26.07.2018

914,6 МИЛЛИАРД СЎМ: КЎПМИ ЁКИ КАМ?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

 

— Инсон саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Мамлакатимизда кейинги икки йилда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида йигирмага яқин ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Улар асосида фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилиб, вазирлик ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Давлат тиббиёт ташкилотларига до­ри воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун жорий йилда 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва бошқа бирламчи тиббиёт муассасалари қошида 2200 дан ортиқ ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилди. 13 «Isuzu», 100 та «Damas» русумли машинадаги кўчма дорихоналар олис ва тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 152 фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилмоқда. Ҳозирда хорижий ­инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 мил­лион АҚШ долларига тенг 9 инвестицион лойиҳа амалга оширилаяпти.

Айни пайтда фармацевтика саноатига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» каби эркин иқтисодий зоналари (ЭИЗ) рўйхатга олинган бўлиб, ушбу ҳудудларда доривор ўсимликларни етиштириш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 518,9 гектар ер майдони танлаб олинди. Мазкур эркин иқтисодий зоналар ҳудудида қиймати 1 триллион 361,1 миллиард сўмга тенг 30 лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг натижасида 1 минг 903 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Тадбирда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар ва келгусидаги режалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

 

Ноила МАРУПОВА



DB query error.
Please try later.