Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
26.06.2018

ФИКРАТ ДАРҒАЛАРИ

Дилбар МАҲМУДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— 1985 йил. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг қирқ йиллигини нишонлаш арафасида эдик. Республикамизда бунга қизғин тайёргарлик борарди.

— Оғзингизга талқон солиб олгандек ҳаммангиз негадир жимсиз... Наҳотки, олдинда қутлуғ ғалаба санаси эшик қоқиб турганидан бехабар бўлсангиз?! Шу буюк санани нишонлаш, газета саҳифаларида ёритиш масаласида бирорта бўлим на режа тузди ва на бирор таклиф билан олдимга кирди. Нима қиляпсиз ўзи, журналист­лигингиз, ҳозиржавоблигингиз қаерда қолди, — деди муҳарриримиз «летучка»га йиғилган ижодий жамоага. — Уруш йиллари Тошкент — нон шаҳри, деган мақомда машҳур бўлгани эсингиздан чиқдими?! Уруш олови ичра ёнаётган шаҳару қишлоқлардан эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишини Ўзбекистон ўз бағрига олди. Улар орасида ота-онасиз етимларнинг ўзи икки юз мингдан ошиқ эди. Бизнинг беғубор, феъли кенг, меҳнаткаш халқимиз бу болакайларни емай едирган, ичмай ичирган... Уруш йилларининг бутун бир авлодини келажак учун асраб қолган, биз ким ҳазрати ўзбеклармиз, ахир! — раҳбаримиз сўзини шу ерда тўхтатди-да, хонани тарк этди...

Бу танбеҳ барча бўлимларга дахлдор эди. Эртагаёқ бўлим папкалари уруш, ғалаба мавзусидаги материалларга тўлиб-тошиб кетади. Чунки редакциямизда ижодий кучлар етарли. Лекин ғафлат босдими, лоқайдликми, ташаббус биз ижодий ходимлардан эмас, муҳаррирдан чиққанди. Ходимларимизнинг қўли-қўлига тегмасди. Раҳбаримизнинг етим болалар, уларни бағрига олган ўзбек оналари, ўзбек оталари, деган сўзлари менинг ҳам хаё­лимдан кетмасди.

Мен ҳам урушни кўрганман, десам бўлади. Уруш орқасидаги ҳаёт урушдан кам бўлмаган. Бомбалар портламагани, танклар бостириб келмагани билан очарчилик, қаҳатчилик урушдаги аҳволдан қолишмасди. Уруш орқасидагилар ҳам ўзларини, ҳам жангчиларни боқиши, қурол-яроғ билан уларни таъминлаб туриши керак эди.

Ота-онам болалар уйлари, етимхоналарда ишлашган. Ота-онасидан жудо бўлган, кўзидан ёш, соғинч аримаган қрим-татар, украин, рус, белорусь дугоналаримни ўз кўзим билан кўрганман, биргалашиб йиғлаганман...

Хаёл узоқ-узоқларга олиб кетади. 1958 йил, 10 сентябрь Тилаб Маҳмуд билан никоҳ тўйимизга Шоаҳмад ота билан Баҳри ая меҳмон бўлиб келишганди. Бу пайтда Шомаҳмудовлар хонадони овозаси етти иқлимга таралган, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» асари дунё халқларининг ўн етти тилига таржима қилинган, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» бадиий фильми дунё экранларини забт этган дамлар эди.

Тўйимизга бош-қош бўлиб, ўз хонадонига мени келин қилиб туширган Тилаб Маҳмуднинг тўртинчи акалари, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Абдулҳақ Абдуллаев ҳам «Шомаҳмудовлар оиласи» деб аталган катта картина ишлаган, Шоаҳмад ота билан яқин бўлиб кетгани учун укасининг тўйига бу оилани ҳам таклиф этган эди. ­Шоаҳмад ота билан Баҳри ая бизга бахт тилашди, узоқ дуо қилишди. Ва қизил рангли кострюлка совға қилиб кетишди. Бу совғадан рўзғоримизда узоқ вақт фойдаландик...

Инсончиликда, одам ўзини, ота-онасидан тортиб, бошқа дуокашларини ҳам эслаб туриши табиий ҳол экан. Бугун уларни эслашнинг, эслаганда ҳам таъзим билан эслашнинг, улар ҳақида ёзишнинг айни хонаси келганди.

Бу оиланинг ёзилмаган, ўқилмаган қирраси қолибдими, дегувчилар ҳам бўлди. Ҳатто муҳарриримиз ҳам таклиф билан кирганимда ўйланиб қолди. У ҳам ёзганлардан ўтказиб нима ҳам ёзардинг, деяётгандай туюлди.

— ...Уруш тугаганига қирқ йил бўлди. Шоаҳмад ота хонадонидан паноҳ топган ўн тўрт боланинг тақдири мени қизиқтиряпти. Улар бугун кимлар, қандай касб-кор, ишлар билан машғул, нон-туз ичган юртидан розими улар, деган саволларга жавоб олмоқчиман, — дедим муҳаррирга.

— Бу йўналишда бўлса яхши... Боринг, ўрганинг, ёзинг, — деди раҳбаримиз.

Бу пайтда Шоаҳмад ота Шомаҳмудов оламдан ўтган эди.

Қаршимда она Ватанимиз бошига оғир, мусибатли кунлар тушганда оғзидаги ош-нонини, уй-жойи, ҳузур-ҳаловатини етим-есирлар билан бўлишган оддий ўзбек аёли ўтирар эди. Бу хонадон Тошкентга эвакуация қилинган етимларни буюк шоиримиз Ғафур Ғулом айтганидек:

Бунда бор ҳарорат, муҳаббат, шафқат,

Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам, — дея иссиқ бағрига олган, бошини силаган, вояга етказган ўзбек хонадонларидан бирининг табаррук остонаси эди.

Шу оддий ўзбек аёлида қанча жасорат, қанча фидойилик, қанчалаб меҳр-мурувват мужассам эканидан ҳайратланаман. Унинг етимлар бошини силаган, кир-чирини ювган, овқат пишириб, оғзига тутган олтин қўлларини ўпгим келади. Унинг меҳр сутига лиммо-лим бағрини қучгим келади...

Онаизорнинг фарзандларидан кўнгли тўқ эканини сезаман. Эр-хотин уларга қанот беришибди, учирма қилишибди. Бош фарзандлари Рафиқ ўн тўрт бола орасидан биринчи бўлиб нафақага чиқибди. Муаззам билан Ҳамидулла бир-бирларини севиб, оила қуришибди. Шурик отасини, Рая билан Адик оналарини топишибди. ­Ольга фабрикада тикувчи экан. Эргаш билан хотини Зоя шаҳар маиший хизмат комбинатида ишлашар экан. Зина, Ҳабиба, Раиса, Володя... ҳаммаларининг касб-корлари бор, ўзларидан тинишган. Она учун бундан ортиқ яна нима керак! Баҳри аямиз улардан, улар оналаридан мингдан-минг рози. Фёдор Кульчиковскийга келсак, у республика кон-геология комплекси ­экспедициясида йигирма йилдан буён техника назорати ва хавфсизлиги ­инженери бўлиб ишларкан. Раҳбарият у ҳақда бири олиб, бири қўйиб мақтаб кетишди. Техника хавфсизлигини сақлаш борасидаги намунали ишларидан ҳикоя қилиб беришди... У билан хайр­лашаётганимда бир армони борлиги, шу масалада ёрдам беришимни илтимос қилди. У қаердан эвакуация қилиб олиб келингани, ёши нечада, миллати ким, шу пайтгача бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини, лекин билишни жуда-жуда истаётганини айтди. Кўзига ёш олиб, илтижо қилди. Бу учрашув таассуротларини газетамизнинг 1985 йил 26 апрель сонида эълон қилинган «Уруш болалари» мақоламда изҳор этдим. Фёдор Кульчиковский армонларини ҳам газетхонларга етказдим.

Орадан ҳеч вақт ўтмай, Ғиждувон шаҳар изтопарлар клуби аъзолари ва уларнинг раҳбари Эркин Латипов номидан қуйидаги мазмунда хат келди: «Клубимизга Днепропетровский область, Васильковский районидаги ра­йон газетасининг штатсиз мухбири К.Сальниченко мактуб йўллаб, «Писменное» қишлоғида яшовчи бир юз икки ёшли Дарья Алексеевна Кульчиковская Улуғ Ватан уруши йилларида невараси Фёдор Кульчиковскийни йўқотиб қўйгани, уни топишда ёрдам беришимизни илтимос қилган. Фёдорни 1983 йилдан буён қидирамиз. Балки, «Уруш болалари» очеркидаги Фёдор қариянинг неварасидир, бизга ёрдам беринг».

Кўзларимга ишонмайман. Наҳотки, Фёдор ўша момонинг невараси, наҳотки, у ўз жигарларини топди... Мактубни қайта-қайта ўқийман... Фёдорнинг кўз ёшлари, ўпкаси тўлиб қариндош-уруғларини қидиргани, архивларни титкилаб ташлагани, ахири ҳафсаласи пир бўлиб, бу ишни тақдир ҳукмига ташлаб қўйгани ҳақидаги мунгли ҳасратларини эслайман...

Беихтиёр Фёдорни излайман. На уйидан ва на ишхонасидан топаман... У сафарда экан, қайтибдию редакция­га чопибди. У ўша куниёқ Украинанинг энг узоқ гўшаларидан бири «Писменное» қишлоғига учиб кетди...

Иш телефонимнинг узоқ ва бош­қачароқ жиринглаб туришидан билдимки, бу — халқаро алоқа, бу — ­Фёдор...

— Опа, опажон, бувижоним билан учрашдик, уёғини сўрасангиз холам ва жиянларим ҳам бор экан... Худога шукр, Сизга, редакцияга раҳмат... Телефон узилиб қолади, яна уланади, яна шу гап... Икковимиз икки томонда ­суюнганимиздан кўз ёшларимизни тўкардик.

Фёдор Тошкентга қайтди. Афсуски, ота-онаси уруш йилларидаёқ ҳаётдан кўз юмишган, Фёдор бувиси қарамоғида қолган экан... У қандай қилиб Тошкентга келиб қолган, Баҳри аяникидан паноҳ топган, ҳақиқатан ҳам Дарья момонинг набирасими, бу ҳақдаги ҳикояларнинг ўзи туганмас бир эртак. У пайтларда ДНК ташхиси отлиққа ҳам йўқ эди. Лекин ҳар қандай ташхислардан ҳам ишончлироқ, баланд­роқ ҳаёт ҳақиқатлари, ҳаёт белгилари ­мавжуд экан. Фёдор чиндан ҳам ­Кульчиковская­нинг набираси эди... Бувижон ва набира учрашуви ҳақидаги бу ғаройиб ва ибратли ҳикояларни эшитар эканман, мавзуга қайтмасам бўлмас, орзу-армонлари ушалган икки инсон севинчидан газетхонларни баҳраманд этмасам бўлмас, деган фикрга келдим. Шундай қилиб, «Дийдор» сарлавҳали мақолам газетамизнинг 1986 йил 25 февраль сонида эълон қилинди...

 

Бу сурат 1973 йил февраль ойида олинган. Тошкент тўқимачилик комбинатининг машҳур тўқувчиси Лидия Казанцева таҳририят меҳмони. (Ўнгдан иккинчи Мақсуд Қориев).

 

(Бошланиши 21-июнда. Давоми кейинги сонда).



DB query error.
Please try later.