22.01.2019

ЎЗБЕКИСТОН СОҒИНЧИ БИЛАН ЯШАЙМАН

Бу — Германиянинг Марбург университети катта илмий ходими, Самарқанд давлат университети битирувчиси Шарофжон Худойбердиевнинг иқрори

Ҳозирги кунда Германия таълим ва касбга йўналтириш, илм ва илмий тадқиқотларга кенг эътибор берадиган давлат сифатида танилган. Буни Нобель мукофоти соҳибларининг 91 нафари ушбу давлат вакиллари экани ҳам тасдиқлайди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг 800 дан ортиқ талаба-ёшлари, илмий тадқиқотчилари Германия олий таълим муассасаларида таълим олаётганини ҳам айни шу билан изоҳлаш мумкин.

 

— Филипп номидаги Марбург университети 1527 йилда ташкил топган, — дейди Шарофжон Худойбердиев. — Мазкур университет Германиянинг қадимги таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Бу даргоҳда ўқиган ёки ишлаганлардан 11 нафари Нобель мукофоти лауреати бўлган. Бугунги кунда 16 факультетда, 26355 нафар талаба таҳсил олади. Университет Психология, микробиология, фармакология ва медицина йўналишлари бўйича юксак мавқега эга.

1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилганман. Отам — Абдумалик Худойбердиев Москвада номзодлик диссертацияси устида ишлаган пайтлари мени тез-тез ишхонасидаги лабораторияга олиб борар эди. Ҳозир у киши Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ишлайди, техника фанлари номзоди, доцент. Чет элга хизмат сафарларига борганида менга доимо ноёб китоблар олиб келар эди. Онам — Ҳадича Орзибекова СамДУда ўқитувчи, вилоят ҳокимлиги ва суд-ҳуқуқ идораларида фаолият кўрсатган. Менинг илм-фанга қизиқишимга бобом, филология фанлари доктори, СамДУ профессори Раҳмонқул Орзибеков сабабчи бўлган. Бобомнинг жуда катта кутубхонаси бор эди. Амаким, филология фанлари номзоди, доцент Абдувоҳид Худойбердиевнинг ҳам кутубхонасида китоб мутолаа қилишни яхши кўрар эдим.

Биологияга қизиқишим туфайли Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги лицейда ўқиганимда шу фанга доир кўпгина адабиётлар билан танишдим. Бизга дарс берган устозларимга ҳурматим чексиз. Лицейда табиий фанлар, шу жумладан, биология фани ҳам инглиз тилида ўқитилар эди. 1996 йили Туркманистонда, 1997 йили Германияда биология фани бўйича халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 2 карра бронза медалига сазовор бўлдим.

Кейин Самарқанд давлат университетида биология йўналишида таҳсил олиб бакалаврлик ва биотехнология соҳасида магистрлик даражасини қўлга киритдим. СамДУда ўқиш давомида Беруний ва Улуғбек номидаги давлат ҳамда Президент стипендианти бўлдим. Илк илмий изланишларим дунё юзини кўришида марҳум устозим доцент Мардон Ҳалимов ва профессор Зафар Исмоиловларнинг хизмати беқиёсдир.

2005-2007 йилларда Германиянинг Ҳеиделберг университетида молекуляр ва ҳужайра биологияси йўналиши бўйича таҳсил олдим. Шу давр оралиғида менда марказий асаб тизимининг таркибий бирлиги — асаб ҳужайраларида кечадиган молекуляр биологик жараёнларга қизиқиш пайдо бўлди. Натижада, ушбу университетнинг Тармоқлараро нейробиология маркази профессори Герҳард Счратт раҳбарлигида магистрлик ишини ҳимоя қилдим. Шунингдек, Марбург университетининг физиологик химия институтида номзодлик диссертациясини ёқладим. Ҳозирги вақтда Марбург университетининг физиологик химия институтида катта илмий ходим сифатида фаолият кўрсатиб келяпман. Илмий изланишлардан ташқари магистр ва аспирантларнинг илмий ишларига раҳбарлик қиламан. Медицина факультети талабаларига биохимиядан семинар ва амалий машғулотлар ўтаман ҳамда бакалаврларнинг махсус гуруҳига нейробиологиядан маъруза ўқийман.

Илмий изланишларим давомида микро рибонуклеин кислоталарнинг асаб ҳужайраларида оқсил биосинтезини регуляция қилувчи бир қатор механизмларни аниқладим. Улардан бири асаб ҳужайра ўсимтаси — дeндритнинг ривожланишини назорат қилади. Дендритларнинг вақтида ва тўла меъёрда ривожланиши асаб тизими фаолиятининг асосидир. Масалан, сезги аъзоларимиз орқали қабул қиладиган барча маълумотлар, хотира пайдо бўлиши каби мураккаб физиологик жараёнлар айнан шу дендрит ва унинг синапс (иккита асаб ҳужайраси ўртасидаги тузилма) ҳосил қилишида иштирок этадиган ўсимтанинг ўзгариши натижасида рўй беради. Асаб ҳужайраларидаги бундай молекуляр биологик жараёнларни ўрганиш, бир тарафдан, марказий асаб тизимининг ишлаш принциплари ҳақида янги маълумот берса, иккинчи томондан унинг дисфункцияси натижасида содир бўладиган кўпгина касалликларнинг (жумладан, паркинсон ёки альцгеймер) олдини олиш учун янги метод ва препаратлар ишлаб чиқилишида ёрдам беради.

Бугунга қадар илмий изланишларим натижалари сифатида 9 мақолам турли илмий журналларда чоп этилди. Улар ичида юқори рейтингларга эга бўлган «The EMBO Journal» ва «Nature Chemical Biology» журналлари ҳам бор.

Келажак режаларимга келадиган бўлсак, бу биринчидан ўзимнинг, мустақил илмий изланиш гуруҳимга эга бўлиб, нейродегенератив касалликлар (альцгеймер, деменция) соҳасида тадқиқот ишлари олиб бориш. Иккинчидан, университетда дарс бериш ниятим ҳам бор.

Мен билан учрашган кўп немислар, мени Шарқий Осиёдан, жумладан, Хитойдан деб ўйлайдилар. Лекин Ўзбекистонданман, деганимда, ҳайрон бўлиб, ўзбекистонликни биринчи бор учратганликларини айтишади. Чунки айнан менинг соҳамда Ўзбекистон билан илмий алоқалар ҳозирча ўрнатилмаган. Немисларнинг кўпчилиги Ўзбекистон қаердалигини билишади, лекин бизнинг тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Буни нафақат Ўзбекистон, балки барча Ўрта Осиё давлатлари тўғрисида айтиш мумкин. Самарқанд ва Буюк Ипак йўлидаги бошқа шаҳарларимиз немислар тасаввурида эртак ва афсонавий бир диёр сифатида гавдаланади. Италиялик ҳамкасбимнинг ота-онаси икки марта Самарқанд ва Бухорога бориб, жуда илиқ хотиралар билан қайтишган.

Айрим Германия университетларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари билан биргаликда амалга оширадиган лойиҳалари мавжуд. Бунинг натижасида немисларнинг Ўзбекистон ва халқимиз ҳақидаги фикрлари ва таассуротлари ижобийдир.

Минг афсуски, мен фаолият олиб бораётган соҳа — молекуляр нейробиология йўналиши Ўзбекистонда деярли йўлга қўйилмаган. Шунинг учун илмий изланишлар борасида ҳамкорлик қилиш имконияти мавжуд эмас. Агарда келажакда бунинг имкони бўлса, бажонидил иштирок этар эдим. Ўқув жараёни соҳасидаги ҳамкорликка келадиган бўлсак, 2019 йилда Самарқанд давлат университети талабалари билан бир неча бор семинар ёки онлайн тақдимотлар ўтказишни режалаштирдик. Худо хоҳласа, қанчалик ишим кўп бўлишига қарамасдан, бунинг учун вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Бу менинг илк таҳсил олган университетим ҳамда юртдошларим олдидаги бурчимдир.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган тезкор, кенг қамровли ислоҳотлар доимо мен ва оилам диққат марказида. Ўзгаришлар жадаллиги ва ижобийлиги билан бу тарихий жараён бевосита мамлакатимиз раҳбари номи билан боғлиқлиги халқаро доираларда ҳам эътироф этилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи Ўзбекистоннинг Германия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамланишига, иқтисодий, ижтимоий ва илмий соҳаларда ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очиб беришига ишонаман. Бу ташриф шахсан менда, юртидан узоқда ватанини соғиниб юрган бир инсонда ғурур ва ифтихор уйғотади.

Кузатишимча, Германиядаги ҳамда Европа Иттифоқидаги оммавий ахборот воситалари ҳам Ўзбекистонда бугун содир бўлаётган иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни ижобий баҳоламоқда. Ўзбекистон раҳбарининг дастлаб Францияга, шу кунларда Германияга ташриф буюриши оламшумул воқеа сифатида кенг ёритилмоқда. Ҳамкасбларим Президентимиз ташрифи муносабати билан мени қутлашмоқда.

Ҳозирда мен оилам билан Германияда яшайман, турмуш ўртоғим Марбург университети клиникасининг психиатрия бўлимида ишлайди, фарзандларимиз шу ерда таҳсил олишади. Илмий ишим борасида Германияда имкониятлар катта. Бундай вазиятдан унумли фойдаланиш лозим деб ҳисоблайман. Яқин келажакдаги режаларим ҳозирги вақтда бошлаб қўйилган изланишлар билан боғлиқ. Афсуски, молекуляр нейробиология соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар, туб ислоҳотлар бўлишига ишонаман.

Ўзбекистон соғинчи билан яшайман. Бу туйғу доимий ҳамроҳимиз. Оиламиз лексиконида ишлатиладиган «Уй» сўзи Самарқанддаги уйимиз маъносини беради. Мен турмуш ўртоғимга «Уйга қўнғироқ қилиш керак» десам, у ўз-ўзидан ота-онам билан гаплашиш кераклигини тушунади. Қолаверса биз, Ватанимизнинг иссиқ иқлими, мазали таомлари, мева-чеваси, одамлари ва она тилимизни жуда соғинамиз. Юрагимда, ич-ичимда мен Ўзбекистон, Самарқанд фарзандиман. Бир умр бундан фахрланаман.

Келажакда Германияда орттирган тажрибам билан Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари, жумладан, Самарқанд давлат университети талабалари билан ишлаш ниятим бор. Уларда мазкур соҳага қизиқиш уйғотиш ва алмашув дастурларини ташкил этиш юзасидан амалий ишларни бошлаймиз.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга давлат ташрифи Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларни янада яхшилашга хизмат қилишига ишонаман.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: