Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
24.07.2018

САОДАТЛИ ЗАМОН

Давр – замоннинг яхши томонга ўзгариши билан саодатлидир. Яъни, бу – халқ ишончини қозониш, жамиятда ёшлар иштирокини, фаоллигини таъминлаш, эртанги кунимизнинг қандай бўлиши ана шу омилларга боғлиқ эканини англаб етиш саодатидир. Бугун минглаб оддий инсонларнинг ҳаёти яхши томонга ўзгармоқда, нотавон кўнгилларда эртанги кунга ишонч, меҳр-оқибат уруғлари унмоқда.

Замон эврилишларини кўриб, қадим бир ривоят ёдимга тушади. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Сосонийлар сулоласи беш юз йил ҳукмронлик қилган. Сосонийларнинг биринчи ҳукмдори ­Анушервон жуда маърифатли ва одил шоҳ бўлган. У ўз салтанатини адолатпарварлиги туфайли мустаҳкамлаган. Халқи бахтли, тинч-фаровон яшаган.

Ривоятда келтирилишича, ҳатто ­Анушервон шундай қилган эканки, у яшайдиган қаср дарвозасига ўрнатилган ҳалқага боғланган ипнинг иккинчи учи султон қароргоҳидаги қўнғироққа уланган экан. Қайси фуқаронинг арзи-доди бўлса, ҳалқани силкитган ва шу тариқа қўнғироқ чалинган. Анушервон арзи бор одамларни бирма-бир қабул қилиб, дарди-ғамини тинглаб, уларга кўмаклашган. Оддий халқ султон томонидан ҳимоялангани учун уни Анушервони одил, деб улуғлашган экан...

Ёдимдан сира чиқмайди, бундан ўн йилча муқаддам Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлардим. Иш кўп, қўл-қўлга тегмайди. Баъзан фикрни бир нуқтага жамлаб олиш мақсадида бир неча дақиқа ҳамма нарсани хаёлдан чиқариб, дераза ёнига борардим. Шунда кўпинча идорамиз рўпарасидаги новвойхонани тозалаб юрган мактаб ёшидаги болага кўзим тушарди.

Ҳозир айни ўқийдиган вақти бўлса, нега бу бола эртаю кеч тандирнинг кулини олиш, ўтин ёриш ва бошқа ишлар билан машғул деб ўйлардим. Буни аниқлаш учун бир куни у билан суҳбатлашдим. Маълум бўлишича, бола тўққизинчи синфни битирган, мактаб раҳбарияти томонидан унинг ҳужжатлари туман академик лицейига топширилган. Лекин ўқишга борса, лицей раҳбарияти «Ҳужжатинг бошқа коллежга жўнатилган», деб қабул қилмаган.

Она-бола Денов туманининг тоғли Сина қишлоғида яшаганлиги боис, ҳужжатни топиш учун марказга қатнайвериб, йўл харажатларидан чарчаган. Бу ўртада ота уйдан бош олиб кетган. Оила ночор аҳволда қолгани туфайли, бола эртадан-кечгача шу новвойхонада ишларкан...

Мен бу воқеадан жуда таъсирландим. Масаланинг моҳиятига етиш, адолатни тиклаш мақсадида у ўқиган мактаб раҳбарияти, у яшайдиган маҳалла фаолларини, ҳудудий профилактика ва вояга етмаган ёшлар билан ишлаш инспекторларини йиғиб, бола ҳақида сўраб-суриштирдим. Улар бир овоздан: «Бола Денов туманидаги академик лицейда ўқияпти», деган ёлғон маълумот беришди.

Мен агар ўқиётганлиги рост бўлса, уни олдимга олиб келишларини буюрдим. Эртаси куни бола новвойхонада ишлаётганини айтишди. Икки кун ичида унинг ҳужжатлари топилди, туман академик лицейига ўқишга қабул қилинди.

Унинг таълим-тарбиясини назоратга олдим. Ҳар томонлама кўмаклашдим. Маҳалла раиси билан бирга унинг уйига бордик, оиласи ночор аҳволда эканлигини кўриб, маҳалла фаолларидан ва ўзига тўқ тадбиркор фуқаролардан бу оилага ёрдам кўрсатиб туришни илтимос қилдим.

Шу воқеадан кейин тумандаги барча таълим муассасалари профилактика хизмати ходимлари орқали текширтирилиб, ҳар бир ўқувчи ҳақида маълумотлар тўпладик. Ўқишга бормаётган ва туман ҳудудидан чиқиб кетган ўқувчилар сонини аниқлаб, чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Ана шунинг натижасида вазият ижобий томонга ўзгарди. Айбдор мутасадди раҳбар ва ота-оналарга нисбатан тегишли чоралар кўрилишига эришдим. Бола улғайди, ўқиди, камолга етди. Олий ўқув юртини битириб, ҳокимиятда масъул лавозимда фаолият кўрсатмоқда. У билан ҳозиргача хабарлашиб турамиз. Ҳар сафар уни кўрганимда, кўнглим ёришади, хурсанд бўламан, инсонларга яхшилик қилиш энг олий бахт эканини чин дилдан ҳис этаман.

 

Одилжон ЖАББОРОВ,

Ички ишлар идоралари фахрийси, истеъфодаги полковник.



DB query error.
Please try later.