21.05.2019

АМАЛИЙ ҲАРАКАТГА АЙЛАНАЁТГАН ТАШАББУСЛАР

Кейинги икки ярим йилдан зиёд вақт мобайнида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар туфайли янги-янги ташаббуслар, дастур ва режалар фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Халқимиз кўнглидаги орзу-интилишлар ифодаси бўлган бундай эзгу ҳаракатлар ҳаётимизни сифат жиҳатидан бутунлай ўзгартиришга хизмат қилмоқда. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла», «Ёшлар – келажагимиз», «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурлари, жойларда аҳоли билан мунтазам ўтказиб келинаётган жонли мулоқотлар, сайёр қабуллар, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар – буларнинг барчаси тарихан қисқа муддатда ислоҳотларимизга улкан ҳаётбахш қудрат бағишлагани, ҳақиқатан ҳам, ўзига хос феномен, яъни ноёб ижтимоий ҳодисадир. Энг муҳими, юртимизда бошланган бу мислсиз янгиланишлар тобора жадал тус олмоқда. Президентимиз томонидан Сирдарё вилоятида илгари сурилган бешта муҳим ташаббус фикримиз исботидир. Бу ташаббуслар Ўзбекистонда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси марказида инсон, халқ ва давлат манфаатлари ўзак ва бош ғоя, устувор мақсад бўлиб тургани ва бизни улкан амалий ишларга ундаётганини яна бир бор яққол тасдиқламоқда.

«Ташаббуснинг қаноти бор», деган ҳикматли нақл устида чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бугунги ҳаётимиз мисолида кўп ҳақиқатларни англаб етамиз. Чиндан ҳам, бутун эл-юртимиз манфаатларини инобатга олиб, ўртага ташланган бу ташаббуслар бугунги кунда юртдошларимиз қалбида акс-садо бермоқда, уларни янада катта бунёдкорлик ишларига чорламоқда. Қисқа муддатда ана шу бешта ташаббус бўйича муайян ижобий тажрибалар пайдо бўлди ва айни вақтда уларни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати туғилди.

Биринчи ташаббус — ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади. Иккинчи ташаббус — ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Учинчи ташаббус — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган. Тўртинчи ташаббус — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Бешинчи ташаббус — хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Агар бу ташаббусларнинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳар бир инсон манфаатларига янада аниқ ва самарали ёндашиш етакчи ўринга чиқаётганини кўрамиз. Айниқса, ёш авлодни маънавий, жисмоний жиҳатдан уйғун ривожлантириш борасидаги ишлар тобора аниқ ва амалий кўринишга эга бўлиб бораётгани, умумий стратегик вазифалардан конкрет ва натижадор ишларга ўтилаётгани диққатга сазовордир.

Ана шундай ташаббуслар туфайли ҳаётимизга «Маърифат карвони», «Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан», деган янги қадриятлар кириб келмоқда, китоб павильонлари, «Библиобус»лар, ёшлар китобхонлик танловлари, хотин-қизлар ижтимоий меҳнат билан банд бўлиши учун замонавий корхоналар ташкил этиш давлат миқёсидаги сиёсатга айланмоқда. Тасаввур қилинг, «Маърифат карвони» лойиҳаси доирасида бадиий, маърифий, ижтимоий мавзуларда китоблар чоп этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда китоб етказиб бериш вазифаси белгиланди. Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман ва шаҳар маданият марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Ташаббускор, истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва «Ёшлар клублари» ташкил этиш масалалари кун тартибига қўйилди.

Барчамиз ҳаёт тажрибасидан яхши биламиз, китоб бу — билим манбаи, китоб бу — тарбия, китоб бу — мафкура, дунёқараш, китоб бу — ватанпарварлик ва бошқа эзгу фазилатлар, ҳис-туйғуларни камолга етказадиган таъсирчан манба, ёшларни тўғри йўлга бошлашнинг ишончли воситасидир. Шунинг учун юқорида зикр этилган акция ва тадбирларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг келгусидаги маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилгандир. Бир миллион нусхадаги китоб – ёш қалбларга қадаладиган бир миллионта эзгулик уруғи, десак, хато бўлмайди.

Кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган педагог сифатида таълим тизимида аниқ ҳаётий мисоллар асосида ўтиладиган амалий-кўргазмали машғулотларнинг аҳамиятини биз ўз шахсий тажрибамиздан яхши биламиз. Айниқса, гуманитар фанлар, хусусан, тарихни ўқитишда бунинг аҳамияти беқиёсдир. Чунки тарих ҳаётда бўлиб ўтган воқеаларнинг шарҳи, тафсилоти, бугунги ва эртанги кун учун муҳим хулосалар чиқарадиган фандир. Шу маънода, Президентимиз томонидан билдирилган фикр — муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр тарзда ўтказилишини ташкил этиш ташаббуси илмий-методик жиҳатдан жуда муҳим таклифдир.

Ҳозирги кунда Интернет, айниқса, унинг «энг қайноқ нуқтаси» бўлган ижтимоий тармоқлар орқали бўлар-бўлмас гаплар тарқатилаётгани, ёшлар ҳам билиб-билмасдан ана шу жараёнларнинг иштирокчиси, истеъмолчиси бўлиб қолаётгани барчамизни ташвишга солади. Албатта, бу борада «Ижтимоий тармоқлар зарарли», «Интернетдан фойда йўқ» деган гаплар билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Энг маъқул йўл —Интернетдан қандай тўғри ва нафи тегадиган тарзда фойдаланиш учун имкониятлар яратишдан иборат. Фақат шу йўл билан ёшларда Интернет маданиятини шакллантириш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги кўрсатмалари айнан шу мақсадга қаратилгандир. Мажлисда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳарларда ва туманлар марказида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида бизнес бўйича инновацион кўникмалар шакллантирилади, стартап лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади. Вазирликка 2021 йилгача барча мактаблардаги компьютер синфларини замонавий технологиялар ва юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Ҳақиқатан ҳам, ёшлар Интернетдан фойдаланиш кўникмасини кўча-кўйда эмас, балки мактабда, махсус тайёргарликка эга бўлган ўқитувчи ва мутахассислар ёрдамида эгалласа, бу жараён таълим масканларидаги умумий ўқув-табия ишларининг узвий бир қисми сифатида олиб борилса, албатта бунинг фойдаси ҳам самарали бўлади.

Шунингдек, йиғилишда ташаббускор тадбиркорларни жалб қилган ҳолда компьютер ўйинлари марказларини ташкил этиш, уларда болалар ва ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тест, викторина, ривожлантириш стратегиялари ва бошқа фойдали дастурлар бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз раислигида бўлиб ўтган селектор йиғилишида ёшларни жисмоний жиҳатдан тарбиялашнинг муҳим шарти бўлган жисмоний тарбия ва спортни улар ўртасида оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада бошқа кўпгина масалалар қатори олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сэндвич-панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари барпо этиш учун ер ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби долзарб вазифалар бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Президентимизнинг бу ташаббусини ҳисобга олиб, мактабгача таълим муассасаларида ҳамда ўрта мактабларда, ҳатто институт ва университетларда ҳар куни олиб борилаётган барча дарсларнинг ўрта қисмида бир-икки дақиқалик енгиллаштирилган «жисмоний тарбия паузасини» ўқувчилар ўртасида амалда қўллаш мақсадга мувофиқдир. Чунки дарслар давомида кўпчилик ўқувчилар ва талабаларнинг толиқиши яққол сезилади. Бундай ноанъанавий тадбирларни қўллаш орқали ўтилаётган дарсларнинг самарасини ошириш мумкин. Мутахассис олимларнинг фикрича, дарс орасидаги бир-икки дақиқалик «пауза» орқали чуқур нафас олиш, қўлларни ва бармоқларни, бош қисмни ҳаракатга келтириш натижасида ёшларда дарсларни тинглаш, ёзиш, фикрлаш қобилиятлари кучаяди ҳамда дарсга бўлган иштиёқи ошади. Бундан ташқари, бу усулни профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ўртасида ҳам олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларнинг ишга бўлган муносабати ва иштиёқини сезиларли даражада ошишига аминмиз.

Барчамизга яхши аёнки, мамлакатимиз Конституциясида мактаб давлат ҳимоясида экани аниқ белгилаб қўйилган. Бинобарин, ёшлар тарбияси, уларнинг келажаги ва истиқболи ҳам давлат ҳимоясидадир. Шу нуқтаи назардан қараганда, нафақат ёшларнинг, балки бутун халқимиз ва мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ бундай вазифаларнинг айнан давлатимиз томонидан мувофиқлаштирилиб, изчил амалга оширилаётгани уларнинг натижадорлигини таъминлаш, ана шу ташаббуслар атрофида бутун жамиятни бирлаштириш, унинг куч ва имкониятларини ана шу эзгу мақсадлар йўлида сафарбар этишда улкан аҳамиятга эгадир.

Селектор йиғилишида хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди. Бу йўналишда худди илгаригидек рақамлар ортидан қувиб, номига иш ўрни яратиш эмас, балки чуқур ўйлаб, айнан опа-сингилларимиз, қизларимизга ҳар томонлама мос, муносиб меҳнат масканлари очишга эътибор қаратилаётгани муҳимдир. Шу мақсадда 2019-2020 йилларда барча туманларда сэндвич-панеллардан 195 та тикув-трикотаж корхонаси ташкил этиш белгиланган. Аҳоли зич яшайдиган, меҳнат ресурслари кўп масканларда шундай корхоналар ишга туширилиши натижасида 24 мингдан ортиқ доимий иш ўринлари яратилади. Табиийки, замонавий шароитда ишлаган хотин-қизларнинг фикри ҳам, дунёқараши ҳам, оилага, ўз фарзандлари тарбиясига муносабати ҳам бошқача бўлади. Яъни, ишламайдиган аёлларга қараганда, улар ҳар томонлама фаол ва ташаббускор бўлади.

Айни бир вақтда ишлайдиган аёллар учун алоҳида шарт-шароитлар яратиш тадбирларини ҳам унутмаслик керак. Бунинг учун болалар боғчаси, озиқ-овқат ва ярим тайёр маҳсулотлар дўконлари, хизмат кўрсатиш соҳасини, хуллас, улар учун инфратузилмани ҳар тарафлама тубдан яхшилаш керак.

«Ташаббус» деган сўзнинг замирида янги фикр ва таклиф билан майдонга чиқиш, янгиликни жорий этиш, деган маънолар билан бирга, одамларни ҳаракатга келтириш, ишлашга, яратиш ва бунёд этишга қизиқтириш, деган маънолар ҳам мужассам эканини яхши биламиз. Шу маънода, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг аҳамияти бениҳоя каттадир. Улар барчамизга, бутун халқимизга қаратилган ташаббуслардир. Бу ҳақиқатни чуқур англаб, уларни амалга оширишда фаол иштирок этиш барчамизнинг халқимиз ва келажагимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: