Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
15.01.2019

ОНАЛАР ДУОСИ

Халқимизда олтин олма, дуо ол, деган мақол бор. Бу сўзлар дуонинг кучи, қудратини билдиради. Бунинг устига, донолар оналар дуосидан устун хазина йўқлигини айтишади. Бу ҳикмат нақадар ҳақиқатлиги ҳаётда кўп маротаба тасдиқланган.

Ҳар сафар турмуш ўртоғим Илҳомжон ака билан меҳрибон онамни кўргани Фарғонага бориб, бир-икки кун туриб қайтаётганимизда, онам меҳр тўла кўзларини менга тикиб, қўлларини очиб, узундан-узун маъноли дуолар қилар эдилар. Онагинам бизга ва фарзанду набираларимизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, бахт-саодат, омад, тўйлар, улуғ мартабалар тилаб, охирида албатта сизларни Ўш пирим, Шоҳимардон пирим, Йигит пирим қўллаб-қувватласин, деб якунлардилар.

Бу дуонинг маъносини кейин чақсак, қадимий Ўш шаҳрида Сулаймон пайғамбар, Шоҳимардонда Ҳазрати Али ва Фарғона вилояти Сух туманининг ёнбошида Йигитпирим, деб аталмиш зиёратгоҳлар бўлиб, зиёратчилар ҳамда сайёҳлар билан доим гавжум экан. Раҳматли онамнинг гапларига қараганда, бувимиз Меҳринисо ая қариндош-уруғларидан хабар олгани 1960 йилларда онамни ҳам ўзлари билан бирга етаклаб, Ўш шаҳрига тез-тез бориб турар эканлар. Демак, онам бу дуоларни ўша пайтларда бувимдан ўрганган бўлсалар керак.

Илҳомжон аканинг раҳматли оналари Зуҳрахон ая ҳам Наманган вилояти Чортоқ туманида жойлашган Балиғлик кўл, деб аталмиш азиз жойга бориб, у ерда яшовчи маҳалла ва қишлоқ аҳлининг ҳурматини қозонган. Оқ Ойим исмли қария билан суҳбат қуришни яхши кўрар эдилар. Бизни ҳам у кишининг уйларига олиб борганлар. Ҳар доим қайнонам Оқ Ойимга қараб «қани ая, бир болаларимни дуо қилинг», дердилар. Оқ Ойим фариштаникидай оппоқ қўлларини очиб, чиройли дуолар, тилаклар қилар эдилар. Қайтаётганимизда қайнонам «бу кишининг дуолари жуда кучли, тилаклари албатта ижобат бўлади, дуоларини чуқур ихлос билан қабул қилиш керак», деб йўл-йўлакай бир неча бор такрорлар эдилар. Зуҳрахон аянинг ўзлари ҳам бизни, набира ва чевараларини ҳар доим жуда мазмунли сўзлар билан дуо қилар эдилар. Қайнонамнинг дуолари ҳозир ҳам қулоқларимиз олдида жаранглаб туради, чунки ўғиллари Илҳомжон ҳар куни эрталаб ишга кетишдан олдин хонадонимиз деворида чиройли ойнали ромга қўйилган оналари ва оталари суратларига қараб «қани опа, ўзингиз бир дуо қилинг», деб ўзлари ёдлаб олган она дуоларини қайтарадилар: «Илоҳи омин... умрийна узун бўлсин, ризқийна баланд бўлсин, юзийна ёруғ бўлсин, йўлларийна очиқ бўлсин, Ҳизр баракасини берсин». Кейин «ана опам дуоларини олдик, энди ишга кетсак бўлади», деб чиқиб кетадилар.

Қизим Ферузахон ҳам бувилари Муҳаррамхон ва Зуҳрахон аялар дуоларини жуда яхши кўриб ихлос қилар эди. Бувилари ҳам Ферузахонни ниҳоятда севиб, елкаларини сийпалаб, эркалатиб дуо қилар эдилар. Шунинг учун қизим бизни тез-тез бувиларини кўриб келишга ундар эди.

Дарҳақиқат, оналар дуоси муқаддас, ҳар қандай хазинадан аъло ва кучли. Она дуосини эшитган фарзанд ўзини тетик, енгил, кучли ва соғлом ҳис этади. Она дуосини олган ҳеч қачон кам бўлмайди, деган ибратли даъватни кўп эшитганмиз. Бунга ўз ҳаётимиз мисолида иқрор бўлганмиз. Билишимча, оналар дуоси фарзандларни турли бало-қазолардан асрайди. Яхшиликка ундайди, кўнгилда самимий, инсоний туйғуларни уйғотади. Шунинг учун эрталаб ишга, ўқишга ёки узоқ юртга сафарга кетаётганингизда онангиз ёнига келиб, «онажон, бир дуо қилинг», деб кўринг, дуони эшитгач, вужудингизда ёқимли бир илиқлик сезасиз, кўнглингиз равшан бўлади, тетиклашади, ишларингиз бароридан келади. Чунки оналар фаришталардир, улар фарзандларини юрак-юракдан дуо қилади.

 

Гуласал НЕЪМАТОВА



DB query error.
Please try later.