Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
26.03.2019

«КИТОБ СЕҲРИ ВА МЕҲРИ»

Яқинларимизнинг туғилган куни ёки тўйига, байрамларда нима совға олсам экан, деб ўйланиб қоламиз. Гулми, тақинчоқми, кийимми... Кейинги пайтларда совға ахтариб китоб дўконларига тушаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳа, китоб – энг яхши совға. Китоб – мукофот.

Адабиёт давлатлараро муносабатларда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модига китоб тақдим этди.

Умумиинсоний ғоялар мужассам бўлган ҳақиқий ижод намунаси, миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсон қалбида акс-садо беради, халқларни бир-бирига яқинлаштиради.

Яқинда бир мактабда «Китоб сеҳри ва меҳри» деб номланган адабий кечада ўқувчиларнинг саҳна кўринишлари намойишини мириқиб томоша қилдим. Китобхонлик бўйича кўрик-танлов ўтказилди, ғолиблар китоб билан тақдирланди. Ота-оналар ўзлари катта мукофот олгандай, фарзандлари ютуғидан қувонишди.

Бир йиғилишда таниқли профессор (ҳозир у академик) беш-олти журналистга халқаро ҳуқуққа доир иккита китобини туҳфа этди. Китоб солинган безакли картон қутиларни олиб, муаллифга миннатдорлик билдирдик.

Остона ҳатлаб аёлимга «Мукофот беришди», – дедим қўлимдаги қутини кўрсатиб.

– Муборак бўлсин, муборак бўлсин. Нима экан? – дея у қутини оча бошлади.

 Мен ҳозир унинг тарвузи қўлтиғидан тушади, деб ўйладим.

 Лекин у... китобларни қўлига олиб ўпди, кўзларига суртди.

– Нима қиляпсан? – дедим таажжубланиб, – ахир булар исломий китоблар эмас, яна, русчада бўлса...

– Нима бўлгандаям китоб нондай азиз, деди у.

Тўғриси, аёлимнинг китобга муносабатидан ич-ичимдан қувондим.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Фарғона шаҳрида бир неча китоб дўкони бор эди.

Айниқса, шаҳар марказидаги «Китоб дунё»си машҳур эди. Вилоятимиз марказига борсам, ҳамиша гавжум бўладиган бу дўконга кириб, янги китоблардан сотиб олиб, ўзгача кайфият билан чиқар эдим. Тақдир кейинчалик Тошкентга етаклади. Орадан ўн беш йилча ўтгач, Фарғонада бўлганимда, ўша маърифат даргоҳи ўзига тортди. Аста кирдим-у... бекорчиликдан нимадир тикиб ўтирган сотувчи аёллардан бошқа ҳеч кимни кўрмай, кўнглим хира тортди.

Туғилиб ўсган жойим – Сўх туманига келсам ҳам аҳвол шу. Туман марказидаги кутубхона аҳоли яшайдиган жойдан анча узоққа – дашту далалар билан ҳамҳудуд касб-ҳунар коллежи биносига кўчирилибди. Бир неча киши иш жойи ва маош билан таъмин-ку, китобхон анқонинг уруғи. Китоб дўконлари эса ўзини оқламай ёпилибди.

Ҳамма ўзини буюм бозорларига урган. Кутубхона ва китоб дўконлари ҳувиллаб қолганди.

Одамлар китобни узоқлашгани аччиқ ҳақиқат эди. Кўплаб шаҳарларда супермаркет, кафе, ресторан, дорихоналар очилди, китоб дўконлари эса камайиб бораверди. Газеталардан бирида ўқигандим: «Китоб дўкони» деган сўз ҳозирги бозор шароити атамалари ичида ғариброқ эшитилади». Бу кетишда нима бўлади, деган савол кўнгилни безовта қиларди.

Кўпчилик учун кутилмаганда 2017 йил 12 январда Президентимизнинг фармойиши қабул қилингач, вазият ўзгарди. Китобгина инсонни маънавий юксакликка олиб чиқиши мумкин, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Ҳақиқатан шундай. Китобдан бегона одамнинг камолоти бўлмайди.

Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Яна китобга юз тутдик – маҳаллалар ва таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ҳамда тарбиявий мазмундаги адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Китобга бўлган эътиборнинг ҳар қачонгидан ҳам кучайгани қалбимизни нурга тўлдиради.

Пойтахтимизнинг энг катта туманларидан бўлган Юнусободда ҳам бундан уч-тўрт йил илгари китоб дўкони деярли қолмаганди. Бугун биргина «Мегапланет» ичида, унинг атрофида бир неча китоб дўкони кишини оҳанрабодек ўзига тортади. «Обод маҳалла» дастури доирасида Юнусободдаги 13-мавзе, хусусан, Янгибоғ маҳалласи бошқача қиёфа касб этди. Янги қурилган ойнаванд бинолардан бири – маҳалла кутубхонаси.

Китобга меҳр қўйган инсон қалбида фақат яхшилик, эзгулик яшайди, меҳр-оқибат яшайди. Дунёқараши ўзгача, маънавияти юксак бўлади. Бу ҳақиқатни айниқса, ота-оналар яхши билиши, болаларини китоб ўқишга даъват этиши, уларга китоб совға қилишга одатланиши керак.

 

Муҳаммад ШОДИЙ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: