08.04.2019

«ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИГА ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ АЛОҲИДА ЭЪТИБОРИ ЭЪТИРОФГА САЗОВОР»

ЖИЛЛ ФАРИНГТОН, БУТУНЖАҲОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТАШКИЛОТИНИНГ ЕВРОПА ҲУДУДИЙ ИДОРАСИ ЕТАКЧИ РАҲБАРИ:

«ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИГА ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ АЛОҲИДА ЭЪТИБОРИ ЭЪТИРОФГА САЗОВОР»

...Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2019 йил 11 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф-хатарларни эрта аниқлаш борасида Самарқанд давлат медицина институти профессор-ўқитувчилари зиммасига бир қатор долзарб вазифалар юклатилган эди...

Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ҳамда «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат медицина институти ректори, профессор Азамат Шамсиев ташаббуси билан Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва диагностикаси, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш мавзуларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманни Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эркинжон Турдимов очди ва конфренция ишига муваффақиятлар тилади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудий идораси, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, назорат қилиш ва қарши курашиш дастури етакчи раҳбари Жилл Фарингтон, мазкур ташкилотнинг Ўзбекистондаги бош вакили Лианн Куппенс, ҳамда ташкилотнинг Ўзбекистондаги миллий вакили Елена Цой, Россия колопроктология ўқув маркази директори, Россия фанлар академияси мухбир аъзоси Юрий Шелигин, Москва давлат медицина стоматология университети профессори Элвира Зимина, Москвадаги Вишневский номидаги хирургия маркази катта илмий ходими Мадина Қодирова ҳамда СамМИ профессор-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.

 

Жилл ФАРИНГТОН, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудий идораси етакчи раҳбари:

— Халқ саломатлигига Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори эътирофга сазовор. Ўзбекистонда давлат томонидан даволаш профилактика муассасаларининг жаҳондаги энг ривожланган мамлакатларнинг нуфузли компанияларида ишлаб чиқарилаётган энг сўнгги русумдаги янги замонавий, самарали ташхис ва даволаш ускуналари билан таъминланаётганлиги, бир қатор халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мазкур омиллар халқингиз саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг жисмоний фаоллик даражасини ошириш, одамларнинг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш борасида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги йўлида сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламдаги амалий ишлар алоҳида таҳсинга сазовор. Юртингизда медицина соҳасидаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи янада ошганлиги кузатилмоқда.

Самарқанд давлат медицина институти томонидан ташкил этилган конференция муҳим масалаларга бағишлангани билан алоҳида аҳамиятга эга. Анжуманни юқори даражада ўтказилишида институт профессор-ўқитувчиларининг хизматлари катта эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз деб ўйлайман. Мени ҳайратлантиргани мазкур институтда ўқув жараёни мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб таълимнинг илғор усули кредит-модуль тизими асосида олиб борилаётгани бўлди.

Биз кейинги фаолиятимизда ҳам Самарқанд давлат медицина институти билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Бу ҳақда ректор Азамат Шамсиев билан келишиб олдик.

 

Юрий ШЕЛИГИН, Россия колопроктология ўқув маркази директори, Россия фанлар академияси мухбир аъзоси:

— Марказий Осиёда биринчи бўлиб ташкил этилган Самарқанд давлат медицина институти профессор-ўқитувчиларининг жаҳон, шу жумладан унинг ажралмас бир қисми ҳисобланган Ўзбекистон тиббиёти тизими учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаб бераётганлигидан яхши хабардормиз ва мазкур нуфузли институт билан ташҳис ва даволаш ҳамда илмий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Самарқанд давлат медицина институтининг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро илмий амалий конференция соғлиқни сақлаш тизими олдида турган долзарб масалалардан бири — юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва диагностикаси, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш мавзуларига бағишланганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Елена ЦОЙ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги миллий вакили:

 Мазкур нуфузли илмий-амалий анжуман Самарқанд давлат медицина институтида ўтказилаётгани бежиз эмас. Сабаби мазкур даргоҳ профессор-ўқитувчиларининг жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш, тўғри овқатланиш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва диагностикаси, таълим жараёнларида ноанъанавий усуллардан фойдаланиш, таълим самарадорлигини ошириш, дарс жараёнларида янги самарали инновацион усулларни қўллаш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш,янги замонавий ташҳис ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш, даволаш профилактика муассасаларига юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамияти касб этади.

 

Мадина ҚОДИРОВА, Москвадаги А.Вишневский номидаги хирургия маркази катта илмий ходими:

— Анжуман мавзусининг долзарблиги, шунингдек, кўплаб хорижлик экспертлар таклиф этилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бугун мазкур муаммолар бутун дунёни ўйлантираётгани айни ҳақиқатдир. Самарқанд давлат медицина институти томонидан Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда мазкур илмий-амалий конференцияни ташкил этилиши кўпчиликка ибратдир. Институт профессор-ўқитувчиларининг Самарқанд вилоятининг узоқ ва чекка туманларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом овқатланиш борасида олиб бораётган ишлари диққатга моликдир. Халқ саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилаётган бундай эътибор ва ёндашув албатта фуқароларнинг ўртача умр кўриш даражасини янада ошириш имконини беради.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.