12.07.2018

«ЭШИТДИНГИЗМИ, ФАЛОНЧИ...»

Хоҳлаймизми, йўқми, кундалик ҳаётимиз давомида жамоат транспортларига кўп ишимиз тушади, узоғимиз яқин бўлади. Бундан мамнунмиз, албатта. Аммо жамоат транспортида кўпчилик асабига тегаётган ҳолатлар ҳам бўляптики, уларга бефарқ қарамаслик керак, деб ўйлайман. Масалан, автобус, микроавтобусда кетаётган йўловчилар, ёшларми, катталарми, мобиль телефондан фойдаланиш одобига эътибор бермаётганга ўхшайди.

Эрта тонгда яхши кай­фият билан ишга кетаяпсиз, бугунги иш режалари ҳақида ўйлаб бораяпсиз. Шу пайт хаёлингизни мобиль телефонда гаплашаётган йигитнинг овози тўзғитиб юборади... Ёки кеч ишдан чарчаб қайтаётганингизда ҳам шу каби ҳолатни кўриш мумкин. Мобиль телефонида қандайдир таниши билан баланд овозда гаплашаётган киши ён-атрофдаги одамларга эътибор ҳам бермайди. Гўё автобусда ундан бошқа ҳеч ким йўқдек. Мобиль телефондан фойдаланиш албатта яхши, бироқ ундан фойдаланиш тартиб-қоидалари, одоби бор.

Бир кун эрта тонгда ишга отландим. Соат чамаси 6 эди. Автобусга чиқсам, ўрта ёш­лардаги эгнида қимматбаҳо кийим кийган бир аёл ким биландир гаплашарди. Аниқроғи, қўшнисининг қизи эри билан чиқишолмай ажрашиб, ота уйига қайтганини ипидан игнасигача ҳикоя қилар эди. Гап орасида айтишга ноқулай сўзларни ҳам овозини баланд қилиб гапираётганидан, атрофдагилар хижолат тортди. Мен манзилимга етиб келиб, жамоат транспортидан тушаётган вақтимда ҳам у гапида давом этаётган эди... Кўпчиликка сир бўлмаса ­керак, баъзан тушлик қилиш учун кафега кирганимизда ҳам ана шундай ҳолатларга дуч келамиз. Ноъмақул хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлар кишининг кўнглини ғаш қилади, асабига тегади, наҳотки уларда оддий ақл-фаросат, маданият етишмаса, деб ўйлаб қоласан киши. Оилада муомала маданияти, жамоат жо­йида ўзини қандай тутиш маданияти ўргатилмаган, ота-она ибратини олмаган боладан нимани кутиш мумкин? Ёшларнинг қўлидан телефон тушмайди, ё узоқ гаплашади, ё ўйин ўйнаб, телефондан бошини кўтармайди. Мактаб ўқувчиларининг ҳам қўлидан телефон тушмайди. Дарс пайтида ўқитувчи гапига қулоқ солиш ўрнига телефондан кимгадир «хат» ёзиб ўтиради, ҳар хил ўйинлар ўйнаб ўтиради. Мобиль телефоннинг хизматлари кўп. Аммо у билан боғлиқ муаммолар ҳам оз эмас. Телефондан фойдаланиш ёки телефондан гаплашишнинг одобини ўргатадиган курс йўқ, мактаб йўқ. Ота-она фарзандига, ўқитувчи ўқувчига тушунтириши, одамлар бир-бирини тергаб туриши лозим, деб ўйлаймиз.

 

Шаҳло ҲАКИМОВА

 



DB query error.
Please try later.