12.02.2019

БОЛАМ...

Бугун ишдан сўнг, жўралар билан улфатчиликни роса жойига қўйиб, кайфи чоғдан-чоғ бўлиб, билган-билмаган қўшиғини ўзича секин хиргойи қилиб, талтайиб, бир-бир босиб, шошмасдан уйига қайтаётган Юсуфбой йўл бўйидаги болалар боғчаси ёнидан ўта туриб, шодон қийқириб, югуриб чиқиб, ўзини ота-оналар бағрига отаётган болаларни кўриб, бирдан тақа-тақ тўхтаб, уларга қараган куйи туриб қолди.

Жажжи ўғил-қизларнинг «дадажон, отажон, аяжон» деган қувончли чорловлари қулоғидан кириб, кўнглига санчилди. Қанча турди, билмайди, кайфи тароқ бўлди, тиғ бўлиб юрагини тилиб ўтган биргина сўзи «Бола...а.а...м!» бўлди...

«Уҳ» торта-торта, ортга қайтиб тез-тез юриб борар манзили қўшни маҳалладаги, бундан етти йил бурун ўзи куёв бўлиб сузилмиш уй бўлди. Ўша уйга яқинлашган сари оёқлари судралиб, қуввати кетар бўлди. Дилида бот-бот такрорланмиш «болам-болам» сўзи собиқ қайнота-қайнонаси эшиги томон етакларди, манзилга етиб, қўли қалтираб, эшикни секин-аста урар бўлди.

Олтмишни қораламиш қайнонаси «Ким?», деб эшикни қия очиб, анча вақтдан буён қорасини кўрсатмаган собиқ куёвни кўриб, ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Секингина ийманиб айтган гапи «Келинг болам, келинг... сизга ким керак?», бўлди.

Юсуфбойнинг бир дам тили лол бўлди, «Болам, Юнусжонни..», деди, сўнг «бир кўрай, майлими», дея кўз ёши шашқатор бўлди.

Буни кўрган қайнонанинг ҳам кўнгли бузилмиш бўлди, лабини тишлаб-тишлаб, оҳиста айтари «Юнусжон аяси билан кетган-ку», демиш бир гап бўлди. Юсуфбойнинг бўғзидан «А..а..» деган товуш чиқиб, сўнг анграйиб, жон ҳолатда сўрагани «қаёққа, нега кетади?», деган савол бўлди.

Мулойимдан-мулойим қайнонаси, «Наилож тақдир экан, Ойимхолни турмушга бердик, эри билан келиб, болани олиб кетди», деган бўлди.

Юсуфбой бир бўзарди, бир гезарди. Сўнг собиқ қайнонасига қараб мўлтиради, «манзилини айтинг, болам... боламни бир кўрай», деди.

Қайнонанинг гапидан боласи аяси Ойимхол ва унинг турмуш ўртоғи билан ўзга юртга доимий яшашга кетгани аён бўлди. Юсуфбойнинг алами олти, ситами саккиз бўлди. Бола соғинчи-изтироб кўнглини ёмондан-ёмон куйдирар бўлди.

Ғамнинг юки оғирдан-оғир бўлди, мунғайиб туриб қолган Юсуфбой бирдан ўзини кичрайиб, қариб қолгандай сезди, энтикиб-ютоқиб нафас олар бўлди. Ўзини ўғлининг ўрнига қўйиб кўрди, «болам бугун кимга сиғинди, кимнинг кўзига мўлтираб қараб турибди?», деган савол кўкайини куйдирар бўлди.

Тополмай бир чора-илож уйига қараб судралиб борар Юсуфбой ўй суриб, охирги марта боласини қачон кўрганини эслар бўлди, унда ҳали Юнусжон эндигина беш ёшга қадам қўйган бўлиб, шўхдан-шўх, ширин бир бола эди. Орадан уч йил ўтибди...

Яна, ёдига келгани, аччиқ устида хотини Ойимхолнинг «жавобини» бериб, уйдан ҳайдаб чиқарганда, боласи «дада-дада», дея йиғлай-йиғлай онасига эргашиб кетгани, кейинчалик ота-онаси, маҳалла-кўй, суд яраштириш учун кўп урингани-ю, уларга «ҳаёт меники, ўзим биламан», деган нодон, худбин жавоби бўлди.

Юсуфбойнинг фиғони фалак бўлди, жаҳлим чиққанда шу ақлим қайда эди, мен ҳали «бургага аччиқ қилиб, ўз кўрпамни ёқдимми», деб кўкси ёнди, «энди болам бегона уйда, бошқа бировни ота, деб ўсарми?» – дея бағрини тузлар бўлди.

Жўяли бирон-бир сабабсиз хотинини ҳайдаб, ўзини боласидан, боласини ўзидан айирганига мингдан-минг пушаймон еб, соғинчу-аламдан хўрлиги келиб, ўзини айблаб, бўзлар бўлди:

Сабр нима билмайин, жаҳл отин ўзғитган,

Меҳр нима билмайин, ўз бахтини тўзғитган,

Изғин торттириб сени, бу кун ўзи қон ютган,

Сени уйдан қувмайин, отанг ўлсин, боламов...

 

Холмўмин ЁДГОРОВ.



DB query error.
Please try later.