22.01.2019

БИЗ БАХТЛИ КЕКСАЛАРМИЗ

«Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» (World Happiness Report) рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистон 2017 йилда бахтли мамлакатлар рўйхатида 47-ўринда эди. 2018 йилги рейтинг натижаларига кўра бу кўрсаткич 44-поғонага кўтарилибди. Халқаро «Orb Media» ташкилоти ўтказган тадқиқотлар натижаси бўйча Ўзбекистон ва Венгрия кексаларни ҳурматлашда жаҳон рейтингида пешқадам мамлакатлар, деб тан олинган.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 8 январь сонида чоп этилган, таниқли адабиётшунос Султонмурод Олимнинг «Кексаликнинг умри узаймоқда» сарлавҳали мақоласи қўлимга қалам олишга ундади. Ҳақиқатан ҳам журналист ёки бошқа ижодкорнинг матбуотда мақола ёки шеъри чоп этилса, пенсиясини ярми кетарди. Шу сабаб кўпчиликнинг ёзишдан кўнгли совиб кетди. Мана энди ҳақиқат қарор топди, бундай калта ўйлаб қабул қилинган, шўро давридан қолиб кетган кўрсатмаларга чек қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ халқимизнинг қадим удумларига амал қилиб, оқсоқоллар дуосини олди. Халқ билан маслаҳатлашиб, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилди. Унда катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш вазифаси алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан бобо ва момолар турмушини енгиллаштирувчи, ҳаётини сермазмун қилишга хизмат этувчи фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўтган қисқа вақт мобайнида фуқароларимиз учун, айниқса, аҳолининг ночор ва кам таъминланган қисми учун арзон ҳамда замонавий турар-жойлар қурилди.

Қаранг, Президент айтди, бажарилди: пойтахтда пенсионерлар метрода бепул қатнайдиган бўлди!

Энг оддий мисол, пенсионерларнинг пули нақд берилиши минглаб қарияларнинг банклар эшигида соатлаб навбат кутишларига барҳам берди. Бўлар экан-ку! Агар ҳамма жойда замонавий ва қулай ҳисоб-китоб усули — терминал деганлари мавжуд бўлса, мунтазам ишласа, ҳар икки усулдаги, яъни терминал орқали ва нақд пулга савдо қилишдаги нарх-наво бир хил бўлса, зарур ҳолларда банкоматдан нақд пул ечиш осон бўлганида бу муаммо туғилармиди? Йўқ, албатта!

Энди ўзимиздан ўзимиз сўрайлик: Хўш, бу ғамхўрликларга биз кексалар қандай жавоб беришимиз керак? Яратган Эгам берган умрни яшаб, ошини ошаб, ёши бир жойга борган кексаларга энди на амал, на мукофот даркор. Лекин уларнинг ҳар бирида шундай бойлик борки, уни ҳеч ким тортиб ололмайди, бу бойлик тажриба, ҳаёт сабоқларидир.

Улар ана шу бойликни ишга солиб, фарзандлар ва набираларни тўғри йўлга бошласа, ўтмишнинг баланд-паст йилларидан ҳикоя қилиб, бугунги кунларнинг қадрини мисоллар асосида тушунтириб берса, ўйлайманки, бундан барчага фойда. Пенсияга чиққунга қадар сувчи, муаллим, муҳандис, олим бўлганми — қайси касбда ишлаган бўлмасин, кексаларимизнинг ҳар бирида бугунги ёшларга айтадиган гапи, сўзи бор.

Пойтахтдаги Чилонзор тумани аҳолиси билан учрашув пайтида кўп қаватли уйда яшовчи норғул йигит квартираси томидан чакка ўтишини айтиб, арз қилди. Шу ерда биронта ақли расо оқсоқол йўқмидики, «ҳов бола, бир-иккита шиферни ўзимиз топамиз, бунақа майда гаплар билан давлатбошининг вақтини олма«, дейдиган. Яшнобод туманида маҳалла фуқаролар йиғини мажлисида эса бир онахон қўшниси квартирада учта кучук боқишидан безор бўлиб, Президентнинг виртуал қабулхонасига ёзган шикояти муҳокама қилинди, маҳалла оқсоқоли ўз аризасига кўра, истеъфога чиқди. Баъзан ўйланиб қоламан: шунчалар майдалашиб кетдикми!?

Портал аралашувидан сўнг айрим маҳаллий маъмурлар, адолат идоралари, турли тармоқ раҳбарлари айби билан йиллаб чувалашиб ётган муаммоларга бугунги кунда барҳам берилаётгани барчамизни қувонтиради. Демак, жойлардаги маъмурлар, эл-улус пешволари вазиятдан ҳамиша воқиф бўлишлари, имкон топиб муаммоларни ҳал этиб боришлари зарур.

Бугунги кунда томорқадан ҳамма ҳам самарали фойдаланмаяпти. Айрим фуқаролар миришкорлик билан томорқадан миллион-миллион даромад оляпти, мисоллар истаганча. Айни чоғда беш-ўн сўтих ернинг умрини беҳуда ўтказаётган ҳамқишлоқларимиз камми? Қишлоқлардаги оқсоқолларимиз шу масалага ҳам жиддий эътибор берсалар, бир йилда уч марта ҳосил олаётган миришкорлар тажрибасини ялқовлик қилаётганлар онгига сингдириб борсалар чакки бўлмасди. Мол-қўй, парранда боқиш учун зоотехник бўлиш шарт эмас ахир, биродарлар.

Пенсионерлар — ижтимоий ҳаётда аҳолининг энг катта қатлами сифатида улкан куч. Бу кучни уйғотиш ва хайрли ишларга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Кексаларнинг бошини бир жойга бирлаштирадиган, уларни аввало ўзларига, қолаверса, давлат ва жамиятга нафи тегадиган ғояларга эргаштирадиган фаоллар қанча кўпайса, шунча яхши. Эҳтимол, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамкорлигида кексаларни ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кучайтириш чора-тадбирлари устида ўйлаб кўриш керакдир.

Шоир ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарларидан бирида эллик ёшга етишни орзу қилган экан. Лекин ўз даврининг мураккабликлари сабабидан шундай дилбар шахс, таассуфки, бу орзусига етолмаган. Улуғ ватандошимизнинг бугунги авлодлари ўртача умри ўртача етмиш беш ёшга етди. Бу геронтология фани олимлари тизимли ўрганса арзийдиган факт.

Мен сўзни бахт мавзуидан бошладим. Бу мавзунинг кўлами кенг, томирлари ниҳоятда чуқур. Аммо хулоса битта — биз ҳар биримиз муқаддас бир юртда яшаётганимизни, замонамизнинг қадрини ҳамиша ёдда тутиб, шунга муносиб умр кечириш тўғрисида ўйлашимиз керак.

 

Абдуваҳоб АБДУБАННОПОВ,

Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.



DB query error.
Please try later.