22.01.2019

МЕНИ МАҚОЛА ЁЗИШГА ДАЪВАТ ЭТГАН «ЖАЗО»

Пойтахтимиздаги таҳририятлар биносининг зиналаридан шошилиб тушиб бораётганимда, 3-қаватда «Ўзбекистон овози» газетасининг ходимига дуч келдим. Салом берганимдан сўнг, мени дарҳол таниб, ҳол-аҳвол сўради. Сўнгра ваъда қилинган мақоладан дарак бўлмаётганлигини айтиб бироз танбеҳ берди. Ҳижолат тортдим. Биз Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари дарс тугаши билан газеталар таҳририятларига боришни одат қилганмиз. Ушбу жараёнда таҳририят фаолияти билан танишиб, мақолалар ёзишни ўрганишимиз керак. Аммо университетда ўқишни бошлаганимизга беш ой бўлган бўлса-да ҳалигача газеталарда мақолам чиқмаётгани сабабини сўради. Шошилиб жавоб бераолмадим.

Шундан сўнг газетанинг ходими «Янги очилган университет талабалари нега мақола ёзмаяпти?» сарлавҳали танқидий мақола ёзмоқчилигини айтиб қолди. Ана шу мақолада сизнинг исм-фамилиянгиз катта-катта ҳарфлар билан ёзилади, деди. Ноқулай вазиятдан чиқиш учун суҳбат мавзусини ўзгартиришга ҳаракат қилдим, устознинг кеча газетада чоп этилган танқидий мақоласи тўғрисида сўз очдим. Чалғитишга қилинган ҳаракатлар ўз самарасини берди. Шундан сўнг танқидий мақолалар тўғрисида суҳбат бошланди.

Қизғин суҳбат жараёнида турли ҳудудлардан келаётган шикоят хатлари, журналист маҳорати тўғрисида ҳаётий мисоллар келтирилди. Ўзимга анчагина фойдали сабоқ олдим.

Аммо суҳбат сўнгида юқорида тайинланган «жазо» ижроси муқаррар эканлиги ҳазиломуз оҳангда қистириб ўтилди. Албатта, бу «жазо» жиддий айтилмаганлигини яхши англаб турардим. Аммо унинг сарлавҳаси жон-жонимдан ўтиб кетди. Янги университетнинг илк талабаларидан бири бўлиш катта шараф ва масъулиятлиги, бу номга муносиб бўлиш зарурлигини чуқурроқ ҳис этдим.

Шу сабабли, университетимиз талабаларининг бир кунлик дарс жараёнлари ҳақида қисқача ҳикоя қилишни мақсад қилдим. Университетимизнинг бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли жиҳати шундаки, журналистика университетида талабаларга 1-босқичданоқ касбга оид фанлар ўргатилмоқда. Ҳар бир фан малакали ўқитувчилар томонидан интерфаол усулда олиб борилади. Яъни талаба мавзуни чуқур ўзлаштириб, хулосаларини слайдларда акс эттирган ҳолда, тақдимот ўтказиши лозим. Бундай тақдимотлар деярли барча фанлардан амалга оширилади. Китоб мутолаасининг барча ижобий хусусиятлари инобатга олинган ҳолда Мутолаа маданияти номли ўқув жорий қилинган бўлиб, ҳар ҳафтада биттадан асар ўқиб тугатилиши ва унга бағишланган тақриз ёзиш жараёни талабаларнинг вақти беҳуда сарфланмаслигида муҳим омиллардан бири бўляпти.

Дарсдан кейинги тадбирлар-у учрашувлар бу — алоҳида масала. Ҳозирча мавзуга қисқача тўхталаман. Бизнинг университетда талабалар ўзлари танлаган касб сир-асрорлари ва назариясини чуқур ўрганишлари учун деярли ҳар куни малакали мутахассислар иштирокида тренинглар ўтказилади. Ҳафтанинг ҳар жума куни эса, замонавий ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари билан суҳбатлар уюштирилмоқда.

Университет ректори хорижий мамлакатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб бориб, бугун бу борада салмоқли натижаларга эришилгани, кўплаб шартномалар имзолангани кўпчиликка маълум. Ана шу шартномалар асосида талабалар 2-босқичдан амалиёт жараёнининг маълум муддатини хорижий мамлакатларда ўташи кўзда тутилган. Шу боисдан биз талабалардан бир неча хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириш талаб этилади. Бу борада қўшимча дарс машғулотлари яқиндан ёрдам бермоқда.

Ҳа, яна бир муҳим жиҳати, дарс жараёни бироз ёдимдан кўтарилибди. Медиа таҳририят структураси номли амалий дарсда ўқитувчимиз Перхан Алламбергенова кўмагида деярли барча республика нашрлари фаолияти билан яқиндан танишишга улгурдик. Дарс мазмуни шунчаки танишув билан чекланмай, ушбу нашрларга мунтазам мақолалар ёзиб туришни ҳам талаб этади. Ўзимдан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, юқорида ҳикоя қилинган тиғиз кун тартиби, қизғин дарс жараёнлари сабабли ҳар доим ҳам мақолалар ёзишга вақт топаолмаяпман. Аммо бу кун тартиби фақатгина биз талабаларнинг фойдамизни кўзлаб тузилган бўлиб, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан юксак билимли, етук журналист бўлиб шаклланишимизда мустаҳкам пойдевор бўлиши мақсад қилинган.

Шунингдек, талабаларнинг қалами чархланиб бориши учун кўплаб газеталар таҳририятлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. «Ўзбекистон овози» газетасининг ходимининг танбеҳи мени ҳушёр торттирди, касбимга бўлган меҳрни янада кучайтирди, елкамдаги масъулият юки салмоғини чуқурроқ ҳис этишга туртки бўлди. Таҳририят ходимининг «жазо«сидан кўзланган асл мақсад шу бўлса керак, деб ўйлайман.

 

Мавжуда САТТОРОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: