13.09.2018

«БИРОВКИМ ҚИЛСА ОЛИМЛАРГА ТАЪЗИМ...»

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиму фузалолар, зиёлилар, илм-фан аҳлига қаратилаётган эътиборни кўриб, беихтиёр улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг бу борадаги қарашлари ёдимга келади. Ўз даврининг илғор кишиси, ҳукумат раҳбари сифатида у жамият тараққиётини илмсиз, олимсиз тасаввур қила олмасди.

Алишер Навоий асарларидаги бош ғоя — жамиятнинг локомотивини энг аввало илмий ғоялар, олимлар юргизади. Уларнинг юксак қарашларига давлат раҳбари қанот бўлиб, қўллаб-қувватласагина, юрт равнақи, келажаги порлоқ бўлади. Улуғ шоир:

Бировким қилса олимларга таъзим,

Қилур гўёки пайғамбарга таъзим,

деб олимнинг жамиятдаги ўрнини энг юксакликка кўтаради. Яна Навоий ўзининг Шарқ тарихига оид асарларидан бирини «Тарихи анбиё ва ҳукамо» деб номлайди ва анбиёни — яъни, олимни ҳукамодан устун қўяди. Шарқ адабиётида Александр Македонский — Искандар Зулқарнайн образи ижобий каҳрамон сифатида тасвирланади. Айниқса, у Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида яққол кўзга ташланади.

Искандар қаерга бормасин, ўзи билан бирга олимлар, донишмандлар, ҳарбий илм билимдонларини олиб юради, бир ишни бошлашидан олдин улар билан маслаҳат қилади. Ва бирин-кетин ғалабаларга эришади.

«Хамса» ижодкорлари Искандар образини яратар экан, ҳукмдор ҳамиша, ҳамма ишда олимлар билан бамаслаҳат иш тутиши, бу эса жамият ва давлат олдига қўйилган улуғвор мақсадларга эришишда муваффақият келтиришини бадиий образлар орқали ўқувчилар онгига етказиб беради. Навоий қарашларида давлатдорликда ҳамма вақт илм аҳли, олиму уламоларни шарафлаш ва қадрига етиш, уларнннг маслаҳатлари билан давлатни бошқариш мақсади мужассам. Ана шу ғоя боис Навоий ўз даврида юзлаб ижод аҳлига кўмак берди, жамиятнинг илғор қарашларини ўз илмий ишларида, бадиий, тарихий асарларида тараннум эта олган шахсларни тарбиялаб, моддий ёрдам кўрсатди.

Бу ҳақда унинг замондошлари бўлмиш Хондамирнинг «Ҳабиб-ус-сияр», Муҳаммад Ҳайдарнинг «Таърихи Рошидий», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ-ул-вақоеъ» асарлари ҳамда унга замондош бўлган ўнлаб адиблар ва тарихчилар асарларида келтирилган факту далиллардан мисол келтиришимиз мумкин.

Бу Алишер Навоийнинг шогирдпарварлиги ўша даврда юксак аҳамиятга моликлигидан далолат беради. Тарихчи Хондамир давр ҳомийси Навоий ҳиммати боис мисли кўрилмаган асарларни авлодларга қолдирган, тенги йўқ истеъдод соҳиби бўлган шахсга айланган. У Амир Темур салтанатининг сўнгги даври, тож-тахт учун курашнинг энг шиддатли палласи, темурий султонлар, тахт ворислари ва бу тахтга лойиқу нолойиқ даъвогарларнинг тарихдаги ўрни ва мавқеини анча ишонарли тарзда ёритиб берган. Хондамир Навоий вафотигача унинг ёнида бўлди. Навоий вафотидан сўнг у она юрти Балхга, Султон Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон ҳузурига борди.

Хондамир бевосита Алишер Навоий ҳомийлиги ва раҳнамолигида ижод қилиб қатор асарлар яратди. У «Хулосатул-ахбор» асарида Алишер Навоий томонидан Ҳиротда бунёд этилган бир қатор иншоотларни санаб ўтадики, уларнинг ҳаммаси оддий халқни ўйлаб бино қилинган. Хондамир ёзади: «Файз паноҳ ҳар куни наҳорда... фақир ва заиф кишиларга таом беради ва ҳар йили дарвишларга қарийб икки минг пўстин, чакмон, кўйлак, чолвор тоқия ва кафш берарди. Бу ҳар иккала шарофатли жойда машҳур уламолар аа эҳтиромли фозиллардан етти киши диний масалаларни таҳқиқ қилиш ва табиий илмларни тадқиқ этиш билан машғулдирлар. Ул жойнинг талабалари хотиржамлик билан мутолаа қилардилар».

Хондамир «Хулосатул-ахбор» асарида Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида кучли зилзиладан хароб бўлган Ҳиротнинг катта жомеъ масжидининг бузилиши ва уни Навоий ўз маблағи билан қайта тиклагани, таъмир этиб, аввалгисидан кўркам ҳолга келтирганини айтиб (Алқисса, амир Алишернинг нурли, балки гавҳарлик дили, ул олиймақом ибодатхонани мустаҳкамлашдан хотиржам бўлгандан сўнг унга зебу зийнат бериш ва безаш хаёли, ҳашамат ва кўрк бериш андишаси унинг олийжаноб хотирига келди... олий ишоратга кўра муборак асарлик муҳандислар, хушмуомила кошинтарошлар, ҳунарманд наққошлар ва сангтарош усталар тезлик билан файзосор масжидга безак ва тартиб беришга киришдилар...», — деб ёзади.

Хондамир «Хулосатул-ахбор» хотимасида ўша пайтда Ҳиротда яшаган ва ижод қилган олимлар ҳақида ҳам тўхталади, уларнинг айримларини мисол тариқасида келтиради. Шу рўйхатдан ҳам маълум бўладики, Ҳирот маданий қатламида Алишер Навоий карвонбошилик қилган, унинг пири комили Абдураҳмон Жомий эса халқни жамият манфаатига меҳнат қилиш, ислом динининг анъаналарига содиқликка риоя қилиш, комил инсонлик талабларига амал қилган ҳолда жамиятнинг умумий ахлоқий жиҳатларига аҳамиятни сусайтирмасдан назорат қилишни ўзининг бурчи деб билган. Булар орасида икки томлик «Равзaтул-аҳбоб» билан шуҳрат топган Жамолиддин Отауллоҳ Асирийнинг асари, Қуръоннинг форсча тафсирини яратган «Рашаҳоти айн-ул ҳаёт» асари муаллифи Ҳусайн ибн Али Воиз ал Кошифий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Хондамир томонидан ёзилган «Ҳабиб-ус-сияр» асарида ўша пайтда маънавият ва маърифат етакчилари бўлган, жамиятнинг илм-фанини бошқарган 64 нафар олим, мударрис, уламолар ҳақида маълумот келтирилади. Ўша пайтда фаолият кўрсатаётган Султония, Ихлосия ва Исломия мадрасаларида диншунослик асослари бўйича машғулотлар олиб борилган. Ғиёсия мадрасасида эса математика, фалакшунолик (астрономия) ва бошқа аниқ фанлар бўйича толиби илмларга сабоқ берилган.

Ўша даврнинг олиму уламолари, мартабали кишилари қайси вазифада бўлмасин, давр ёшларини таълимнинг бугунги истилоҳ билан ифодалаганда, инновацион қарашларга бой бўлган билим билан қуроллантиришга интилган. Масалан, тарихчи Хондамирнинг маълумотларига қараганда, Ғиёсиддин Мансур замонасиннг қомусий олими сифатида шуҳрат топган. Айниқса у ҳисоб, математика бўйича чуқур билимга эга бўлган. Буни ўша давр олимлари ҳам тан олишган. Ғиёсиддин Мансур отасининг Ғиёсия мадрасасида истеъдодли, билимга чанқоқ ёшларни тўплаб, уларга сабоқ берган, ўз имкониятларини юзага чиқаришига ёрдам берган. Хондамирнинг асарида ўша даврнинг мадрасаларида мударрислик билан шуғулланганларнинг аксарияти китоблар, дарсликлар яратганлиги ҳақида кўплаб маълумот берилади.

Ўша даврдаёқ илм аҳлига, шоиру фузалоларга эътибор қаратилиши, олиму уламоларнинг қадрланиши Амир Темур салтанатини юксакликка кўтаришга хизмат қилди. ХV-XV1 асрларда Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоийдек илм-фан раҳнамолари туфайли илм аҳли элда эътибор топди, уларнинг салтанат равнақига хизматлари юксак қадрланди.

Бугун ҳам мамлакатимизда ана шу анъана бардавомлиги илм-фан аҳлининг моддий фаровонлигини оширишда, уларнинг эмин-эркин ижод қилиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилишида, инновацион ғояларини рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатилишида намоён бўлмоқда. Илм-фан, ижод аҳли учун бундан ортиқроқ бахт йўқ.

 

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.