Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
02.04.2019

2022 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН АҲОЛИСИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛАДИ

Миллий матбуот марказида Давлат статистика қўмитаси «Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тартиби ва уни ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда республикамиз ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш дастлаб 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари ХIХ аср охирида Ўзбекистондаги оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам бергани таъкидланди. Шунингдек, ушбу дастлабки аҳолини рўйхатга олиш тадбирида республикамизда 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли қайд этилгани ҳамда кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилгани тўғрисида маълумотлар берилди.

— 2022 йилда Ўзбекистон аҳолисини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади, — дейди Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев. — Охирги марта аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1989 йилда ўтказилган бўлиб, 19,9 миллион аҳоли рўйхатга олинган. Мустақиллик йилларида аҳолини демографик рўйхатга олиш тадбири амалга оширилмаган. Ҳозирда аҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Рўйхатга олиш ишлари 3 босқичдан иборат бўлиб, айни вақтда унга тайёргарлик кўрилмоқда. Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, аҳолини рўйхатга олиш жаҳон стандартлари асосида ўтказилади. Шунингдек, рўйхатга олиш тадбирларида аҳолининг демографик кўрсаткичлари, миллати, ёши, саломатлиги, лавозими, қайси транспортдан фойдаланиши каби белгилари ҳам ҳисобга олинади. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга олиш тадбирини амалга оширишда иштирок этганларга қайси ташкилот ёки идорада ишламасин, уларнинг маошларига қўшимча тўловлар ажратилади.

— Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тадбири нимага керак деган, савол туғилиши табиий, — дейди Давлат статистика қўмитасининг Демографик кўрсаткичларни шакллантириш ва таҳлил этиш бўлими бошлиғи Шерзод Дуснаев. — Бунга жавобан шуни айтиш мумкинки, маълум бир санада аҳолининг аниқ сони, ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик аҳволи, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, бандлиги (касб ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумотлар шакллантирилади. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат ва истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари) ишлатилади.

Яна шуни айтиш мумкинки, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ҳамда болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида фойдаланилади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар ҳам шакллантирилади. Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритишга хизмат қилади. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар томонидан амалга ошириладиган таҳлиллар учун кенг қамровли ахборотлар манбаи ҳисобланади. Қолаверса, урбанизация жараёнларига аниқлик киритилади.

Тадбирда айни дамдаги аҳоли рўйхати хато бўлиб чиқиши эҳтимоли борлиги, яъни Ўзбекистон аҳолиси 33 миллиондан кўп ёки кам бўлиши мумкинлиги ҳамда БМТ тавсиясига кўра, аҳолини рўйхатга олиш тартиби ҳар 10 йилда ўтказилиши лозимлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: