Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.07.2018

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ҚАНДАЙ МУАММОЛАР БОР?..

Аввало, тупроқ бонтировкасини амалга ошириш зарур. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда тупроқнинг балл бонитетидан келиб чиқиб ҳосилдорлик белгиланади. Бироқ Қорақалпоғистоннинг кўпчилик туманларида тупроқнинг ҳосилдорлиги яқин ўн йил давомида текширилмаган.

Мураккаб об-ҳаво шароитида кутилган ҳосилга эга бўлиш учун экинларни тўғри парваришлаш, суғориш ва уларга ишлов бериш бўйича қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Уларга нафақат соҳа ходимлари ва мутахассислар, балки жамоатчилик ҳамда депутатлик бирлашмалари вакиллари ҳам жалб этилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Салауатдин Худайбергенов Қорақалпоғистон Республикасида депутатлик назорати гуруҳида ишламоқда. Депутат билан ҳудуддаги ҳолат ҳақида гаплашганимизда ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. Ўрганилаётган муаммолар ва уларнинг ҳал қилиш масалалари бўйича таклифларини билдирди.

 

— Қорақалпоғистонда қиш­лоқ хўжалиги ҳосилдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини кўтаришга тўс­қинлик қилаётган сабаблардан бири тупроқ унумдорлигининг пастлиги, — дейди депутат. — Суғориб экишга мўлжалланган жами 295 минг гектар майдоннинг 255 минг гектари ҳар хил даражада шўрланган. Жумладан, 14 минг гектар майдон кучли шўрланган, 68 минг гектар ўрта шўрланган, 66 минг гектар ер кам шўрланган.

Шу сабабларга кўра, тупроқнинг шўрлари ювилиши шарт ва бу тадбирларни шўрланиш даражасига нисбатан меъёрлаб амалга ошириш учун 10 дан ортиқ иш турлари қўшимча бажарилади. Бу ишлар бажарилмаса, баҳорда тупроқда иккиламчи шўрланиш юз бериб, ниҳол ўстириш ва ҳосил олишга салбий таъсир кўрсатади.

Қорақалпоғистонда қиш кўпинча қорсиз кучли совуқ, ёз эса кучли қуруқ иссиқ бўлади. Юқоридагиларни инобатга олиб, айрим таклифларни илгари сурмоқчиман.

Аввало, тупроқ бонтировкасини амалга ошириш зарур. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда тупроқнинг балл бонитетидан келиб чиқиб ҳосилдорлик белгиланади. Бироқ Қорақалпоғис­тоннинг кўпчилик туманларида тупроқнинг ҳосилдорлиги яқин ўн йил давомида текширилмаган.

Ҳудудда тупроқ ва иқлим шароитларига мос навлар яратиш, шунингдек, маҳаллий нав­ларни яратиш, уруғчиликни ташкил этиш бўйича илмий асосланган тавсияларни, илмий изланишларни амалга ошириш мақсадида Чимбой туманидаги Қорақалпоқ деҳқончилик илмий тадқиқот институтининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари, замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлаш лозим.

Шу билан бирга, яхши ҳосилдорликка эришиш ҳамда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш учун ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш талаб этилади. Лазерли ер текислагичлар ёрдамида ишлов берилган майдонларда тўлиқ ва текис кўчат етиштириш, сувни иқтисод қилиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш имкони ортади. Коллектор ва дренажларни таъмирлаш ва тозалаш натижасида ер ости сизот сувларининг пасайиши, кучли шўрланган ерлар иккиламчи шўрланишининг олдини олишга эришилади.

Будан ташқари, тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида ҳудудимизда мавжуд бўлган кам маблағ талаб қиладиган, табиий глауконит, бентонит тупроқларини қайта ишлашни йўлга қўйиш учун Қорақалпо­ғистон Фанлар академиясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бунинг учун эса маблағ ажратилиши керак, деб ўйлайман. Тупроқ, иқлим шароитидан келиб чиқиб, пахта, беда, маккажўхори экинларини 1:3:6 усулида алмашлаб экишни йўлга қўйиш лозим. Ер унумдорлиги ва гумус миқдорини ошириб, экин майдони балл бонитетини кўтариш мақсадида органик сидерат экинларни экиш яхши самара беради.

Президентимизнинг 2016 йил 24 октябрдаги ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигига агрокимёвий хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлаш вазифаси «Ўзагро­ким­ё­ҳимоя» АЖ тизимидаги ҳудудий «Агрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятлари зиммасига юклатилган. Бунда қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган минерал ўғитларни лаборатория таҳлилларидан ўтказиб, уларнинг сифатига оид хулосалар асосида етказиб бериш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларига етказиб берилаётган барча турдаги минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш зарур. Сарф-харажатларни камайтириш мақсадида ҳудудий «Агрокимёстанция»лари тупроқдан намуналар олиш ва таҳлиллар асосида ўғит ажратишни йўлга қўйиши талаб этилади.

Амударё туманида кейинги йилларда Амударё дарёсидаги сув ўзани ўнг қирғоққа ўтиб кетиши сабабли, ҳудуднинг 13000 гектар майдони ва Манғит шаҳри аҳолисини сув билан таъминловчи Шихжамол ҳамда НАЭ-156, НАЭ-117, Ерланатау насос станциялари таъминотида жиддий ­муаммолар юзага келмоқда. Сув таъминотини яхшилаш учун Амударёга сув чиқариш қобилия­ти 10,0 м3/сек бўлган насос станцияси қуриш ва сув ўтказиш қобилияти 6,0 м3/сек бўлган 8,1 км узунликда янги канал қазиш зарур.

Насос станцияси қуриш ва янгидан канал қазиш ишлари амалга оширилса, Туямўйин сув омборидан 150-200 м3/сек сув ташланганда, Амударёдан оби-ҳаёт олиш имконияти туғилади. Шихжамол каналига қўшимча сув берилади ҳамда бошқа насос станцияларини ишлатишга эҳтиёж қолмайди. Эксплуатация харажатлари камайишига эришилади.

Чимбой тумани ҳудудида жойлашган «Май жап» канали тумандаги 4 та хўжаликни, жумладан, «Қизил-озек», «Май жап», «П.Сейтов» ва «Камис-ариқ» массивларидаги экин майдонларини сув билан таъминлайди. Канал узунлиги 30 км бўлиб, сув ўтказиш миқдори 50 м3/сек ни ташкил қилади. Ушбу каналнинг сув билан таъминлайдиган жами майдони 20522 гектар бўлиб, шундан пахта 1489 гектар, буғдой 3800 гектарни, томорқа ер майдонлари 1120 гектар ва бош­қа турдаги экинлар 14113 гектарни ташкил қилади.

2013 йил Давлат дастури асосида 1-босқичда каналнинг 10 километр узунликдаги оралиғи реконструкция қилинган. Қолган қисми, яъни 20 км оралиғидаги ишлар эса йилдан-йилга қолдирилиши оқибатида 10 километр жой ҳам кўмилиб, эски аҳволга қайтмоқда. Канал охирида жойлашган экин майдонлари, аҳолининг томор­қа ерларини сув билан таъминлаш муаммога айланган.

Шунингдек, Чимбой тумани «Камис-ариқ» ОФЙ ҳудудидаги «Жана-жап» ва «Камис-ариқ» каналларининг бошига 2 дона насос станцияси қурилиши, қишлоқ хўжалигида яхши самара беради. Ҳосилдорлик ҳажми ортиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.