14.05.2019

101 ЁШЛИ ЛЕЙТЕНАНТ БОБО

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари сони йиллар ўтгани сайин тобора сийраклашиб бораяпти. Ана шундай инсонларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш мақсадида уларга катта эътибор қаратилмоқда.

Қизилтепа туманидаги Тошработ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан Иккинчи жаҳон урушига 200 нафардан ортиқ йигит сафарбар қилинган эди. Уларнинг кўпидан қора хат келди, кўплари бедарак кетди. Урушдан соғ-омон қайтган уч-тўрт нафар аскар сафида лейтенант погонини таққан Шукур Ҳамидов ҳам бор эди.

Тинч меҳнат йилларида Шукур ҳамма қатори уйланди. Фарзандлари камолини кўрди, тўйларини қилди. Ували-жували бўлди. Тўрт қизи, уч ўғлидан 90 га яқин невара, эвара, чеваралари бор. Икки йил олдин унга Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан имтиёзли тарзда енгил машина ажратилган эди. Бу йилги мукофот пулини шахсан ўзи олиб келган вилоят ҳокими мулозимлари билан уни табриклаб, совғалар топширди. Зум ўтмай дастурхонлар безатилиб, хонадон тўйхонага айланиб кетди. Бир томондан санъаткорлар даврага файз киритди.

Тадбир тугаб, давра сийраклашгач, биз Шукур бободан чарчаган-чарчамаганини сўраб, биргина саволни бердик, яъни нега уни «лейтенант бобо» дейишлари билан қизиқдик.

— 1938 йилда, 19 ёшимда мени ҳарбий хизматга чақиришган, — дейди Шукур бобо. — Хизматнинг иккинчи йилида Финляндия, Франция, Шарқий Пруссияни фашист босқинчиларидан тозалашда қатнашдим. Ҳарбий хизмат тугамасдан туриб уруш бошланди. Уйга қайтишга ҳам улгурмадим. Бизни уруш кўрган жангчилар сафида тўғридан-тўғри фронтнинг олдинги сафига ташлашди. Ленинград, Волгоград шаҳарларини мудофаа қилишда қатнашдим. 1942 йилда Киев, Минск, Ростов шаҳарларида бўлган жангларда қўлимдан қаттиқ ярадор бўлдим. Госпиталда икки ой даволандим. Соғайиб чиққанимдан кейин мени кичик ҳарбий командирлар тайёрлайдиган курсга юборишди. Тўрт ой ўқиб, аввал кичик лейтенант, кейин катта лейтенант унвонини олдим. Аввал взводга, кейин ротага командирлик қилдим. Ғалабани Кённисберг шаҳрида кутиб олдик. Кейин кўплар қатори менга ҳам уйга жавоб беришди.

Энг қизиғи, қишлоққа қатор-қатор орден-медаллар таққан ҳолда, лейтенант погони билан кириб борганимда бошланди. Мен ҳарбий хизматга кетганимда эндигина туғилган 7-8 ёшли болалар атрофимни ўраб олган, ҳаммалари «урушдан лейтенант бобо келаяпти», деб овоза қилишарди. Ўша вақтда уларга бобо бўлиб кўринган бўлсам керак-да! Маҳалладагилар уйларидан оёқ яланг югуриб чиққан, таниган-танимагани мени қучоқлаб йиғларди, мен ҳам уларга қўшилиб йиғлардим.

Энг фожиали томони, 1942 йилда оғир ярадор бўлганимда, уйга қорахат борган экан. Уйга ўз оёғим билан соғ-саломат кириб келганимни кўриб, ота-онам, қўни-қўшнилар ўша ернинг ўзида тўй бошлаб юборишди. Қаҳатчилик бўлишига қарамасдан, биров бир коса ун, биров ёғ, биров бир парча гўшт кўтариб келди, ҳамма хурсанд бўлди. Ўша-ўша мен «лейтенант бобо»га айландим, — деди Шукур бобо. — Ҳатто ҳозир баъзилар исмимни ҳам билишмайди, «лейтенант бобо» дейишса, Тошработда, Оқработда ҳамма танийди. Ҳозир 101 ёшга кирдим. Илоё, уруш бўлмасин, ер юзида тинчлик бўлсин. Бизларни эъзозлаган Президентимиз халқ хизматини қилиб, умридан барака топсин, — дея бобо қўлини дуога очди.

Шу лаҳзада мутафаккир шоир Носир Хусрав Деҳлавийнинг қуйидаги фарди ёдимга тушди:

Кексага кўмак бер, суянган тоғинг,

Уни тушунасан қариган чоғинг.

 

Эргаш АТОЕВ,

журналист, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: