Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
08.04.2019

«МЕҲР-МУҲАББАТГА ЛОЙИҚДИР АСЛИ – МЕҲРУ МУҲАББАТНИ ҚАДРЛАГАН ЗОТ»

Тоғнинг пурвиқорлиги ундан узоқлашганинг сайин юксалиб, бутун бўйи-бастини кўрсатиб боравергани сингари ҳаётда шундай инсонлар бўладики, бу ёруғ дунёни тарк этиб кетганидан сўнг, вақт ўтавергани сайин улар қадр-қиммати, улуғворлиги юксалиб бораверади. Мустақил Ўзбекистон давлати мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ана шундай суюкли сиймолардан саналади, шубҳасиз.

Дарҳақиқат, устоз шоир Абдулла Ориповнинг бутун ҳаёти ва ижоди ўзбек халқининг дарди, армонлари, орзу умидлари, қувончлари билан чамбарчас боғланган эди. У халқ дарди куйчиси эди, бу дардни алам, дард, исён билан ёзарди, ёниб-ёниб ёзарди. Унинг асарлари рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб тилларга таржима қилинган.

Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Япония Сока университети профессори, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати эди.

Ҳар йили 21 мартда халқимиз Наврўз байрамини нишонлайди. Шу куни кўплаб ижодкорлар Абдулла Ориповнинг Дўрмондаги уйига ошиқарди, эрталабдан кечгача бу уйдан меҳмонлар қадами узилмасди. Чунки шу куни улуғ шоиримизнинг туғилган куни эди.

Бу баҳор ҳам шундай бўлди, шогирдлар, яқинлар Абдулла Ориповнинг хонадонига келиб, устозни хотирлашди, шеърхонликлар бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Академиясида ҳам Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди. Курсантлар ва офицерлар буюк шоир ҳақидаги хотираларни катта қизиқиш билан тинглашди.

 

«Фаввора фильм» киностудияси таъсисчиси ва продюссери Келдиёр Хўжаёров:

— Барча буюк инсонлар каби Абдулла Орипов ҳам мураккаб, шу билан бирга, ўта шарафли умр йўлини босиб ўтди. Унинг кенг мушоҳадали ва «тиғи» ўткир шеърлари Ватанга нисбатан чексиз муҳаббат, юртдошларига самимият, Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига мустаҳкам ишонч туйғулари билан лимо-лим эди. Тўғриси, биз ҳали бу инсон орамизда кўп яшайди, деб бироз бепарволик қилгандекмиз, назаримда... Биз тадбирга шоиримизнинг 75 ёшлик юбилейида ёзиб олинган видео тасвирни намойиш этиш учун олиб келганмиз...

Ушбу тарихий лавҳалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Алишер Назар:

— Бундай хотиралардан киши ўзига яраша сабоқ олади. Аслида қобилиятнинг 90 фоизи меҳнат ҳисобланади. Мен устоз тўрт қатор шеърни қайта-қайта ёзиб, сўнг маромига келган бўлса-да, уни йўқ, менга ёқмади, деганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Мисол учун, халқимиз орасида машҳур, санъаткорлар мароқ билан куйлайдиган «Сен баҳорни соғинмадингми» шеъри қайта-қайта ёзилган бўлсада ундан кўнгли тўлмай, ташлаб қўйган экан. Бу шеърни устоз Озод Шарофиддинов кўриб қолиб, чоп эттирган экан. Ҳа, Абдулла Орипов бир миттигина шеър устида соатлаб, кунлаб, ойлаб тер тўкиб ишлайдиган ижодкор эди...

 

Абдулла Ориповнинг тўнғич фарзанди, тиббиёт фанлари номзоди Шоирахон Орипова:

— Отам ўз халқини, туғилиб ўсган юртини чексиз меҳр билан севиб яшади. У ўзини бу халқдан, бу юртдан айро ҳолда тасаввур қилолмасди. Маълумки, ҳаётларининг сўнгги йилларида хасталаниб қолдилар. Лекин шунга қарамасдан, сўнгги нафасгача ижодни тўхтатмадилар.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди, вафот этишларидан бир неча соат аввал, иккала билаги «каппелница»га уланган бўлишига қарамасдан, кўнгилларига қуйилиб келаётган шеърларни шивирлаб айтишга уринардилар. Биз отамнинг оғиз қимирлашларини диққат билан кузатиб, фикрларини қоғозга туширардик, сўнг у кишига ўқиб эшиттирардик, сатрлар тўғри ёки нотўғрилигини имо-ишоралар билан тасдиқлаб турардилар...

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Академияси тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Даврон Усмонов:

— Бутун умр халқ дарди билан яшаган, унинг озодлиги-ю ободлигини, мустақиллигини куйлаб ўтган севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг юксак ватанпарварлигидан биз ҳарбийлар ибрат олмоғимиз керак, деб ўйлайман. Биз ҳар тонг унинг қаламига мансуб бўлган давлатимиз мадҳиясини айтиб, иш бошлаймиз, мадҳияни айтиб, осуда юртда тинч уйқуга кетамиз. Шубҳасиз, бу ёруғ олам бор экан, дунёда тириклик мавжуд экан, Мустақил Ўзбекистон бор. Мустақил Ўзбекистон бор экан, Абдулла Орипов номи, ижоди халқимиз қалбида яшайверади.

Шунингдек, ёзувчи Луқмон Бўрихон, «Ўзбекистон овози» газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов суюкли шоиримиз билан боғлиқ хотираларини ҳикоя қилишди, курсант Азизбек Исмоилов эса Абдулла Ориповга бағишланган шеърини ўқиб берди.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.