Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
02.04.2019

ИШБИЛАРМОНЛИК МАКТАБДАН БОШЛАНАДИ

Болалар нималарни орзу қилишмайди, дейсиз?! Яхши ният эса албатта эзгуликка етаклайди. Илк ниятлар, илк қадамлар, барча орзу-ҳаваслар мактабдан бошланади. Буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишнинг пойдевори ҳам шу ерда шаклланади.

 — Яқин келажакда юртимиз «Ишбилармон Ўзбекистон» номини олгудек бўлса, унинг замирида ҳам ёшларимизнинг орзу-ҳаваслари рўёби мужассам бўлади, — дейди Тошкентдаги 201-мактаб директори Саодат Мирзакаримова. — Биз таълим муассасаларида илгари умуман қўлланилмаган лойиҳа устида иш бошладик ва уни «Ишбилармонлик мактабдан бошланади» деб атадик. Ғоямиз Чилонзор тумани халқ таълими бўлими томонидан маъқулланди. Ҳар бир синфда ўтказилган тадбир кучлиларни саралаб олишимизга имкон берди. Ота-оналар, маҳалла фаоллари таклиф қилинди. Танлов тўрт йўналиш, яъни »Ўзим чиздим», «Ўзим ясадим», «Ўзим ёздим» ва «Дастурхон тузаш санъати» бўйича ташкил этилди.

Азимжон Аҳмедов, 6-синф ўқувчиси:

— Кўрик-танловда мен ясаган безакли қутичалар юқори баҳоланиб, ғолиб бўлдим. Ёғочсозлик ҳунарига қизиқаман. Келажакда шарқ миниатюралари билан безатилган миллий мебеллар корхонаси очишни орзу қиламан.

Мунира Зиёвуддинова, 8-синф ўқувчиси:

— Сув-бўёқда мен чизган «Юртимда баҳор» манзараси кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Атоқли рассом Ўрол Тансиқбоевнинг асарлари менга жуда ёқади. Унга ўхшаб машҳур рассом бўлмоқчиман.

Моҳира Ғофурова, 8-синф ўқувчиси:

— «Ассалом Наврўз» иншосини тарих ва миллий қадриятларга боғлаб ёзгандим, биринчи ўринга лойиқ кўрилганидан хурсандман. Орзуим — келажакда Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш.

Болалар дастурхон тузашни ҳам ўрнига қўйишди. Катталарга хос меҳмоннавозлик кўрсатишди. Улар ўзлари тайёрлаган пишириқлар, қандолат маҳсулотлари, Наврўз неъматларидан кўк сомсаю чучвара, қатлама, варақи ва сумалакларни дастурхонга тортишди. Тадбирда ўқувчилар томонидан тайёрланган ижод маҳсуллари сотувга қўйилди. Қарийб тўрт юз минг сўмлик йиғилган маблағ ҳисобига мактаб кутубхонаси янги китоблар билан бойитилди. Энг муҳими, ҳаммада яхши таассурот қолдирган бундай тадбир яна давом этадиган бўлди.

 

Шаҳло ҲАКИМОВА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: