциясининг «ажрим»лари борки, уларни кўриб, айрим ҳолатларда уч норасида қизалоқ тақдирига ачиниб кетасан.

Биринчи суд инстанцияси уч қизалоқни тоғаси Жайҳунбек Юсупов тарбиясида қолдириш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарорга асос қилиб, Роза билан эри бирга яшаган пайтда орада яхши муносабат бўлмагани, ва ҳатто эри Розани хўрлагани, пичоқ уриб, ўлдиришга урингани каби важлар асос қилиб олинган.

Оилада низо бўлгани, эр хотинини ўлдиришга урингани...бу энди жиддий ҳолат. Шундай ҳолда жабрдийда томон ҳуқуқ органларига мурожаат қилиши керак эдику! Бундай ҳолат содир бўлгани ҳақида жабрдийда томон бирор жойга мурожаат қилгани ҳақида ҳужжат йўқ.

 Суд туман ҳокимлигига қизалоқларга Ж.Юсуповни васий қилиш бўйича мажбурият юклаган. Бу вазифа «тезкор бажарилган».

 2018 йил 30 августдаги туман ҳокими қарори билан ана шу васийлик белгиланади. Кейинчалик болаларнинг отаси Ғуломжон Жабборов маъмурий судга мазкур васийлик ҳақидаги қарорни бекор қилиш ҳақида даъво аризаси киритади. Боғот туман маъмурий суди 2019 йил 16 январдаги «ҳал қилув қарори» билан Ғ. Жабборов даъвосини қаноатлантиради ва туман ҳокими қарорини бекор қилади. Сабаби эса...туман халқ таълими бўлими ҳузуридаги «Васийлик ва ҳомийлик» комиссиясининг 2018 йил 25 августдаги йиғилиши баёнига асосан Ж. Юсупов қизалоқларга васий қилиб белгиланган, шу баённомага суянилиб, беш кундан сўнг туман ҳокими қарори чиққан, бу йиғилишга қизалоқларнинг отаси таклиф қилинмаган. Комиссия аъзоларидан фақат икки киши имзо чеккан.

 Ана, холос! Комиссия аъзоларидан фақат икки масъул имзолаган йиғилиш баёни ҳоким қарор чиқариши учун асос бўлса!

«Қизларим тақдири ҳал бўлаётган йиғилишга мени, ота сифатида таклиф қилишмаса. Улар мени нега таклиф қилишмаганини биламан, — дейди Ғуломжон. — Чунки мен туман халқ таълими бўлимида ўтказиладиган йиғилишда қатнашсам...комиссия аъзолари қани, деб сўрардим. Мана, ҳукумат қарори билан тузилган комиссиялар қандай ишлаяпти! Уларнинг шунчаки, протокол учун иш юритиш тажрибаси туфайли бир йилки, судлар эшигида сарғаяман.

 Ғуломжон Жабборов хотини вафот этгач, бошқа уйланмаган. Уч қизалоғини бағрига олиб, тарбиялашни ўйлайди. «Васийлик ва ҳомийлик» комиссиясидаги масъуллар эса айнан унинг уйланмагани, уйида ёлғиз яшаётганини рўкач қилишади. Гўё «у ишга кетса, қизалоқлар ёлғиз қолармиш». Ғуломжоннинг отаси ва онаси ҳаётлиги, етарлича нафақа олишлари, бундан ташқари, томорқасида узумчилик билан шуғулланишлари эътибордан четда қолади. Ғуломжон суд қарори билан белгиланган алимент пулларини ўз вақтида тўлаб келаётгани, «ҳар йили томорқасидаги узумларидан 30 миллион сўмгача даромад олишини» қайд этилгани ҳисобга олинмади.

Қизалоқлар дунёга келган, «Боғистон» маҳалласи масъуллари эса бошқача фикрда. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Онажон Жуманиёзова гапларига қулоқ осайлик: «2016 йилдан буён шу маҳаллада раисман. Ҳар икки оилани яхши биламан. 2018 йил 18 октябрь куни Ғуломжон Жабборовнинг илтимосига биноан вилоят судида бўладиган очиқ суд мажлисига бордим. Суд мажлисида бу оила ҳақида ўз фикрларимни айтмоқчи эдим, аммо мени суд залига киритишмади. Шу «очиқ суд»да бирор беш дақиқада уч қизалоқ тақдири ҳал қилинди»,

 Қизалоқларнинг бобоси Худойшукур Жабборов алам билан гапиради: «Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 73-моддасида «Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа шахсларга нисбатан устунлик ҳуқуқига эга» деб кўрсатилган. Судьялар эса кодекснинг ана шу моддасига ўзларича қўшимча киритишди, яъни «биз истаган ҳолатда тоға барчадан устун ҳуқуқга эга» деган. Оила кодексида хонадонда санитария меъёрлари мақбул бўлиши учун ҳар бир жонга неча квадрат метр яшаш жойи белгиланган. Қудам Раззоқ Юсуповнинг хонадонида уч оила яшайди, 12 нафар одам. Уларга уч набирамни ҳам қўшишди... Ўтган йили ҳайитда Раззоқнинг келини ёғ доғлаётиб, шу ерда ўралашиб юрган набирам қаровсизлигидан устига қозон ағдарилиб, неча кун касалхонада ётди. Бизлар кейин хабар топдик. Эртага, индинга нима бўлади? Ҳатто уч қизалоқ уч жойда яшаяпти. Бириси Раззоқнинг турмушга чиққан қизиникида, қўшни қишлоқда. Ёш болалар тарбиясига муносабат шуми?!»

 Яна бир ҳолат: суд қарори билан аввалида Ғуломжон Жабборовга ҳар якшанба куни қизларини уйига олиб кетиб, улар ёнида бўлиш белгиланади. Кейинчалик бу қарор ойда икки марта Ж. Юсупов уйига бориб, унинг бевосита назорати остида кўриш белгиланди. Аммо...

 Яна сўзни Ғуломжондан эшитсак: «Қизларимни кўриш учун бордим, улар жанжал чиқариб, уйларига киритишмади. МИБ ҳам бу масалани ҳал қилолмади. Бир неча марта борсам, шу аҳвол. Ўз фарзандларимдан мени шу зайл маҳрум қилишяпти. Улар ёш болалар миясига «Отанг ундоқ, отанг бундоқ! Сизларни олиб кетса, уради, деб қўрқитиб ташлашган».

 ...Бировлар томонидан иш кабинетларида ҳал қилинган қизалоқлар тақдири нима бўлади? Умуман, одамлар тақдирига бу қадар беписандлик балосидан қачон қутиламиз?

Ҳар бир масалага диққат-эътибор билан қаралса, вазифамизни ақл-идрок, масъулият билан бажарсак, одамларни овора қилмаймиз.

 

 Рўзимбой ҲАСАН,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: