19.04.2018

МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

Дастлаб Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш билан бошланган хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга қаратилган дадил қадамлар ташланди. Илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қиладиган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси каби илм-ирфон масканларининг ташкил қилиниши бунинг ёрқин далили бўлди.

Жорий йилнинг ўзида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами шу қадар кенг, аҳамияти шу қадар улканки, буни эътироф этмоқ, шукронасини қилмоқ керак. Халқимизнинг қалбимизни қувончга, нурга тўлдирган Қуръон мусобақаси республика миқёсида ўтказилиши билан юртимиз бўйлаб Аллоҳнинг муборак Каломи янграй бошлади. Бу нафақат юртимиз учун, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан аҳамиятга молик бўлган тарихий ҳодисадир. Яратганга шукрки, Ватан озодлиги учун жон фидо қилган аждодларимизнинг армонлари ушалди, юз йиллик орзуларимиз рўёбга чиқди.

Энди ушбу хайрли ишларнинг ўзига хос сарҳисоби ўлароқ, динимизнинг равнақи, халқимизнинг порлоқ келажаги йўлида қилинажак улуғ ишларнинг дастуриламали бўладиган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди. Ушбу фармон диний-маърифий соҳадаги барча саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, самарасини ошириш, кўламини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, айни пайтда бу соҳада хизмат қилиши лозим бўлган юқори малакали, янгича фикрлайдиган, чинакам ватанпарвар, эзгу эътиқодли кадрлар тайёрлашни ҳам кўзда тутгани алоҳида таҳсинга сазовордир.

Мазкур фармон ҳар бир юртдошимизнинг зиммасига шарафли масъулият юклайди. Жаҳолатга қарши маърифат ила курашиш, динимизнинг асл моҳиятини кенг ёритиш бугунги кунда ҳар бир жонкуяр фуқаронинг, юртининг бугуни ва эртаси олдида масъулият ҳис қиладиган, халқининг келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир кишининг вазифасидир. Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон халқаро Ислом академиясини ташкил этилгани диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга нақадар катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Бу эса юртимизда Қуръон илмлари, ҳадис илми, фиқҳ, ақийда, тасаввуф, исломий иқтисодиёт ва молиявий масалалар, халқаро муносабатлар каби муҳим йўналишлар бўйича таълим олиш ва малака оширишнинг яхлит тизимини ташкил этишга имкон беради. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг барпо этилиши ниҳоятда қувончли воқеадир.

Миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш борасидаги яна бир муҳим қадам — масжид-мадрасалар қуриш ва таъмирлаш, тарихий-меъморий аҳамиятга эга бўлган зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш билан шуғулланадиган «Вақф» хайрия жамоат фондининг ташкил қилиниши бўлди. Шунингдек, ушбу фонд ваколатига масжид-мадрасалар, илмий марказларнинг фаолиятини молиялаштириш, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни, мударрислар, мутахассислар ва толиби илмларни моддий ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш, шунингдек, уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш ҳам киритилгани динга, дин ходимларига, илм-маърифатга чинакам эҳтиром, илм аҳлига юксак эътибор намунасидир.

Фармонда яна бир гўзал ташаббус борки, у ҳақда алоҳида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Диний-маърифий, умуман халқимиз қадриятлари, маънавиятини юксалтириш соҳасида сидқидилдан хизмат қилаётган зиё аҳлларининг, дин пешволарининг машаққатли меҳнатини эътироф этиб, уларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш мақсадида «Имом Бухорий» давлат мукофоти таъсис этилди. Бу юксак мукофот Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшган маърифатпарвар инсонларга берилиши кўзда тутилган.

Биз — дин ходимлари, илм аҳлига бундай юксак эътибор учун, халқимизнинг келажаги, юртимизнинг истиқболига бу қадар ғамхўрлик учун бу хайрли ишларга мутасадди бўлаётган барча азизларимизга бутун ўзбек халқи номидан самимий миннатдорчилик изҳор қилиб, ташаккурлар айтамиз. Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизни бардавом айласин, азиз ватанимизни жаннатмакон қилсин!



Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.



DB query error.
Please try later.