Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
31.07.2018

КЎЗИ ЁНИБ ТУРГАН БОЛАЛАР ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДАДА СОВРИНДОР БЎЛИШДИ

Чехия ва Словакияда дунёнинг 80 мамлакатидан келган 300 нафардан ортиқ ўқувчи ўн кун давомида 50-халқаро кимё олимпиадасида ўз билимларини намойиш этишди. Унда Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ўқувчилари Жалолиддин Оловуддинов ва Дилдора Ҳакимбоева ҳам қатнашиб, бронза медалларини қўлга киритишди. Кеча тонгда фотомухбиримиз Санжар Шотўлаганов билан уларни кутиб олиш учун Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга чиқдик.

 

— Олимпиаданинг биринчи турида ўқувчилар беш соат давомида 3 та лаборатория ишини бажарди, — дейди Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти қошидаги ­Юнусобод академик лицейи директори Ортиқбой Эшонқулов. — Лаборатория ишига 40 балл қўйилади. Иккинчи тур назарий бўлиб, у 60 баллик тизимда баҳоланиб, 8 масала берилди. Жами бўлиб 100 балл қўйилади. Ҳакамлар орасида 3 нафар ­Нобель мукофоти соҳиблари борлиги бу олим­пиада нуфузи баландлигини кўрсатиб турибди. Шунингдек, жаҳоннинг йирик кимё фирмалари олимпиадага ҳомийлик қилди. Улар мусобақа жараёнини кузатиб боришди ва кучли болаларни ишга таклиф қилишди. Бундан ташқари, хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ректорлари ҳам олимпиадада иштирок этди. Улар ҳам иқтидорли болаларни ўз олий ўқув юртида грант асосида ўқишга тавсия қилишди. Бизга ҳам Чехия ва Германия давлатлари университетларидан таклифлар бўлди.

Олимпиадада тушадиган саволлар мусобақа қайси давлатда бўлса, ўша давлатнинг нуфузли университетлари профессорлари томонидан тузилади. Олимпиада бошланишидан бир кун олдин ҳакамлар томонидан танлаб олинади. Ушбу жараён ёпиқ ҳолатда бўлади. Саволлар иштирокчи давлатларга берилиб, шу давлатлар тилига таржима қилинди. Олимпиаданинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ўқувчилар Словакияда масала ечди, ўқитувчилар эса Чехияда онлайн равишда уларни кузатиб борди. Ўқувчилар Чехияда бўлган вақтда мураббийлар Словакияда бўлди.

— Мен лицейимизнинг кимё кафедраси ўқитувчилари билан биргаликда халқаро фан олимпиадаларига ўқувчиларни тайёрлашда ёрдамлашиб келяпман, — дейди халқаро Менделеев олимпиадаларида иккита кумуш, жаҳон олимпиадаларида иккита олтин медаль совриндори, лицей битирувчиси Бекзод Болтаев. — Лаборатория ишлари бўйича Ўсимлик моддалари кимёси институтининг органик синтез бўлими раҳбари ­Бурҳон Элмуродов бизга кўмаклашди. Ўқувчилар ушбу лабораторияда амалий тайёргарликдан ўтди. Назарий тайёргарлик лицейнинг ўзида бўлди.

— Олимпиада масалаларини ечишда ўқувчилардан креатив ёндашув, умуман замонавий фикрлаш талаб қилинади, — дейди Тошкент давлат педиатрия тиббиёт инс­титути қошидаги Юнусобод академик лицейининг катта ўқитувчиси Бахтиёр Усмонов. — Мен олимпиадада медаль олган ўқувчиларни ёшлигидан олим бўлган болалар, деб ўйлайман.

Болаларни олимпиадага қатнашиши, ўрин олиши ўқувчиларнинг олган билимларини мукаммаллик даражасини кўрсатиб беради. Яъни, бола фақатгина китоб ўқиганми ёки амалиёт билан ҳам шуғулланганми, мустақил фикрлашга эгами ва бошқа шу каби томонларини ажратиб беради. Бу олимпиада ўқувчидан биринчи навбатда мустақил, ностандарт фикрлашни талаб этса, иккинчидан умумий ҳамма биладиган, масалан, лекция ўқисангиз эшитиб, ўрганиб кетадиган эмас, балки ундан ташқари ҳам мустақил изланишни, ўрганишни талаб қилади. Шунинг учун олимпиадада ғолиб бўлган ўқувчининг натижасида ўқитувчининг меҳнати 15 фоиз бўлса, 85 фоизи боланинг ўз ҳаракати, кучи, интилиши бўлади.

— Олимпиада яхши ўтди, — дейди бронза медали ­соҳиби ­Дилдора Ҳакимбоева. — Бутун дунёдан энг яхши ўқувчилар келди. Олимпиадада иккита тур бўлди. Масалалар осон бўлди. Уни гуруҳимизнинг 4 нафар иштирокчиси яхши ечди. Лекин лаборатория ишида бироз қийинчиликларга учрадик. Бу албатта кўп машқ қилмаганим, балки ўз устимда кўп ишламаганим учундир. Мен олимпиадага олтин медаль оламан, деб борган эдим, лекин бронза бўлди. Агар лабораторияни ҳам яхши ишлаганимда, албатта, олтин медаль олар эдим.

— Олимпиадада лаборатория иши менга ҳам бироз қийинчилик туғдирди, — дейди бронза медали соҳиби ­Жалолиддин Оловиддинов. — Назарий қисмда 8 та масаланинг 6 тасини осон ечдим ва 35 балл олдим. Иккинчи лаборатория иши кнетика тезликни ўлчайдиган жараён бўлиб, вақтга боғлиқ эди. Шунинг учун уни якунлашга улгурмай қолдим. Назарияда ҳам биринчи ва иккинчи масалага вақт етмай қолди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.