29.01.2019

ҚУЁШ КУЛГАН КУН

(ҳаётий ҳикоя)

         Куз. Ҳаво намхуш совуқ, гўё қуёш ҳам совуқдан қочиб булутлар ортига яширингандай, куннинг қовоғи солиқ. Тергов ҳибсхонасининг тўртга беш метрлик хонасидаги муҳит бунданда оғир ва тунд. Девор бўйлаб икки қаватли сим кроватлар, ўртага темир стол ва стуллар қўйилган, хонанинг шифтга яқин қисмида дераза ўрнини босувчи кичик бир дарчадан озгина бўлса-да ёруғлик хонага сизиб кирмоқда. Хонада турли ёшдаги беш нафар аёл, ҳар бири ўз хаёли билан банд, уларни олдинда суд кутмоқда, жазо кутмоқда.

Гулнигор бу ерга олиб келинганига икки ҳафтадан ошди. Эндигина 20 ёшга тўлган қиз темир кроватда икки тиззасини қучоқлаб, бошини эгиб жим ўтирибди. Лекин юраги қинидан отилиб кетгудек урмоқда, кўзидан дув-дув ёш қуйилмоқда. Бир томони қилмишидан уятда, бир томони ногирон онаси, 10 ёшли сингилисининг ҳаётини ўйлаб, ич-ичидан эзилмоқда.

Кеча тушида отасини кўриб, уйғониб кетганча, ухлай олмади. Болалиги, отасининг эркалашларини қўмсади. Бир гал Наврўз байрамида кўп ширинликлар ва сариқ рангли чиройли кўйлак олиб бергани ёдига тушди...

Кейин... кейин отасининг ичиб келиб, уйда онаси билан жанжал қилганлари-ю, кунлаб уйга келмай қўйганлари, етти йилча олдин эса онаси билан жанжаллашиб, уйдан чиқиб кетгани ва шу-шу қайтиб келмаганлигини эслади.

Онаси касалманд бўлиб қолгач, оила ночор аҳволга тушиб, дори-дармонга ҳам пул тополмай, қўни-қўшнилардан қарз сўраб, кун кўришаётганди. Гулнигор онасининг қийналганлигини кўриб, унга ёрдам беролмаётганидан изтироб чекарди. Ана шундай кунларнинг бирида у жиноятга қўл урди. Бозорда ёш қизчанинг қулоғидаги сирғага кўзи тушиб, пулига онамга дори оламан, деган хаёлда, унинг сирғасини алдаб ечиб олганлиги, кейинчалик терговчи иштирокида қизчанинг ота-онасига сирғани қайтариб бераётганида уятдан иссиғи чиқиб кетгандек бўлганини эслади. Юзини қўллари билан беркитди, оғир хаёлга ботди: «Энди нима қиламан, уч ярим йил қамоқда ўтирсам, синглим бечора кичкина бўлса, онамга ким қарайди?.., мен нима қилиб қўйдим?» деган саволлар ич-этини тирнарди.

Темир эшик тақиллаганида фикри бўлинди, бошини кўтариб, эшикка қаради. Назоратчи Республика ишчи гуруҳи аъзолари суҳбатга келганлигини эълон қилиб, ўзини четга олди.

Барча хонадошлари қатори Гулнигор ҳам тезда ўрнидан туриб, уст-бошини тўғрилади ва улар қаторига бориб турди. Хаёлидан «келганлар нима дер экан, нега жиноят қилдиларинг, деб уялтирса керак,» деган гап ўтди. Меҳмонлар икки киши экан. Улардан бири «Биз «давлатимиз Президенти топшириғига кўра, сизлардан хабар олгани келдик, соғликларингиз яхшими, нима шикоятлар бор?», деди. Гулнигор аёллардан бири жавоб берар, деган ўйда ерга қараб сукут сақлаб турарди. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмади. Шунда, келганлардан бири, «Сизлар нимага бу ерда ўтирибсизлар, келинглар, гаплашайлик, балки бирон ёрдамимиз тегар, биздан тортинманглар», деганида Гулнигор хиёл бошини кўтарди. Рўпарасида отаси тенги кишилар ачиниш билан қараб турганини кўрди. Йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлаб турди.. Шу пайт хонадошларидан ёши катта аёл, ўзини таништириб, ўғирлик қилиб қўйгани, ўғирлаган нарсаларини қайтариб берганлиги, лекин жазоланишдан қўрқиб қочиб кетганлиги, шу сабабли ушлаб олиб келиб қамаб қўйганликларини, қарамоғида уч нафар вояга етмаган боласи ва қария онаси борлигини айтди. Келганлар, тергов тугаган-тугамаганлигини, бундан олдин судланган-судланмаганлигини суриштириб, ёзиб олишди. Узоғи билан икки-уч кунда суд ишингизни кўриб чиқади, энг муҳими қилган ишингиз нотўғри эканлигини англаб етганингизда, насиб қилса, фарзандларингиз олдига қайтасиз, дейишди.

Хонадошлар жонланиб, бирин-кетин ўзларини таништириб, содир этган жиноятлари, пушаймон эканликлари ҳақида гапира бошлашди... Келган кишилардан бирининг «қани қизим, сиз нега бу ердасиз?», деган гапидан Гулнигор навбат ўзига келганлигини билди ва «жиноят қилиб қўйгандим, бир қизчанинг сирғасини алдаб олиб қўйгандим», деган гапни зўр-базўр тилидан чиқарди.

Оилада неча кишисизлар, нега бундай қилдингиз, суд бўлдими, қандай жазо тайинлашди, деган саволларни эшитиб, онаси ва 10 ёшли синглиси борлигини, онасининг икки оёғи ишламаслигини, суд уй қамоғи жазоси тайинланганини, шундан кейин туман ободонлаштириш бўлимига ишга кириб ишлай бошлагани, бошлиқлари тўй қилганида қўшиқ эшитишга қизиқиб, ўтириб қолгани ва тартибни бузиб қўйганлиги, шунинг учун суд бўлиб, жазони ўташ учун қамоққа қайтарилганини амаллаб тушунтириб берди.

Онангизга қаровчи бирон киши борми, деган саволни беришганида, «йўқ», деб бош қимирлатди-да йиғлаб юборди. Шунда келганлардан бири: «майли, тушкунликка тушманг, ишингизни ўрганиб чиқайлик, имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Сиз ҳозир ўтириб, оилавий аҳволингизни, қилган ишингиздан пушаймон эканлигингизни ёзиб беринг, муассаса раҳбарияти хатингизни тегишли тартибда расмийлаштириб, бизга етказиб беради», деди. Шундан кейин умидсизликка тушмаслик кераклиги, энг асосийси хатони тушуниб етишда эканлигини айтишди.

Улар чиқиб кетишгач, хонада ҳамма бирдан жонланди, ўзаро суҳбат бошланди, кимдир қоғоз-қалам олиб, ариза ёза бошлади. Гулнигор аввалига «онангизга қаровчи борми, деб сўради, наҳот мени озодликка чиқаришади ёки онамга қаровчи тайинлашармикин?», деб хаёл сурди, сўнгра «вой, кимнинг номига ариза ёзишни сўрамабман-ку», деб хонадошларига қаради. Бирови биз Олий судданмиз, деди-ку, судга ёзиш керакдир, деди, бошқаси Президентимиз юборди, деб айтдими, демак, Президентимиз номига ёзиш керак, деди. Гулнигор, Ўзбекистон Республикаси Президентига, деб ариза ёзди, оилавий аҳволи, қилган ишидан мингдан-минг пушаймонлигини баён қилди. Хатнинг охирида узоқ ўйланиб қолди. Агар отам бўлганида ундан кечирим сўрар эдим, афсуски, отам йўқ, деган аламли фикр хаёлидан ўтди. Охири Президентга ёзган хати охирига катта харфлар билан «ОТА, мени кечиринг» деб ёзиб, имзо қўйди. Ўша куни тонг отгунча ухламади, хаёллар, изтироблар исканжасида тонг оттирди. Кутилмаганда эрталаб назоратчи эшикни очиб, «Гулнигор Одилова нарсаларингизни олиб чиқинг, судга борасиз», деди. Хонадошлари бирин-кетин қучоқлаб хайрлашишди, илоҳим қайтиб келмагин, дейишди.

Гулнигор эшик олдига келиб, мўлтираб турган хонадошларига хайр маъносида бош эгди ва назоратчининг олдига тушиб кетди. Қамоқхона ҳовлисида турган ҳамма томони ёпиқ, ойнаси панжарали машинага олиб чиқишди. Узоқ юрилди, машина кўп маротаба ўнгга, чапга бурилди, ниҳоят тўхтади, эшик очилди. Бино пештоқидаги ёзувдан билдики, вилоят судига олиб келишибди.

 Суд залидаги панжара ичида ярим соатча туриб қолди, нима бўлишини билмайди, бировдан сўрай олмайди. Мавҳумлик исканжасида турганида, суд залининг орқа эшигидан уч нафар судья кириб келди ва аризасига асосан унинг ишини қайта кўриб чиқишларини эълон қилишди. Суд котибига туман хотин-қизлар қўмитаси раисини, суд залига таклиф этиш ҳақида топшириқ берилди. Суд котиби чиқиб кетиб, жуссаси кичиккина, лекин боқиши-ю, юзида нури бор 40-45 ёшлардаги аёлни бошлаб кирди.

Суд бошланди, судья Гулнигор содир этган қилмишини қайд этиб ўтгач, оилавий аҳволи, онасининг ногиронлиги ва доимий қаровчига муҳтожлиги, синглиси мактаб ўқувчиси эканлигини маълум қилиб, ишда қатнашаётган прокурорнинг фикрини сўради.

 Прокурор Гулнигор Одилованинг оилавий аҳволини ҳисобга олиб, суднинг унга нисбатан жазони ўташ учун жўнатиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш, уни озодликка чиқариб, хотин-қизлар қўмитаси кафиллигига бериш мақсадга мувофиқ эканлигини айтди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси кўп гапирмади, лекин «Бу синглимизнинг шу ҳолатга тушишида барчамизнинг айбимиз бор, агар вақтида ёрдам қўлини чўзганимизда бундай бўлмас эди. Суд уни озод қилиб, кафиллигимизга берса, барча чораларни кўрамиз», деганида, Гулнигорнинг кўнгли бўшаб, унсиз йиғлай бошлади.

Шунинг учун суд унга сўз берганида, йиғидан ўзини тўхтата олмади, «мени кечиринглар..., онамга қарашим керак», дея олди холос.

Суд маслаҳатхонага кириб кетди. Судья суд қарорини ўқий бошлаганида, дастлаб Гулнигорнинг қулоғи ғувиллаб ҳеч нарсани эшитмай қолди. Эсида қолгани «суд залидан озод қилинсин», деган биргина жумла бўлди, панжара ёнида турган милиция ходими уни ташқарига чиқишга имлади.

Гулнигор панжара ташқарисига чиқиши билан қўл-оёғи бўшашиб, ҳолсизланиб бораётганини ҳис қилди, хайриятки, судья барчага ўтиринглар, деб таклиф қилди. Шундан сўнг судья унга бўлган воқеалардан хулоса қилиши, ҳаётини йўлга қўйиши кераклигини, хотин-қизлар қўмитаси раисига эса, Гулнигорнинг ўзи ва оиласидан доим хабардор бўлиб туриш, ёрдам кўрсатиш лозимлигини тушунтирди.

Гулнигор хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамроҳлигида суд биносидан узоқлашаётганда ҳам озодликка чиққанига бир ишонса, бир ишонмасди. «Президент отамга раҳмат, ҳаммага раҳмат,» дея лаблари беихтиёр пичирлай бошлади, кўзларидан ёш қуйилди... Хотин-қизлар қўмитаси раиси уни бағрига босаркан, «Бўлди қизим, йиғлама, бугундан бошлаб, сен менга сингилсан, энди уйингга, онангнинг олдига борамиз», деди.

Кейин Гулнигорни хизмат машинасига ўтқазиб йўлга тушди. Гулнигор атрофига қараркан, озодлик нақадар ширинлигини ҳис этди. Ўзига кўрсатилган бағрикенгликдан, меҳр-оқибатдан бутун вужуди билан миннатдор эди. Кўчада кетаётган одамларга, атрофга завқланиб боқарди, гўё ҳамма уни кутаётгандай эди, у ҳаммага кераклигини ҳис этди. Қуёш ҳам тепада кулиб турарди...

 

Холмўмин Ёдгоров,

юрист.



DB query error.
Please try later.