12.07.2018

ИНТИЛИШ КЕРАК, ҲАРАКАТ КЕРАК

Камолжон АЛИКОВ, Самарқанд шаҳридаги «Registon KAMOLJON» хусусий корхонаси раҳбари, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби:

— Хурсандчилигимни сўз билан ифодалай олмайман. «Мард ўғлон» сўзининг тагида қанча маъно бор, қанча мазмун бор. Жуда олий баҳо бу, кишига юксак масъулият юклайди бу мукофот. Мен ҳам энди ана шу эътирофга лойиқ бўлиш учун имкониятим даражасида меҳнат қилишга ҳаракат қиламан. «Мард ўғлон» давлат мукофотига лойиқ кўрилганимни эшитиб, қувондим албатта. Кейин бошимга тушган қийинчиликларни эсладим.

Тақдир тақозоси экан, 12 ёшимда ота-онам вафот этди. Бемор холам қарамоғида қолдим. Бир бурда нонимни ҳалол топишим, ҳам бетоб холамга кўмаклашишим керак эди. 8-синфда ўқиётганимда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехда ун қорувчи бўлиб ишладим. Кейин аста-секин шу цехнинг иш юритиш тартибини ўргандим. Мактабни тамомлаб, коллежга ўқишга кирдим, аммо у ерда ҳам тўлақонли таълим олишга имконим бўлмади, ишлашга мажбур эдим. Шу тариқа йиллар ўтди. Ўзбекистон Ёшлар ­иттифоқи ташкил топгани ва ёш тадбиркорларга ёрдам берилаётганини эшитгач, қалбимда бир умид пайдо бўлди. Тошкентга келиб, шахсан Қаҳрамон Қуронбоевнинг қабулига кирдим ва шароитимни ­тушунтирдим. Бу дунёда менга қал­қон бўлгувчи қариндошим йўқлиги, бироқ қўлимда ҳунарим борлиги, чет элда хор-зор бўлиб ишлаб юрмай, ризқимни шу ерда топишим ва оёққа туришим учун ёрдам беришларини сўрадим. Банкдан кредит ололмаслигим, бир бошпанаси йўқ мендек йигит гаровни топиб беролмаслигини айтдим. Биласизми, шу куни қайта туғилган куним бўлди. Чунки Ёшлар иттифоқи раҳбари кўксимдан итармади, менга ишонди ва ҳаётимни буткул ўзгартириб юборадиган қарорларга имзо чекди. Тадбиркорлигимни йўлга қўйишим учун Иттифоқ ҳисобидан маблағ ажратиладиган бўлди. Мен охирги пулларимни йиғиб, Тошкент­га келган эдим. Ҳатто уйимга қайтиб кетишга маблағим йўқ эди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, Қаҳрамон Қуронбоев ўз ҳисобидан йўл харажатимни тўлади. Хайрлашар эканмиз, қўлимни қаттиқ сиқиб, «ёлғизман деманг, энди биз бормиз, ҳали ҳаммаси унут бўлиб кетади», деди. Шундай бўлди ҳам. Ширинликлар ишлаб чиқарувчи «Registon KAMOLJON» цехини очдим. Керакли асбоб-ускуна, жиҳозлар олдим, 7 нафар ходимга иш бердим. Мана, бугун бир корхонанинг раҳбариман, қўл остимдагиларга маош бераман, давлатга солиқ тўлайман, ишлаб чиқарган маҳсулотим билан эл дастурхонини тўлдираяпман.

Тўғри, тадбиркор сифатида оёққа туришим осон кечаётгани йўқ. Аслида ҳамма тадбиркорлар ҳам бошидан ўтказиши муқаррар бўлган шундай жараёнлар бор: дастлаб ҳаммаси яхши бўлади, ишингиз ривожланиб, юқорилаб бораверасиз. Лекин кўп ўтмай, шу қадар пастга қулайсизки, бундай бўлишини тахмин ҳам қилмаган бўласиз. Ўшанда таслим бўлмай, яна олдинга интилишга ўзида ирода топа олган, барчасига қўл силтаб, воз кечиб кетмаган инсонгина ҳақиқий тадбиркор бўлади. Мен ҳам бошида жуда қийналдим, кўп қоқилдим. Маҳсулот ишлаб чиқараман, аммо уни тарқатадиган автоуловим йўқ. Топган даромадимнинг аксар қисмини юкимни жойларга етказиш учун транспорт воситаларини ёллашга сарфлайман. Шу сабаб корхонам учун кредитга автомобиль олиш ниятидаман. Қолаверса, кредит маблағининг йўналиш турларини кенгайтириш, яримтайёр, тезпишар озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш учун йўналтирмоқчиман.

Олий таълим муассасасида ўқишни жуда орзу қилдим, бироқ шароит тақозоси билан фақат меҳнат қилишга мажбур эдим. Мана, оёққа турдим, тадбиркор учун олий маълумотли бўлишнинг аҳамияти катта эканини тушундим. Ишонаманки, бу орзуим рўёбига ҳам оз қолди.

Ҳозир Самарқандда ота-онаси оламдан ўтган ёшлар, ижтимоий ҳимоя­га муҳтож оилаларга беғараз ёрдам қўлини чўзувчи тадбиркорлар клубини очяпман. Клубнинг хайрия фонди ҳисобидан ишсиз ёшларни малакали мутахассисга, уста-ҳунармандларга бириктириб, касб-корли қилиш ва ҳаётда ўз йўлини топишида кўмаклашмоқчиман.

Ота-онаси, пули, ҳатто уйи йўқ инсонлар ҳам «менга ҳеч ким ёрдам бермаяпти» ёки «давлат менга қарашиши керак», деган фикрни хаёлидан чиқариб ташлаши керак. Инсон ўзи ҳаракат қилмаса, унга ҳеч ким ёрдам бермайди. Ўзида интилиш бўлган одам эса жамиятимизда беэътибор қолмайди. Ёшлар иттифоқининг кўмаги бўлмаганда ким билсин, балки мен бугун айрим тенгдошларимга ўхшаб хорижда қора ишчи бўлиб юрган бўлармидим. Шу боис, чин дилдан ушбу ташкилотга ва унинг жонкуяр ходимларига миннатдорлик билдираман.



DB query error.
Please try later.