29.01.2019

«ЎЗКИМЁСАНОАТ»: 2030 ЙИЛГА БОРИБ, КИМЁ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛИШИ 4,5 БАРОБАРГА ОРТАДИ

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан 2018 йил якуни ҳамда кимё тармоғи корхоналари фаолияти натижалари хусусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда ўтган йилда тармоқ корхоналарининг ривожланишига қаратилган инвестиция, инновация дастурлари орқали кимё саноатининг тараққиёти учун барқарор шароитлар яратиб берилгани тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, ўтган йиллар мобайнида тармоқда ишлаб чиқариш қувватларини диверсификациялашга қаратилган ишлар республикамизнинг азот, фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига киришига имкон яратади. Шунингдек, иқтисодиётнинг қурилиш материаллари ва ойна ишлаб чиқариш каби тармоқлар ривожига зарур бўлган калцийнацияланган сода маҳсулотини Марказий Осиёда ягона ишлаб чиқарувчисига айланди.

Бундан ташқари, аммиак, карбамид, аммиакли селитра, аммоний сульфати, аммофос ва нитрофос каби маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган жамият таркибидаги корхоналар бугунги кунда ишлаб чиқариладиган минерал ўғитларнинг турлари ва ҳажми бўйича ҳам минтақада етакчи ўринни эгаллайди.

Жамият таркибидаги корхоналарни янада ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг ҳажмини кўпайтириш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 25 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ 2018-2030 йилларда тармоқни диверсификация қилишни назарда тутувчи «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти фаолиятида ишлаб чиқариш қувваларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, базавий маҳсулотларни қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, мавжуд активлардан оқилона фойдаланиш ҳамда бошқаришнинг замонавий усулларини жорий қилишнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Унинг доирасида қарийб 7,3 миллиард долларлик 34 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.

Мазкур «Йўл харитаси»нинг бажарилиши натижасида 2030 йилга бориб, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга, шу жумладан, минерал ўғитларни икки баробарга, яъни 1,2 миллион тоннадан 2,4 миллион тоннагача, маҳсулотлар экспортини 4 баробарга ошириш ҳамда органик кимё маҳсулотлари улушини 7 фоиздан 54 фоизгача етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, тадбирда жамият корхоналари томонидан ўтган йили 4,17 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни бажариш борасида 466,9 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилгани, натижада 1242 янги иш ўрни яратилгани таъкидланди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.