24.05.2018

КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Педагог сифатида айтаман: узоқ йиллар давомида бизни қийнаб келган муаммонинг ҳал этилгани қувонарли иш бўлди. Бугун Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди, ўқитувчи мажбурий меҳнатга жалб этилмайди. Бу — таълим-тарбия сифатини кескин ошишига, жамиятда муаллим обрў-эътибори янада юксалишига замин яратади.

Мактаб муқаддас ҳисобланмаган, муаллим қадрланмаган, эъзозланмаган, таълим-тарбия давлат сиёсати даражасига кўтарилмаган мамлакатнинг келажаги йўқдир. Бу фикрга инсоният йиллар, асрлар давомида етиб келди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мактаб таълимига, муаллим мавқеини кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни биз, ўқитувчилар ўз фаолиятимиз, ҳаётимиз мисолида кўриб, билиб турибмиз. Мактаб моддий-техника базасини яхшилаш, педагоглар савиясини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ота-оналар, кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Мен ўқитувчилик фаолиятим давомида ота-оналарнинг фарзанд таълим-тарбиясига бугунги кундагидек эътибор берганини кўрмаганман. Ҳар куни ўнлаб ота-оналар мактабга келиб, боласининг фанларни ўзлаштириши, одоб-ахлоқи, ўқитувчиларнинг қандай дарс бериши билан қизиқади. Улар фарзандларининг танловларда иштирок этиши, спорт тўгаракларига қатнаши, мактаб кутубхонасига аъзо бўлиши масалаларида ҳам раҳбарият билан фикрлашади, маслаҳатлашади. Бу талаб ва таклиф биз, педагогларни ўз ишимизга масъулият билан қарашга ундайди.

Бугун замон ўзгарди. Одамларнинг фикрлаши, ҳаётга қарашида ойдинлик пайдо бўлди, ўзига ишончи ортди. Президентимиз ташаббуси билан 11 йиллик мактаб таълимининг қайта тикланишини ота-оналар мамнуният билан кутиб олишди. Ўқувчиларимизнинг қувончини айтмайсизми?

Мактаб остонасига қадам қўйган бола 11 йил давомида устозлари, маҳалласи, қишлоғи, ота-онасининг кўз-ўнгида улғаяди. Улар олдидаги масъулият ва бурчини ҳис қилади, узвийлик йўқолмайди. Иш фаолиятим давомида шуни яхши биламанки, юқори синфда ўқиётган ўсмир тарбиясида муаммога дуч келсак, унга таълим берган биринчи ўқитувчисини ёрдамга чақирамиз. Биринчи ўқитувчисининг айтганини қилмайдиган ўқувчининг ўзи йўқ. Демак, таълим-тарбиядаги давомийлик бузилмас қонуниятдир.

Мактабимиз 90 йиллик тарихга эга, бу даргоҳда қанчадан-қанча фидойи инсонлар, устозлар ишлаган, ўз қалб қўрини, бутун умрини келажак авлод тарбиясига бағишлаган. Биз бу ҳақда мактаб тарихига бағишланган ҳужжатли фильм олишни режалаштираяпмиз. Мактаб веб-сайтини яратиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Ҳозир мактабимизда 1120 нафар ўқувчи таҳсил олади. Иқтидорли педагогларимиздан француз тили фани ўқитувчиси Шарофиддин Раҳмонов Давлат гранти асосида икки марта Франция ва Германияда малака ошириб келди. Унинг ўқувчиси Беҳруз Сувонов 2012 йилда француз тили фанидан «Билимлар беллашуви» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби бўлган.

1998 йилда мактабимизда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 6-9-синфларда ўтиладиган физика ва астрономия фани ўқув дастури олий тоифали ўқитувчи, «Шуҳрат» медали соҳиби Абдуқодир Мирзаев раҳбарлигида тажриба синовидан ўтказилган. Унинг қизи Маҳбуба Мирзаева ҳам шу мактабда фаолият кўрсатади. Улар ҳаммуаллифлигида «Умумий физика курси» ўқув қўлланмаси нашр этилди.

Бошланғич синф ўқитувчиси Умиджон Қосимов 2014 йилда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган эди. Яқинда унинг «Бошланғич синфларда инновацион технологиялардан фойдаланиш» методик қўлланмаси оммалаштирилди.

Мактабимизда тарих фани ўқитувчиси Фахриддин Қурбонов раҳбарлигида музей ташкил этилган. Унда XIX-XX асрларга оид кўплаб осори атиқалар сақланади.

Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Умрзоқ Баракаевнинг шогирдлари Хуршид Саломов 2002 йилда туғилган ёшлар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчимиз Охун Язданов кикбоксинг бўйича 65 килограмм вазнда республика мусобақасида 1-ўринни қўлга киритди.

Ютуқлар билан бирга ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. Муаллим келажак олдида жавобгар ҳисобланади. Замон талабидан орқада қолмай, инновацион технологияларни, илғор тажрибаларни ўқув жараёнига татбиқ этган ҳолда ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни янада кучайтирсак, улар орасидан ўнлаб, юзлаб истеъдодлар етишиб чиқади.

Мактаб миллатнинг фахр-ифтихори. Бу даргоҳда эртанги кунимиз, келажагимиз улғаймоқда. Келажак олдида нафақат муаллим, балки бутун миллат масъулдир.

 

Суюн МАМАТОВ,

Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги 34-умумтаълим мактаби директори.



DB query error.
Please try later.