Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.10.2018

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – УМУММИЛЛИЙ МАСАЛА

Суҳбатдошимиз — Тошкент давлат иқтисодиёт университети Касб таълими кафедраси профессори, педагогика психология фанлари доктори Гулнора ИБРАГИМОВА. Олима Ўзбекистонда биринчи бўлиб ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича мультимедиа асосида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Илмий ишлари таълим тизимининг сифати ва самарадорлигини МЕД (Мультимедиа электрон дастурлари) асосида оширишга қаратилган.

 

— Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларидан тортиб ўрта ва олий таълим тизимида сифат ва самарадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, педагог ва тарбиячиларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш асносида улар­га янгича, жиддий талаблар ҳам қўйилаяпти...

— Бу жуда тўғри ёндашув деб ўйлайман. Чунки ёшлар тарбияси — умуммиллий масала. Бунга юзаки, бир ёқлама ёндашиб бўлмайди. Эртанги кунимиз, жамиятимиз қандай бўлиши бугун биз ёшларга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқ.

Дунё манзараси кундан-кунга ўзгариб, турли муаммолар пайдо бўлаётгани ҳозирги глобаллашув даврида бугунги талаблар, вазифалар кечагисидан мутлақо фарқ қилиши кузатилаяпти. Ахборот технологияларнинг тезкор ривожланиб бориши натижасида ёшлар маънавияти, ахлоқи ва турмуш тарзида жиддий ўзгаришлар рўй бераяпти.

Ана шундай шароитда ахборот олиш имконияти қанча кенгайгани сари ёшлар тарбиясига таҳдидлар ҳам шунча кўпайиб боряпти. Таълим тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар даври бошланди. Бунда таълимнинг асосий ­субъекти бўлган педагогнинг вазифаси эндиликда фақатгина сифатли таълимни таъминлашдан иборат бўлмайди. Энди у ана шу ўзгаришларга мутаносиб равишда ўзини тайёрлаб, янги вазифаларни бажаришни ҳам бўйнига олиши керак. Яъни ўқитувчи ўз фаолиятига креатив ёндашиши лозим.

Бу нима дегани? Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, педагог ёшларни ёт ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилувчи панжара, маънавий таҳдидлардан ҳимояловчи қал­қон ҳам бўлиши керак. Статистик манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, дунё бўйича умумий қотилликнинг 43 фоизини 10 ёшдан 25 ёшгача бўлган шахслар содир этмоқда.

Бундай радикал ҳаракатлар авж олган паллада педагог янада масъулиятли бўлиши, ёшлар билан кўпроқ суҳбатлашиши, уларнинг ўй-хаёл­лари билан доим қизиқиши лозим. Ўқитувчи бугун ҳар битта ҳолат бўйича ўқувчи ва талабага яқин киши, дўст, ота-онага айланиши керак. Агар «мени вазифам таълим бериш, тарбия билан ота-она шуғуллансин», деган фикр билан чеклансак, хато бўлади.

— Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни ҳамда Президентимизнинг 2017 йил 5 июлда «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ­фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони барчамизга, айниқса, педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди. Бу борада фикрингиз қандай?

— Президентимиз биз педагоглар олдига етук, баркамол, комил инсонларни тайёрлаб бериш билан бир қаторда, рақобатбардош ва халқимиз, юртимиз учун фидойи, юксак маънавиятли ёшларни тарбиялаб бериш вазифаси қўйди. Юксак маънавият соҳиби бўлган комил инсон миллий ва умуминсоний қадриятларга қатъий риоя этади, иймон-эътиқодли, инсофу диёнатли, ориятли, виждонли бўлади. Ҳалол яшайди, ҳалол еб-ичади, меҳнат қилганида ўз манфаатидан давлат, жамият, миллат манфаатини юқори қўяди, хайр-саховатли, меҳр-муҳаббатли бўлади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жисмонан соғлом, маънан етук ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни шакллантириш, ёшларни ташқи таҳдидлар ва оммавий маданиятнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга ҳаракат қилмоқда. Бу борада педагоглар ва бошқа жамоат ташкилотлари биргаликда ҳаракат қилмаса, кўзланган натижага эришиш қийин.

— 2007 йилда «Касб таълими тизимида миллий истиқлол ғоялари асосида талаба-ёшлар маънавиятини шакллантириш» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилгансиз. Илмий тадқиқотларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Илмий ишларим ёшлар маънавиятини шакллантириш, янги рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, умуминсоний қадриятларни улуғлайдиган, ижтимоий фаол, юқори маданиятли ва юксак маънавиятли ёшларни тар­бия­лаш масалаларига бағишланган. Мутахассислигим бўйича 200 дан ортиқ илмий иш, шу жумладан, 11 ўқув қўлланма, 5 монография, 8 таълим технологиялари ва ўқув-услубий мажмуалари муаллифиман.

2009-2012 йилларда Швециянинг Сида жамғармаси ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида илмий тад­қиқот ишлари танлови бўйича халқаро эксперт кенгаши аъзоси этиб сайландим. 2011 йилдан Қозоғистон Республикасининг «Адам Элами (Мир человека)» ва 2015 йилдан «Ал Фароби» халқаро журнали, Россиянинг «История психологии и социология истории» халқаро журнали таҳрир ҳайъати, «Вестник РФО» Халқаро журнали таҳрир кенгаши аъзосиман. АҚШ, Малайзия, Сингапур, Қозоғистон, Россия, Туркия, Озарбайжон каби кўплаб хорижий мамлакатларда илмий анжуманларда маърузаларим билан иштирок қилганман.

— Ёшлар тарбиясида масъулият кўпинча оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигига юкланади. Шу тўғри деб ўйлайсизми?

— Жуда кўп йиллардан бери «Авесто»даги учта фикр — эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал тушунчаларини талабаларимиз онгига сингдириб боришга ҳаракат қиламан. Ана шу уч тамойил инсон ҳаётида дастуруламал бўлса, у ҳеч қачон адашмайди, янглишмайди, деб ўйлайман. Мен айнан мана шу учта фикр­ни оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигига боғламоқчиман.

Тарбия фақат оиладагина амалга оширилмайди. Аксинча оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида тарбия жараёни амалга оширилади.

Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни беқиёс. Аёл ўз сийнасидан фарзандига оқ сут бериш жараёнида маънавият асосларини сингдиради, унинг қалбини меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар этади. Инсон зоти дастлабки сабоқ ва йўл-йўриқни, таълим-тарбияни оиладан, онасидан ўрганади. Отанинг намунаси ўгит ва йўл-йўриқлари бола қалбида умрбод муҳрланиб қолади.

Бола ота-она тарбияси асносида мактаб остонасига қадам қўйиши билан унинг тақдири устоз ва мураббийларнинг сабоғига боғлиқ бўлади.

Бола тарбиясида маҳалла институтининг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки у оилада туғилади, маҳаллада улғаяди.

— Ёшлар маънавиятига эътибор қуруқ гапдан иборат бўлиб қолмаслиги учун нималарни таклиф этасиз?

— Кўп йиллар мобайнида олиб борган илмий изланишларим шуни кўрсатаяптики, оилавий қадриятларни ўғил-қизларимизнинг тафаккурига сингдириш учун янги давр талабларини назарда тутган ҳолда оилавий тарбия дастурини яратиш лозим. Оилада албатта китоб жавонини ташкил қилиш шарт, аммо бир нарсага эътибор қаратайлик: китоб бойлик, бироқ токчада тургани эмас, аксинча ўқилгани.

Ўғил-қизларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида элга таниқли, ибратли инсонлар билан учрашувларни изчил ўтказиб бориш лозим.

Ҳар бир таълим маскани қошида «Оила институти»ни ташкил этиб, ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокида таълим-тарбия жараёнига оид суҳбатлар, семинар-тренинглар уюштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Миллий, нодир қадриятларимизни оилада анъанага айлантириш керак.

Оила муаммосига доир педагогик методикалар тизимини яратишни ҳам ҳаёт талаб қилмоқда. Асрлар синовидан ўтган ўзбекона урф-одатларимиз, қадриятларимиз оилада қанчалик мустаҳкам бўлса, ҳар қандай ёт ғояларга тўсиқ бўла олади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.