05.02.2019

МУРОЖААТЛАР ЖОЙИДА ЎРГАНИЛЯПТИ

«Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат ипотека банки томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини янада ошириш борасида белгиланган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мурожаатлар билан ишлаш, шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиш, бу орқали фуқароларнинг масалаларини жойида ҳал этиш, сарсонгарчилик ва муаммолар юзага келишининг олдини олиш, бундай ҳолатларга нисбатан тезкорлик билан муносабат билдириш, мижозларнинг банк хизматларидан эркин фойдаланишлари учун имконият яратиш бўйича банк томонидан тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

— Банк раҳбарияти томонидан ҳар бир мурожаатни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни талабларига мувофиқ, ҳар томонлама ва холисона, қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилган, — дейди Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг мурожаатлари билан ишлаш хизмати бошлиғи Ғулом Налибоев. — Ўтган йил давомида банк тизимига келиб тушган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари олиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, пластик карта ва терминаллар ҳамда банк омонати билан боғлиқ бўлган масалалар ташкил этади. 2018 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, банк раҳбарияти томонидан фуқароларни қабул қилиш ҳамда уларни қийнаётган муаммоларига холис баҳо берган ҳолда ижобий ҳал этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йили банк тизимига келиб тушган 1 минг 829 мурожаатдан 171 таси қаноатлантирилиб, уларда кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, банк бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан 2018 йил давомида жами 313 та жисмоний ва юридик шахснинг оғзаки мурожаатлари қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган сайёр қабул жадвалига мувофиқ, бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан республикамизнинг 44 та туман(шаҳар)ларида ўтказилган сайёр қабуллар давомида 295 та жисмоний ва юридик шахс қабул қилинган.

Шунингдек, тадбирда мурожаат қилган фуқаро ва мижозларнинг мурожаатларида кўтарилган ҳар бир масалаларга жиддий ёндашилган ҳолда мурожаатчи билан шахсан учрашилиб, уларга банк операциялари бўйича батафсил тушунтиришлар бериш орқали уларнинг молиявий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани тўғрисида маълумотлар берилди. Анжуман сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга банк мутахассислари жавоб берди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.