14.05.2019

«ЭРОНУ ТУРОН НАЗМУЛ-ЖАВОҲИРИ»

«Жаҳон адабиёти дурдоналари» рукни билан форс-тожик тилидан Олимжон Бўриев таржимасида нашр этилган ана шу номдаги китобда (Тошкент. «Ўзбекистон», 2018 йил, 208 бет.) улуғ алломалар — Абу Абдулло Рўдакий, Ибн Сино, Фирдавсий, Умар Хайём, Шайх Камол, Бадри Чочийдан то ҳозирги Тожикистон халқ шоири Мўмин Қаноатгача, жами 95 шоир ижоди намуналари жамланган.

Китоб муқаддимасида академик Азиз Қаюмовнинг улуғ мутафаккир Абдураҳмон Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо» ҳамда «Лайли ва Мажнун» асарлари таржимасига ёзган сўзбошиси берилган.

Тарихий манбаларга кўра, Мовароуннаҳрда эл тинч, юрт обод, халқлар тотувлиги таъминланган даврда ижтимоий юксалиш кузатилган, илм-фан, адабиёт равнақ топган. Шу асосда «Олтин давр» ёки «Ислом ренессанси» (1Х-Х аср) майдонга келган. Ғазнавийлар, темурийлар, ундан кейинги бобурийлар даврида ҳам ўзига хос ренессанс кузатилган.

Алишер Навоий ўз тазкираси — «Мажолис ун-нафоис»да барча форсийнавис адиблар асарини айнан (таржима қилмасдан) келтирган. Ҳолбуки, Навоий учун уларни ўзбек тилига ўгириш қийин эмас эди. Эндиликда форс-тожик тилидан ўгирилган нарсани (ҳаттоки таржимон номини ҳам тилга олмасдан), масалан, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўзбек тилида тақдим этиш расм бўлиб кетгани кишини ҳайратга солади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Душанбега ташрифи чоғида Борбад қасридан олам аҳлига қарата: «Тожикистон истиқболи бу — Ўзбекистон тақдири! Ўзбекистон истиқболи бу — Тожикистон тақдири!» деб икки халқ ўтмишда бири-бирига суянчиқ бўлиб, муштарак маданият яратганлиги, дунёда бўлак икки тилда сўзлашадиган бир халқни топиш қийин эканига урғу берган эди. Бу икки халқ бир илдиздан чиққанлиги ҳақида минг йил аввал Фирдавсий ўз «Шоҳномаси»да кўрсатган. Маро хешист бо ў, ба хун, деган эди.

«Шоҳнома»дан сабоқ олган, ўзбеку тожик битта элат эканига инонган «Фоний» (Ҳазрат Навоий) тожику ўзбек ўртасидаги яқинликни бир-бирини ҳимояловчи кўз билан киприкка ўхшатган.

Нигори турку тожикам, кунад сад хона вайрона,

Ба он чашмони тожиконаю мижгони туркона...

Бу байт фалсафаси шундаки, Оллоҳ киприкни кўз қорачиғини асраш учун яратган. Шундан келиб чиққан шоир мажозий образ орқали ўзбек-тожикни назарда тутган.

 Ота-боболаримиз мактабу мадрасаларда билимни аввал Қуръондан бошлаб, вақти келганда «Ҳафтияк», «жангномахонлик» ва «бедилхонлик» қилишган. Қийин даврларда улар биргалашиб зулматдан зиё излашган.

Бухорода Амир Абдулаҳадхон даврида ташкил топган «Шуубия» (халқона) адабий ҳаракат аъзоларидан Айний, Фитрат, Садри Зиёдек алломалар Аҳмад Дониш ёққан маърифатпарварлик чироғи билан «Ёш бухоролик» гуруҳ аъзолари йўлини ёритиб, «жадидлар»ни майдонга чорлаган. Натижада Беҳбудий, Фитрат, Авлонийдек алломалар бирлашиб, Ўрта Осиё халқини зулматдан зиёга чиқаришган.

Беадад шукрки, мустақилликнинг биринчи одимлари ман этилган китобларни қайта нашр этиш, қўлдан кетган қадриятларимизни тиклашдан бошланиб, бу йўлда кўп ишлар бажарилди. Аммо мумтоз адабиётдан 70 йил фойдаланмаганлигимиз саводхонликка ёмон таъсир қилгани боис, қадимий адабиётда, Навоий асарларида ишлатилган юзлаб сўзлар биз учун «нотаниш» бўлиб қолди. Архаистик матнларни ўқиб, янги имлога ўтказишимиз қийинлашди.

Олимжон Бўриев она тили – ўзбекчани, тожик тилини ҳам мукаммал билади. Шунинг учун таржималарида ўша давр нафаси, мумтоз шеъриятдаги нафислик, шеър мазмуни бутунлигича сақланган.

Мисол учун, Рўдакийнинг тарихий «Бўйи Жўйи Мўлиён» ғазалини олиб қарасак, у ўзига хос оҳангдор, қанчалик содда ва равон туюлмасин, чуқур фалсафага эга. Соддагина туюлгани баробарида мураккаб маънони ичига олган ғазални бошқа тилга ўгириш таржимонга осон кечмаслиги тайин. Бу ғазал Олимжон Бўриев таржимасида гўёки осонгина ўгирилгандай туюлади.

Бўйи жўйи Мўлиён келгай ҳаме,

Ёди ёри меҳрибон келгай ҳаме.

Реги Омуси дағалликларида,

Зери по чун парниён келгай ҳаме.

Оби Жайҳун қанча улкан бўлмасин,

Отимизга то миён келгай ҳаме.

Эй Бухоро шод бўлгин, кўп яша,

Мир сендан шодмон келгай ҳаме.

Мир моҳдиру Бухоро осмон,

Моҳ сўйи осмон келгай ҳаме...

(7-бет)

Бу таржимада вазн бузилмаган, байтлар мазмуни Рўдакий ёзган қолипда. Таржимада форсий шаклида қолдирилган барча сўзлар аллақачон ўзбек шеъриятида ўз жойини эгаллаган, деб билсак, бу таржима мумтоз ўзбек шеърияти меъёрида эканига ишонч ҳосил қиламиз.

 

Маъруф ОТАХОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.