Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
02.04.2019

ОНА ВА БОЛА ЎЛИМИ

ўта ташвишли воқеа, тиббиёт тизими раҳбарларини оёққа турғазадиган фожиа

Одам жони оғриса, нажот истаб шифохонага боради. Тиббиётни «фанлар ичида энг олижаноби», деб атаган Гиппократ қасамини қабул қилган шифокор қўлига ўз ҳаётини ишониб топширади. Шифокорлар унинг дардига дармон, бошида парвона бўлади. Аҳоли саломатлиги йўлида садоқат билан фидокорона меҳнат қилаётганлар элнинг дуосини олади, касбидан барака топади.

Бироқ сўнгги вақтларда матбуотда, ижтимоий тармоқларда шифокорларнинг лоқайдлиги ва эътиборсизлиги, беморларга нотўғри ташхис қўйилиши ёки нотўғри муолажа қилиниши оқибатида ҳатто фожиалар юз бераётгани ҳақидаги ташвишли хабарлар кўзга ташланмоқда. Паркентлик Зилола Мирзабоева ҳам 24 ёшли қизи Дурдонанинг вафотига шифокорларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлган, деб ҳисоблайди...

Дурдона Аъзамова ҳомиладорлигининг еттинчи ойида тоби қочаётганини ҳис қилди. Онаси уни дарҳол шифокор ҳузурига олиб боради. 2018 йилнинг 4 июнь куни Паркент туман тиббиёт бирлашмасида гинеколог Умриниса Мирзалиева Дурдонанинг саломатлилигини текширувдан ўтказиб, уни сўнг аёлдан қон таҳлили топширишга жўнатади.

Агар гинеколог Умриниса Мирзалиева ўз вазифасига совуққонлик билан қарамасдан, келинчакни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб, қон таҳлилини кўриб чиққанида унинг гепатит касаллигига чалинганини ўз вақтида аниқлаган ва уни бартараф қилиш чораларини кўрган бўларди. Лекин у қон таҳлили жавобини олмасдан Дурдонага соғлиги жойида эканини айтиб, уйига қайтариб юборади.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Дурдонанинг кўнгли айнийди, қайт қилади. Иштаҳаси бўлмайди. Бундан хавотирланган қайнотаси Мирсиддиқ Толипов уни терапевт врач Мирзоҳид Пўлатов кўригига олиб боради.

– Қирқ йилдан буён тез ёрдам бўлимида фельдшер бўлиб ишлайман, – дейди Мирсиддиқ Толипов. — Келиним 4 июнь куни Умриниса Мирзалиева назоратидан ўтганлигини айтганди. Врач унга ваҳимага асос йўқлигини, ҳомиладорликда бир оз безовталик бўлиб туришини тушунтирган экан. Шу гапни эшитиб, кўнглим тинчланганди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, кечки вақт Дурдонанинг яна тоби қочиб қолди. Дарҳол шифохонага олиб бордим. Врач Мирзоҳид Пўлатов унга глюкозага аскорбинкани аралаштириб, осма укол қўйди. Ундан кейин церукал осма уколни қўйди. Шундан кейин биз яна уйга қайтиб келдик.

– Туманимиздаги туғуруқ бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайман, — дейди Дилафрўз Туропова. — Дурдона холамнинг қизи бўлади. У 13 июнь куни гинеколог Умриниса Мирзалиева қабулига борганди. Лекин, ўша куни шифокор йўқ экан. (Ажабо, гинеколог Умриниса Мирзалиева иш пайтида қаерда юрган экан?) Шунинг учун уни дарҳол туғруқ бўлимига олиб бордим. Чунки, ранглари анча сарғайиб, ҳолсиз бир аҳволда эди. Ўша кунги текширувларда уни гепатит касалига чалинганлиги аниқланди. Кейин Дурдонани бош инфекционист Қўшоқ Бековнинг олдига олиб бордим. У киши таҳлил жавобларига бир назар ташлаб қўйди-да, «ҳомиладорликда ранг кетиши табиий ҳол», деди.

Мен врачга анализ жавоблари Дурдонани гепатит орттирганини кўрсатаётганлигини айтдим. У киши яна такрор қон таҳлили топширишни маслаҳат берди. Шу куннинг ўзидаёқ биз Дурдона билан туманимиздаги хусусий клиникага бордик. У ерда ҳам анализ жавоблари гепатит касалига чалинганини кўрсатди. Кейин яна Қўшоқ Беков олдига қайтиб келдик. Таҳлил жавобларини кўрганидан сўнг у вилоят юқумли касалликлар шифохонаси врачига қўнғироқ қилиб, бемор юбормоқчилигини айтди. Хуллас, ўша куни Дурдона шошилинч тарзда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди.

– Қизим орадан бир-икки кун ўтиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан Чирчиқ шаҳридаги туғруқхонага кўчирилди, — дейди куйиниб Дурдонанинг онаси. — Жудаям оғир аҳволда эди, у ерда кома ҳолатига тушди. Шундан кейин жон берди. Мен қизимнинг вафотига шифокор Қўшоқ Беков, гинеколог Умриниса Мирзалиева, Мирзоҳид Пўлатов, ҳамшира Дилобар Сарбоеванинг масъулиятсизлиги сабаб бўлди, деб биламан. Бунга асосларим бор.

Умриниса Мирзалиева қизимни чуқур текширувдан ўтказиб, кейин қон таҳлилларини имкон қадар тезроқ олинишини назорат қилиши керак эди. Лекин у ўз касбий масъулиятига совуққонлик билан ёндашган, жони оғриётган ҳомиладор қизимнинг қандай касалликка чалинганини аниқламаган. Ҳамшира Дилобар Сарбоева қон таҳлили жавобини ўз вақтида олган, лекин бепарволиги сабаб, орадан 12 кун ўтгандан кейин уни шифокорга етказган.

Агар шифокорлар қизимнинг аҳволига ўз вақтида жиддий эътибор беришганида, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Чунки аҳволи дастлаб унча оғир эмасди. Энг ажабланарлиси, қизимнинг вафотидан бир оз вақт ўтиб, унинг касаллик тарихи варақаси туман тиббиёт бирлашмасининг рўйхатхонасидан ғойиб бўлганини билиб қолдим. Бу кимга керак бўлди, бекорга йўқолмаган бўлса керак?

Биз аёлнинг даъволари қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини билиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида бўлдик. Ҳамшира Дилобар Сарбоева қон таҳлили жавобини ҳақиқатдан ҳам шифокорга ўз вақтида етказиб бермаган экан. Айни жавоб олиниши керак бўлган куни у соат 11:00 да тоққа дам олгани чиқиб кетган экан. Ажабо, Дилобар Сарбоева иш кунида, бир инсоннинг ҳаёти қил устида турганида қон таҳлилини гинеколог Умриниса Мирзалиевага зудлик билан етказиш ўрнига кимдан рухсат сўраб тоғ сайрига чиқиб кетди экан?

Врач Мирзоҳид Пўлатов Дурдона Аъзамованинг 7 ойлик ҳомиласи бор эканини билса-да, унга гинеколог маслаҳатисиз, ҳомиласи бўлган аёлларга тавсия қилинмайдиган глюкоза осма уколини қилади. Инфекционист Қўшоқ Беков эса ҳомиладор беморни туғруқ бўлимига юбориш ўрнига вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жўнатади...

Воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳамма муаммо Дурдона Аъзамова гинеколог Умриниса Мирзалиева қабулига келганидан кейин бошланган. Борди-ю, шифокор Дурдонани текширувдан ўтказиб, унинг қон таҳлили жавобини ўз вақтида олишни ҳамшира Дилобар Сарбоевадан қатъий талаб қилганида, балки воқеалар бундай тус олмаган бўлармиди?! Айнан шундай лоқайдлик врач Мирзоҳид Пўлатов фаолиятида ҳам намоён бўлган.

Паркент туман тиббиёт бирлашмасида бўлганимизда шунча воқеалар бўлиб ўтганидан кейин ходимларга нисбатан қандай чора-тадбир кўрилганлиги билан қизиқдик. Қўлимизга 2018 йилнинг 6 август куни Дурдона Аъзамованинг вафоти муносабати билан бирлашмада ўтказилган йиғилиш баённомасини тутқазишди.

Ҳужжатга кўра, йиғилиш туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган экан. Унда бирлашма бошлиғи Ғ. Сирожиддинов, туман туғруқ бўлими бошлиғи С.Аъзамова, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича муовини Ж. Кидиралиева, бош инфекционист Қ. Беков, саломатлик маркази шифокори Ф. Шомирзаева ва яна бир қатор акушер-гинекологлар иштирок этган. Таклиф қилинганлар орасида туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Мақсудова ҳам бор экан.

Лекин йиғилиш баённомасида бизнинг суриштирувларимизда аниқланган ҳолатлар йўқ.

Сўзга чиққанлар умумий гапдан нарига ўтмаган. Масалан, акушер-гинеколог В. Носирова марҳуманинг оилавий аҳволи, илгари кўричак бўлганлигини, соматик касаллик бўйича «Д» назорати бўлмаганлигини, 2018 йилнинг 6 февраль куни мутахассислар кўригидан ўтганида тиббий анализлари нормада бўлиб, ҳомиладорлик кузатувига олинганлигини айтиш билан кифояланган.

Туман туғуруқ бўлими бошлиғи С. Аъзамова Дурдонани мунтазам кўрикларга келиб турганлигини, 4 марта кўрикдан ўтганида шикояти бўлмаганини айтган. Ҳомила 28 ҳафталик вақтида, яъни 13 июнь куни Дурдонада жиддий шикоятлари бўлганлигини маълум қилган.

Баённомада Дурдонанинг вафотига сабаб бўлган ҳолатлар аниқ таҳлил қилинмаган. Бу йиғилиш худди номигагина ўтказилганга ўхшайди. Шунингдек, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Мақсудова бу масалада умуман фикр билдирмагани кишини ажаблантиради. Нима, у расмиятчилик учун қатнашганми?... Ёки бўлган воқеа уни ташвишга солмаганми?

Баённомада нима учун ҳомиладор аёлга гинеколог консультацияси сутка давомида берилмаган, деган савол очиқ қолган. «Аёлга гепатит касаллиги қаердан юққан», деган ўринли саволга: «айтишларича, эрида гепатит бўлган», деб қайд қилинган.

Маълум бўлишича, марҳуманинг турмуш ўртоғи Миршавкат Аъзамов беш ёшида гепатат билан оғриган экан. Шифохонада 6 кун даволаниб, соғайиб чиққан. Аёлининг вафотидан кейин «касаллик турмуш ўртоғидан юққан», деган миш-мишларга чек қўйиш мақсадида 2018 йилнинг 16 июлида Республика вирусология марказига бориб, қон таҳлилини текширтирган. Ундан ҳеч қандай касаллик чиқмаган...

Энг қизиғи, баённоманинг қарор қисмида Паркент тумани амбулатор поликлиника хизматида участка патронаж хизмати талаб даражасида эмаслиги қайд қилинган. Ҳомиладор аёллар диспансер назоратига олингандан сўнг ўтказиладиган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар номигагина, «жуда саёз ва кўрикдан сўнг кўрик хулосалари ўтказилмаётгани» таъкидланган. Назоратни сусайтиргани, ишни тўғри ташкиллаштирмагани учун кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Олимжон Турсунқулов, умумий амалиёт шифокори Венера Носирова ва патронаж ҳамшираларини 30 фоиз жаримага тортиш белгиланган. Лекин унинг ижроси ҳам номаълумлигича қолган...

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июндаги қарорига мувофиқ Тиббиёт ташкилотлари врачларининг касбий фаолиятини ўрганиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унда субъектив сабабларга кўра, беморнинг соғлиғига жиддий зарар етказилган ёки ўлим ҳолати юзага келган бўлса, бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан врачнинг касбий фаолияти белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади. Баённомада эса булар ҳақида гап йўқ.

Субъектив сабабларга врач билими савиясининг етишмаслиги оқибатида беморнинг ҳолатини тўғри баҳолай олмаслик, мавжуд имкониятларга қарамасдан даволаш-диагностика стандартларига риоя қилмаслик, врач томонидан нотўғри тактика қўлланилганлиги, тажрибаси етишмаслиги ва бошқа шу каби ҳолатлар киради. Йиғилиш баённомасида буларга умуман эътибор берилмаган.

Кейинги икки йилда Президентимизнинг тиббиёт соҳасига оид 50 та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Шу билан бирга соҳа мутахассисларининг ойлик маоши 2018 йил 1 декабрдан 20 фоизга оширилди, жорий йилнинг 1 апрелидан яна 15 фоизга оширилди. Буларнинг барчаси албатта тиббиёт ходимларига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси. Бунга жавобан сидқидилдан меҳнат қилиб, халқимизни тиббий хизматдан рози қилиш ўрнига ўз вазифасига масъулиятсиз қараётган шифокорлар билан асло муроса қилиб бўлмайди.

Шифокорлик – машаққатли меҳнат, сабр-тоқат, матонат ва жасорат талаб қиладиган, инсоний туйғуларга йўғрилган касбдир. Шундай экан, тиббиёт тизимидаги шифокору ҳамширалар ҳалол меҳнат қилса, халқ меҳрини қозонади, дуо олади, савобга қолади. Акс ҳолда, қарғиш олади, гуноҳга ботади, қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

 

 Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири,

Абдусалим МАҲМУДОВ,

журналист.

 


ТАҲРИРИЯТДАН: Мамлакатимиз тиббиёти тизимида амалга оширилаётган катта ислоҳотларни, билимли, диёнатли, фидойи шифокорлар оз эмаслигини инкор этиб бўлмайди. Афсуски, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётган ёки билими талабга жавоб бермаётганлар ҳам борлиги аччиқ ҳақиқат.

Паркент туман тиббиёт бирлашмасида бўлган воқеа кишини қаттиқ ўйга толдириши, ҳушёр торттириши керак. 24 ёшга тўлган аёлнинг етти ойлик ҳомиласи билан нобуд бўлиши фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинмоғи, тиббиёт тизими раҳбариятини оёққа турғазмоғи зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу воқеа ўз-ўзидан содир бўлмаган албатта, унинг сабаблари, айбдорлари аниқланиб, тегишли жазосини олмаса, бундай фожиалар давом этаверади.



DB query error.
Please try later.