Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
28.05.2019

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб, Пойтахтимизнинг Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев сўзга чиқиб, Озод Шарафиддиновнинг ўзига хос ибратли фазилатлари, ижод ва ижодкорларга талабчанлиги ҳақида гапиришди.

Дарҳақиқат, кўп бор таъкидланганидек, Озод Шарафиддинов ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ирода ва матонати билан юртдошларимизга, авваламбор, ёшларимизга ибрат бўлган том маънодаги маърифатпарвар инсон эди.

Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров устоз Озод Шарафиддиновнинг буюк китобхон, адабиётга фидойи ижодкор бўлганини мисоллар асосида ҳикоя қилди. Чўлпон, Фитрат каби маърифатпарварлар ижодини ўрганиш ва тарғибот қилишдек машаққатли ишларни сидқидилдан бажаргани, шунингдек, «Жаҳон адабиёти» журналида дунёнинг энг нодир асаларини таржима қилиб, нашр эттирганини алоҳида таъкидлади.

Адабиётшунос олим Баҳодир Каримов эса Озод Шарафиддинов билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди:

— Талабалик йилларимизда бу инсон бизга ўзбек адабиётидан дарс берарди, – деди у.

— Кўп шоир, ёзувчилар ижодидан қизиқарли маърузалар ўқирди. Энг муҳими, устознинг фанидан беш баҳо олганман. Озод ака ҳақиқатни, адолатни севарди. 1997 йилда «Жаҳон адабиёти» журналига Бош муҳаррир бўлганида унинг шахс сифатидаги фазилатлари мени лол қолдирган. Озод Шарафиддинов жамиятга, адабиётга нисбатан лоқайд бўлмаган инсонни қаттиқ ҳурмат қиларди, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқатни ёқлайдиган одамнинг ёнида бўларди. Хиёнатни, гапи амалга тўғри келмайдиган одамларни мутлақо ёқтирмас эди. Бу буюк қалб эгасининг китобларини доим ўқиб бориш керак. Шундагина, Озод Шарафиддинов билан суҳбат қургандек, устознинг овозини эшитгандек бўламиз.

Озод Шарафиддинов ҳаётининг бош мавзуси Ватанга муҳаббат, унинг олдидаги фарзандлик бурчини ҳалол адо этиш эди. У бир умр шу эътиқод билан яшади. «Ватанга муҳаббат Онага муҳаббат каби муқаддас ва юксак туйғу. Онага муҳаббатнинг шундай бир ўзига хослиги борки, одам бу туйғуси ҳақида оламга жар солиб, ҳаммани воқиф қилавермайди. Ҳатто онасининг ўзига ҳам ҳар куни «Онажон, мен сизни жонимдан ортиқ кўраман», деявермайди», деб таъкидлаган эди устоз мақолаларидан бирида.

Тадбирнинг сўнггида Озод Шарафиддинов ижоди, ҳаёт йўллари ҳақида «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан «Замонлар оша замондош» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди, адибнинг турмуш ўртоғи Шарофатхон аянинг хотиралари жасоратли ва матонатли ижодкор тўғрисидаги тассуротларимизни янада бойитди.

Бир сўз билан айтганда, Озод Шарафиддинов умри давомида кўплаб асар, мақола, эссе, адабий-танқидий материаллар яратдики, бу биз учун битмас – туганмас хазина бўлиб қолди. Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор «Озод Шарафиддинов адабиёт илмига, аниқроқ айтганда, адабий танқидчиликка ёниб кирди ва ҳозиргача мана шу фазилатини сақлаб қолди», деганларида ҳақ гапни айтган эдилар.

Тадбир якунида ижод, ҳаёт, шукроналик руҳидаги куй-қўшиқлар янгради.

 

Чўлпоной АХМЕДОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: