Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
28.05.2019

ҚАЛБИ ДАРЁ ИНСОН ЭДИ

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида атоқли адиб ва журналист Саъдулла Караматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан хотира кечаси уюштирилди. Унда таниқли ёзувчининг шогирдлари, бирга ишлаган журналистлар, муҳаррирлар, ёшлар ва оила аъзолари иштирок этишди.

Эсимда, дастлаб «Ўзбекистон овози» газетасида иш бошлаганимда, менга «бу инсон масъул котиб Саъдулла Караматов бўладилар, барча ижод маҳсули шу кишининг қўлидан ўтади», деб таништиришган. Бўлим мудири Воси Маҳкамовнинг тавсияси билан у кишининг суҳбатидан ўтганимда: «Яхши ижодкор бўлиш ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Бунинг учун изланиш, воқеликни илғай билиш, янгиликка интилиш, устозларга эргашиш билан жамоа ва газетхон назарига тушилади. Ўйлайманки, иш жараёнида мулоқотларимиз давом этади», дегани ҳамон ёдимда.

Ўша даврда чамаси қирқ ёшларда бўлган Саъдулла Караматов ўзининг ақлан ва жисмонан етуклиги, серҳаракатлиги, қолаверса, сермаҳсуллиги билан ажралиб турарди.

— Саъдулла Караматов ўзига хос ижод йўлини босиб ўтди, самарали меҳнат қилиб, эл назарига тушди, — деди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров. — Ўша йилларда Ғафур Ғуломдан тортиб Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шуҳрат, Шукрулло, Иброҳим Раҳим, Мақсуд Шайхзода, Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмад каби ўнлаб адибларнинг ижодлари айни гуриллаган, бу ёқда Мақсуд Қориев, Аҳмад Исмоилов, Исмоил Сулаймонов, Расул Раҳмон, Ўктам Усмонов, Рустам Шоғуломов сингари моҳир муҳаррирлар сафи кенгайиб бораётган замонда яшаб, улар билан ҳамнафас бўлиш насиб этганди.

— Саъдулла Караматов раҳбарлик қилган «Тошкент оқшоми» газетасида ишлаш менга ҳам насиб этган, — деди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Ўзига ҳам, бошқаларга ҳам талабчанлиги туфайли газетани юқори савияда нашр этиш, эл назарига тушиш билан биргаликда меҳнатимиз самаралари нафақат Тошкент, қолаверса бутун республикага тарқалишига сабаб бўлган. У киши жамоада ижодий муҳит яратишга интиларди. Ўткир Ҳошимов, Тўлқин Расулов, Ҳамид Икромов, Солиҳ Ёқубов, Абдулла Пўлатов каби қатор ижодкорлар қалами ўша даврда чархланган.

— Саъдулла Караматовни бош муҳаррирларнинг етакчиларидан, деб айтишга асослар бисёр, — деди Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким. — Авалло, у кишиниг имзоси билан чиққан ҳар газетани бошдан охиригача ўқиб зерикмасдик. Бугунги тадбир баҳона бир фикрни ўртага ташлагим келади. Нима учун бош муҳаррирлар тажриба мактаби хақида китоб чиқариб бўлмайди? Шунга вақт етганга ўхшайди.

Йиғилишда серқирра ижодкор — журналист, ёзувчи, публицист, таржимон ва жамоат арбобиниг асарлари бирма-бир тилга олинди. Унинг «Амунинг зар кокиллари», «Кумуш камар», «Гўзаллик рамзи» очерклар тўпламлари, «Тоғлар табассуми», «Тоғ гўзали», «Ҳижрон», «Эътиқод» қиссалари, «Олтин қум», «Сўнгги бархан» романлари, шунингдек, француз адиби Жюль Верннинг «Сув остида 80000 километр», Вадим Кожевниковнинг «Пешин чоғи кунгай томонда», Қилич Қулиевнинг «Қора карвон» романлари таржимаси ҳақида фикр юритилди. Адиб хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

Мирзо АНВАР,

фахрий журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: