Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
12.06.2018

«ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИ

йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этмоқда, Бўстонлиқ туманида биз кўрган ўзгаришлар бунга яққол мисол бўла олади

Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1,080 миллион сўм маблағ эвазига 6,6 километр ичимлик ва оқова сув қувурлари тортилиши белгиланган бўлиб, шундан бугунги кунда 990 метр ичимлик суви қувурлари тортилди.

 

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудига ўтган киши, аввало, табиатнинг гўзал манзараларидан завқланади, тоза ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олади. Бу туманда яшаётганларга ҳаваси келади. Туман маркази Ғазалкентнинг номиёқ кишига ажиб бир ёқимли кайфият бағишлайди. Бу гўзал ва қадим шаҳарча ичига кириб, одамлар ҳаёти билан танишсангиз, уларни қийнаб келаётган муаммолар ҳам борлигига гувоҳ бўласиз.

— «Обод қишлоқ» дастури асосида туманимизнинг «Искандар» ва «Маърифат» маҳаллаларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу маҳаллаларда 37 та кўчадаги 1803 хонадонда 6082 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳаллаларга ке­йинги йилларда етарлича эътибор қаратилмагани боис, ички йўллар, кўп қаватли уйлар, маданий-маиший иншоотлар ҳамда таълим муассасалари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бунинг устига ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотида ҳам қатор муаммолар бор эди, — дейди туман ҳокими ­Ғайрат Мадаминов. — Ушбу дастур доирасида икки маҳаллани жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Айни пайт­да маҳаллаларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бундай эзгу ишлар нав­батма-навбат тумандаги барча маҳаллаларда амалга оширилиши режалаштирилган. Асосий мақсадимиз — аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш. Шунингдек, одамларда ўз қишлоғи, маҳалласи тақдирига масъулият ҳиссини кучайтириш, халқимиздаги бунёдкорлик, тадбиркорлик, ҳамжиҳатлик фазилатларини қўллаб-қувватлашдир.

Бугун бутун туманимизда ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Масалан, маҳаллалардаги кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний қурилган бинолар бузилди. Режага кўра, 16,6 километрлик ички йўлларнинг 2,8 километри таъмирланди, 13 километр­лик пиёдалар йўлаги қайта тикланиб, ирригация лотоклари янгисига алмаштирилмоқда. Электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида 838 миллион сўм маблағ эвазига 04 киловаттли 12,5 километр ҳаво электр тармоғи ва 9 трансформаторни реконструкция қилиш, эски симёғочларни бетон устунга алмаштириш, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг 7080 метр квадрат том қисми янгиланиб, хонадонларнинг ташқи тарафи умумий ландшафтга хос тарзда бўялмоқда.

Аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1,080 миллион сўм маблағ эвазига 6,6 километр ичимлик ва оқова сув қувурлари тортилиши белгиланган бўлиб, шундан бугунги кунда 990 метр ичимлик суви қувурлари тортилди. Қолаверса, ҳудуддаги савдо ва гўшт дўконлари ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

— Бугунги кунда маҳалламизда катта ўзгаришлар бўлмоқда, — дейди «Маърифат» маҳалласининг Алишер Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Шерпўлат Тошматов. — Мана, ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, аҳолимизни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув қувурлари ётқизилмоқда. Олдинги сув қувурлари ётқизилганига ҳам 50 йилдан ошиб кетганди. Бир қарасанг, бизнинг кўчамиздаги, бир қарасанг, нариги кўчадаги ичимлик сув қувури ёрилиб кетиши оқибатида муаммолар пайдо бўларди. Уни тузатишга мутахассислар етиб келгунича бутун бошли кўчаларимизни сув босиб ётарди.

Бундан ташқари, пала-партиш ўрнатилган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилмоқда. Электр тармоқларининг осилиб ётган эски симлари тартибга келтирилмоқда. Кўчамиз тунда ҳам ёришиб туриши учун тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. Ичимлик суви ва канализация қувурлари ётқизиш ишлари якунланганидан сўнг маҳалламизнинг барча кўчалари асфальтланади. Уйларимизнинг фасад қисмлари ҳам бир хил кўринишга келтирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, маҳалламиз обод ва файзли масканга айланмоқда. Бундан хурсандмиз, миннатдормиз.

Бизга ҳамроҳлик қилаётган туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари ­Элмурод ­Пўлатов бу икки маҳалла ҳудудида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Кўп қаватли ҳамда ҳовлили хонадонларни, ташкилот ва корхоналар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш объект­ларини таъмирлаш, маҳаллалар ҳудудидаги иккита мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганлигини кўрсатди.

Суҳбат жараёнида Элмурод Пўлатов «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган ишларда, айниқса, боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган фуқароларга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади.

Туманимиздаги бўш турган уйлар ва бинолар қайтадан рўйхатга олинди. Тўғриси, эътибордан мутлақо четда қолган бинолар, қаровсиз турар-жойлар борлиги аниқланди. Уларни таъмирлаб, реконструкция қилиб, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва эҳтиёжманд оилаларга берилаётганлигини айтди. Улардан бирини бизга кўрсатди.

— Мана бу бино, эски маҳалланинг биноси бўлган. Анча йиллардан буён қаровсиз ётганди, — деди у бизга деворлари сувоғи кўчиб тушган, эшик ва деразасиз уйни кўрсатиб. — Биз буни таъмирлаб Меҳрибонлик ­уйидан келган икки нафар ёшга бермоқдамиз...

Таъмирланаётган уй ичкарисидан Меҳрибонлик уйидан келган Элшода Элходжаева чиқиб келди.

Бизнинг мақсадимизни билгач, ўз миннатдорлигини билдира бошлади. Бу эътибордан жуда-жуда хурсандлигини айтди. Қувонч ёшларини яширмади.

— Меҳрибонлик уйидан рухсат берилганидан сўнг, менда ҳадик бор эди. Энди қаерда яшайман, ўзимнинг уйим бўлармикин, деб ўйлардим, — дейди у. — Кўриб турганингиздек, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли беш хонали уй ҳокимият томонидан мен ва дугонамга берилди. Бу ғамхўрликка жавобан Ватанимга чин дилдан хизмат қиламан.

Амалга оширилаётган бунёдкорликларни кузатиш мақсадида йўлимизда яна давом этамиз.

15-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасасида ҳам таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари кетаётган экан. Бу ишлар учун 138 миллион сўм маблағ ажратилибди.

— Махсус мактабгача таълим муассасамизнинг дастурга тушгани бизни жуда хурсанд қилди, — дейди таълим муассасаси мудираси Гулчеҳра Юнусова. — Чунки бугунги кунда муассасамизда нутқида, таянч ҳаракатида, ақлий ривожланишида нуқсони бор, заиф эшитувчи 174 нафар бола 10 та махсус гуруҳда тарбияланмоқда. Шу кунгача ўзимиз қўлимиздан келганича боғчамизни ҳовлисини обод қилишга ҳаракат қилиб келаётгандик. Эндиликда ҳокимиятнинг кўмагида боғчамизнинг атрофи цемент-бетон йўлаклар қилинмоқда. Болалар ўйнайдиган жой ҳамда ёзги чўмилиш ҳавзаси замонавий кўринишда қайтадан қурилмоқда. Бу ишларнинг барчаси болажонларимиз соғлом бўлиб вояга етишлари учун амалга оширилмоқда. Ўрни келганда бир таклифни ҳам айтиб ўтмоқчи эдим. Муассасамизнинг реабилитация марказига олий тоифадаги шифокорларга эҳтиёж бор...

Амалга оширилаётган бунёдкорликлар билан танишиб, кеч бўлганини ҳам сезмай қолибмиз. Бизга ҳамроҳлик қилган ҳоким ўринбосари Элмурод Пўлатов ҳозир соат 19:30 да «Маърифат» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш бўйича туман ишчи гуруҳи штабининг ­мажлиси бўлишини айтиб қолди. Биз ҳам кузатувчи бўлиб мажлисда иштирок этдик. Штабда тумандаги газ таъминоти, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат унитар корхонаси, бандликка кўмаклашиш маркази, архитектура, сув­оқова корхонаси, тижорат банклари филиаллари, электр тармоқлари ва ободонлаштириш бўлимларининг масъул раҳбар ходимлари, маҳаллалар оқсоқолларидан кун давомида бажарилган ишлар, дуч келинган муаммолар тўғрисида маълумот сўралди. Кимдир раҳмат эшитди, кимдир танқид қилинди. Қаерда қандай муаммога дуч келинаётган бўлса, очиқ айтилиши сўралди. Агар бирор масалада маблағ етишмаётган бўлса, ёрдам бериш имконияти борлиги билдирилди. Йиғилиш якунида ҳоким ўринбосари тунги соат 24:00 гача штабда бўлиши, кимда савол туғилса, бемалол мурожаат қилиши мумкинлигини айтди. Эртага эрталаб соат 07:30 шу ерда ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиши, унда ҳамма қатнашиши шартлиги айтилди. Шундан сўнг бизнинг ҳам бир кунлик кузатишимиз якунланди.

Ғазалкентдан қайтаётиб, анг­ладикки, «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш ишларида одамлар ўзгача кайфият билан иштирок этмоқда, ҳашарларда фаол қатнашмоқда. Қишлоқларни обод қилиш мақсадида бошланган ташаббус, бажарилаётган ишлар, аввало, одамлар қалбини обод этмоқда.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.