Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.10.2018

ФРАНЦИЯДА ЎҚИГАН ЎЗБЕК ЎҒЛОНИ

XIX асрнинг адоғида, 1893 йилда Амударёнинг чап соҳилидаги Тўрткўл шаҳридан йигирма нафар йигит Европага йўл олади. Улар Франциянинг Тулуза шаҳридаги сув хўжалиги коллежида таҳсил олиш учун юборилаётганди. Бу ёшлар орасида маҳаллий миллат вакилларидан ягона 19 яшар Муҳаммад Аминаддин ўғли ҳам бор эди.

 

Хива хонлигида мироблик нақадар улуғ ва нуфузли мартаба бўлганини тарихий битиклардан яхши биламиз. Асосий тирикчилиги ерга, деҳқончиликка боғланган ҳудудда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Хонликнинг сўнгги юз йиллик тарихида Тоғай мироб, Шермуҳаммад мироб (машҳур шоир ва тарихчи Мунис), Султон мироб, Муҳаммадризо мироб (машҳур шоир Огаҳий) ва бошқалар шу вазифада ишлаганлар. Суғориш ишлари тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган қадим воҳада бу касб аксар ҳолларда отадан болага мерос бўлиб ўтган. Мироблар махсус бир мактабда ўқимаган, ота-боболаридан кўрган, ўрганганларини ҳаётга татбиқ этишган, холос.

Шу маънода йигирма уч яшар йигитга ҳавас қилиш мумкин эди. Чунки у Франциянинг Тулуза шаҳридаги коллежда тўрт йил ўқиб, ирригатор, сув мутахассиси дипломини олган. Айни пайтда Истанбулда амалиёт ўтаган, ёзги таьтил вақтида муқаддас ҳаж зиёратини ҳам адо этганди.

Муҳаммаднинг отаси Аминаддин Ёқуб ўғли дарё ортидаги Шўрахон улусида оқсоқол вазифасида ишларди. Отаси илм олишга иштиёқманд ўғлини Хивадаги Арабхон мадрасасида ўқитади. Таҳсил жараёнида ёш Муҳаммад Қуръони каримни ёд олади. Кейинчалик рус-тузем мактабида ўқийди.

Дарё бўйида туғилиб ўсган Муҳаммад Тулузадаги коллежда ўқиётган вақтида ғарб мамлакатлари, хусусан Франциянинг суғорма деҳқончилик тажрибаси айнан шарқ тажрибаси билан уйғунлашганини, улардаги ўхшаш томонларни кўради. Фаранг олимлари, ирригаторларининг Миср, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларида амалда қўлланилган тажрибалари асосида ёзилган китоб ва дарсликларини мутолаа қилади.

Францияда ўқиб, диплом олиб юртига қайтган ёш мутахассисни Амударё флотилиясида дарғалар тайёрлаш курсига раҳбарликка тайинлашади. Ўша вақтда хонликдан ташқарига жўнатилаётган ва воҳага олиб келинаётган барча юклар кемаларда ташилган. Демак, Орол денгизидаги портларга ва Чоржўй шаҳригача қатнаётган кемаларни беталофат манзилга етказиш учун мутахасссис дарғаларга зарурият сезилган. Тарихий манбаларда ўша вақтда флотилия ихтиёрида 220 катта-кичик кема бўлгани келтирилади. Уч йил ичида уларнинг сони 315 тага етган. Демак, кемалар учун дарғалар тайёрлаш давр тақозоси бўлган. Мазкур курсда уч йил мобайнида юзга яқин тажрибали дарға тайёрланади.

Аммо тақдир ёш мутахассис пешонасига бошқача қисматни ёзади. 1900 йили хонликнинг Хонқа беклиги ҳокими бўлиб ишлаётган отаси Аминаддин Ёқуб вафот этгач, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Соний унинг ўрнига 27 яшар ўғли Муҳаммад ҳожини ҳокимликка маьқул кўради.

...Яқинда Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғлининг АҚШда таҳсил олаётган чевараси Санобархон Худойберганова Калифорния университети кутубхонасидан немис олими Эрик Зигмайернинг 1905 йилда Берлинда чоп қилинган «Туркистон, Бухоро ва Хивага саёҳат» номли катта ҳажмдаги саёҳатномасини топди. Муаллифнинг ёзишича, у 1903 йили Хонқа ҳокими Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли хонадонида меҳмон бўлган ва унинг ниҳоятда бой кутубхонасидан ҳайратга тушган. Унинг эътироф этишича, бу кутубхонада нафақат Шарқ, балки Европада чоп қилинган китоблар, вақтли нашрлар сақланган. Булар шунчаки безак бўлмаган, балки мутолаа қилинган. Негаки, Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли беш тилни билган. Унинг ақл-заковатидан ҳайратланган немис олими қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Биз немислар шарқликларга баъзан нописанд қараймиз. Аммо Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғлининг билими, дунёқараши европаликларникидан устун эди».

Муҳаммад ҳожи бекликда салкам йигирма йил ҳокимлик қилади. 25 минг аҳоли яшайдиган ҳудудда шу муддатда пахта ва кўнни қайта ишлайдиган 25 завод ва фабрика қурилган. Айни пайтда 1912 йилдан 1920 йилгача унинг зиммасига хонликнинг бош мироби вазифасини бажариш ҳам юклатилган.

Хонлик тузуми тугатилгач, Муҳаммад ҳожи бир муддат Хива халқ республикасида зироат вазири лавозимида ишлайди, кейинчалик яна ўз соҳасига қайтиб, сув тизими бўйича «Упрадис» деб номлаган ташкилотга раҳбар бўлади. Бу ташкилот зиммасига бутун Қуйи Амударё минтақасидаги сув таьминоти юклатилганди. Машҳур мироб кейинчалик бир муддат Шўрохондаги қишлоқларда мироблик қилган. 1937 йилнинг куз ойларида қатағонга учрайди, ҳибсга олиниб, ўн йилга кесиб юборилади ва Зангиотадаги Туясарой ҳибсхонасида вафот этади.

Бундан бир юз йигирма беш йил муқаддам Европада таҳсил олган биринчи ўзбек ирригаторининг тақдири шундай якунланди. Истиқлол йилларида унинг юрт тарихидаги ўрни, элига қилган хизматлари ўрганилиб, илмий рисолалар, тарихий хотиралар яратилди, ҳужжатли фильм суратга олинди, роман-эссе чоп қилинди.

Машҳур мироб ҳақида замондошлари ёзиб қолдирган ёдномалар ҳам талайгина. Рус олими А.Самойловичнинг ёзишича, «Муҳаммад ҳожи хориждаги сиёсий жараёнлардан яхши хабардор, нафақат хабардор, балки бу борада ўз қарашларига эга шахс эди». Яна бир рус олими Н.Ликошин ўз хотираларида Муҳаммад ҳожининг яшаш тарзи ва фарзандларига замонавий билим беришга ҳаракат қилишига эьтибор қаратган. Москвада чоп қилинган «Новый вестник» журналининг 1923 йил 3 сонида Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли раҳбар бўлган Хоразм республикасининг зироатчилик вазирлиги ишларига юқори баҳо берилган.

Биз ўз ўтмишимизни ҳали ҳанузгача яхши ўрганмаганмиз, тарихнинг биз билган ва билмаган саҳифалари оз эмас. Ушбу мисолдан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон учун Францияга йўл кеча ё бугун эмас, балки анча замонлар илгари очилган. Францияда ўқиб, ўзи туғилиб ўсган юртига бир умр хизмат қилган Муҳаммад ҳожи сингари кўплаб зиёли ва ҳурфикрли инсонларни мустабид тузум жисман йўқотди. Лекин уларнинг хизматлари, ватанпарварликларини бугунги авлод билиши ва қадрлаши керак, деб ўйлаймиз.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.