19.04.2018

ДАНҒАРАНИНГ ДОНГ ТАРАТИШ ДАВРИ КЕЛДИ

Паррандачилик етти хазинанинг бири деган гапни аждодларимиз жуда топиб айтишган. Эл-юрт фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилмиш бири биридан улкан ислоҳотлар амалга оширилишида бош-қош бўлаётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев, жумладан, ушбу тармоқни ҳам кескин ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераётгани бежиз эмас. Олти товуқ оилани боқаркан, бир товуқ келаси йили ўнтага айланаркан. Аммо, шу томони ҳам борки, ҳали ҳеч ким хазинани осонликча қўлга киритмаган. Бунга эришмоқ учун не-не уқубатларга чидаш лозим бўлади.

Фарғонанинг Данғарасидаги «Чинобод парранда» хусусий фермасида бўлганимизда, у ердаги жараёнлар не чоғли сермашаққат эканини ўз кўзимиз билан кўриб билдик. Аввало, катта ишни бошлашга маблағ тўплашнинг ўзи осон кечмади. Дастлаб самарқандлик паррандачилардан тухум олиб келиб, туман бозорида сотиб юришди. Баҳонада, самарқандликлар ишини миридан сиригача кузатиб, кўзлари пишиб борди.

Озгина хато қилинса, минг азобда топилган маблағ бир кунда совурилиб кетиши ҳеч гапмас. Ишбилармон Ойбек Тоғаев шундан хавотирлана-хавотирлана, охири таваккалга қўл урди, катта бино қуриб, ишни қирқ мингта товуқни парваришлашдан бошлади. Хонадонда боқиб юрганлар ҳам яхши биладики, товуқдан нозик жонивор йўқ. Бирон-бир касаллик юқиши у ёқда турсин, катаги захлаб, этини парранда бургаси босса ҳам, ёппа қирилишга тушади. Шу боис, Ойбек малакали ветеринарни ишга олиб, паррандалар ҳолатини доимий назоратда тутишни, турли касалликларга қарши вақтида эмлаб боришни дастлабки кунданоқ йўлга қўйди. Бунда озуқа сифатига, товуқлар маҳсулдорлигини таъминловчи барча фойдали элементлар керакли миқдорда бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ талаб этилади. Ҳатто бинодаги ҳавонинг бузилиши паррандалар соғлигига салбий таъсир кўрсатади. Ана энди, минглаб товуқларнинг тагини тоза тутиш машаққатини ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Бу ерда кунига ўн беш тонна атрофида гўнг тўпланиб, фермерларга пешма-пеш тарқатиб турилади.Тухумларни йиғиб олиш, махсус идишларга териб жойлаш, айнитмай сақлаш, улгуржи харидорларга тарқатиб чиқиш яна бир қийин жараён.

Хайрият, дастлабки йиллар талафотсиз ўтди, фойда устига фойда олинаверди. Бундан кўнгли кўтарилган тадбиркор биноларни кенгайтира бориб, товуқлар сонини аввал етмиш беш мингтага, ўз маблағига банк кредитини қўшиб Италиядан янги технологиялар сотиб олгач, бир юз эллик мингтага етказди. Тухумлар ички бозордан ортиб, Афғонистонга ҳам чиқарилаётгани туфайли, экспортнинг ўзидан йилига салкам юз минг доллар даромад олинмоқда.

Товуқлар маҳсулдорлиги учинчи йилдан эътиборан сусайиб боради. Шу боис, бир қисмини вақтида гўштга топшириб, ёшлари билан алмаштириб туришга тўғри келади. Ҳозиргача жўжалар ҳам, озуқа ҳам четдан сотиб олинарди. Буни арзонлатиш мақсадида энди ўзлари инкубатория ва омухта ем ишлаб чиқариш цехини ташкил этишяпти.

Даромадга яраша буромад, деган гап бор. Бу ердаги ишчиларнинг маоши йил сайин кўтарилиб бормоқда, айрим мутахассислар бир ярим миллион сўмдан ошириб ойлик оляпти.

Бу — вилоятдаги ўнлаб бири биридан номдор паррандачилик фермаларидан биттагинаси холос. Масалан, Бешариқдаги «Водий наслли парранда» хусусий корхонасида Германиядан замонавий технологиягина эмас, наслдор товуқлар ҳам олиб келиниб, ҳозир уларнинг сони юз мингдан ошиб кетди. Тухум олишдан ташқари, корхонада инкубатория ҳам қурилиб, аҳолига йилига икки юз минг атрофида жўжа сотиляпти. Айниқса, четдан келтириш қимматга тушаётган эмлаш вакциналарини шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришдек ўта мураккаб ишга қўл урилаётгани алоҳида тасаннога лойиқдир.

Илгарилари Данғарада кўзга чалинадиганроқ бирорта корхона бўлмаган. Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ деганларидек, бу ернинг Қўқон эркин иқтисодий зонасига яқинлиги, талайгина бўш ерлар борлиги, Тошкент трассасига чиқишнинг қулайлиги қўл келиб, инвестиция ёғилиб кира бошлади, энди вилоятдаги саноати энг тараққий этган туманлардан бирига айланяпти. Минтақавий инвестиция дастури асосида электр чойнак ва плиталари ясовчи «Данғара мега кэттл», калава бўёқловчи «Мусаввир тех», трикотаж маҳсулотлари чиқарувчи «Элегант капитал тикув» , «Авалон комфорт транс», бири аҳолибоп, бири спорт пойабзаллари етказиб берувчи «Бурсал-шоэс», «Азиа-чина шоэс», тахталарни ламинатлаштирувчи «Литл Ҳусниддин шоэс», хориж бозорларида харидоргир бўлган момиқ сочиқлар тўқилувчи «Жаҳон текстиль люкс» сингари корхоналар шу йилнинг ўзида бирин-кетин ишга тушмоқда. Ҳатто юртимизда эндигина русумга кираётган гидропоник иссиқхона ҳам ташкил этилди.

«Аюбхон текстиль» хусусий корхонаси асосан эркаклар кўйлаги тикишга ихтисослашган бўлиб, улар юз хилдан зиёд ранго-ранг русумда бозорга чиқариляпти, ўта бежиримлиги боис тезда таламон бўлиб кетяпти. Буларга ички бозорнинг ўзидан икки миллионта буюртма тушган. Бундан ташқари, чойшаб, рўмолча, футболка, ёзги-қишки ички кийим, пайпоқ кабилардан иборат яна йигирма турдаги маҳсулот чиқарилмоқда.

Сариштагина бичув-тикув хоналарида юз эллик нафардан зиёд қизлар бари бир хил коржома кийиб, қатор ишлаб ўтиришибди. Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида хориждан сотиб олинаётган дастгоҳлар ўрнатилса, иш ўрни янада кўпаяди.

Ташландиқ бинони ноль қийматда олиб, корхона фаолиятини қисқа муддатда йўлга қўйиб улгурган, ютуқларни йил сайин мустаҳкамлаб бораётган бу аҳил жамоа раҳбари Дилшода Усмонова вилоятда ўтказилган «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли» танловида ғолиб чиққани бежиз эмас.

Хитой билан ҳамкорликда яратилган «Реал кабель инвест» қўшма корхонаси илгари турли хил кабеллар чиқарарди. Кейинроқ, тежамкор диод лампалари ишлаб чиқаришга ўтилгач, даромад кескин ошди. Бошда фақат хўжалик лампалари ясалган бўлса, энди автомобиль йўллари ёқасига ўрнатилувчи симёғочлардаги ёритқичлар лампаси ҳам шу ерда тайёрланяпти. Олдин булар четдан икки баравар қимматга олиб келинарди.

Бу корхонага яна уч ярим гектар ер берилди, учта янги корпус қурилиб, Хитойдан ускуналар олиб келиняпти. Маҳсулотнинг асосий қисми Хитойнинг ўзига экспорт қилинади.

Табиатни асраш, экологик софликни таъминлаш, айниқса, чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш йўналишида республика миқёсида амалга оширилаётган ўта улкан ишлар Фарғонада ҳам ўз аксини топаётир. Жумладан, Данғарада бу долзарб масалага алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда.

Азалдан техникага беҳад қизиқувчан, асосан Япония, Германия мамлакатларидан келтирилаётган экскаватор, бульдозер, грейдер, асфальттекислагич сингари агрегатларни ўзимизда таъмирлашни йўлга қўйиб олган Жаҳонгир Акбаров энди чиқиндиларни қайта ишлаш минизаводини ташкил этишга киришди.Туман ҳокимлиги уни дарҳол қўллаб-қувватлади. Чунки кўп йиллар олдин Қўқон шаҳри ва унинг теграсидаги туманлар чиқиндисига шу ҳудуддаги Қумқиялидан жой ажратилган бўлиб, йигирма гектар жойдаги тўкинди уюмлари ҳозирда адир тусини олган, яқинроқдан ўтсангиз, димоғингиз ачишади. Инфекциянинг ўчоғи.

Жаҳонгир бу мавзуни бир ярим йил мобайнида интернет орқали чуқур ўрганди, соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб, миникорхонани немис технологияси асосида тиклашни маъқул топди. Кластер усулига асосланган бу корхона ишга тушса, бир кеча-кундузда бир юз саккиз тонна чиқинди қайта ишланиб, бундан кунига салкам йигирма минг кубометр метан гази, ўн саккиз тонна дизель ёнилғиси, қирқ саккиз минг киловат электр энергияси, беш тонна брикет кўмир олиш мумкин бўлади; тўйиндига бой тупроғини табиий ўғит сифатида фермерларга, майда темир-терсакларни қайта қуйиш заводларига жуда арзон баҳода сотиш имкони туғилади. Бошқа давлатларда ҳам шундай технологиялар бор, лекин улардан немисларникичалик хилма-хил маҳсулот олинмайди, иш унумдорлиги анча паст.

Тадбиркор минизавод корпусини ўз маблағи ҳисобига қуриб, ускуналарни банк кредити ёрдамида сотиб оладиган бўлди. Бу миникорхона фаолият юрита бошласа, камида юзта иш ўрни яратилади.

Йўловчилар Сирдарё кўпригидан Фарғона ҳудудига ўтибоқ дуч келадиган Чиғали бозоридаги довруқдор нонлар шу тумандаги новвойхоналарда ёпилади. Кичик турк, Чиғали, Қорақалпоқ қишлоқлари аҳолисининг асосий тирикчилиги шундан. Ўнлаб оилавий новвойхоналар бор. Айниқса, нонлари фақат бу бозорда эмас, қўшни туманлардаги юзлаб дўконларда ҳам харидоргир бўлиб турган, «Акмал патир», «Санжар патир» бренди билан фаолият юритаётган тадбиркорлар новвойхоналарида кунига йигирма қопдан зиёд ун ишлатилади. Бир қопидан бир юз йигирмата патир чиқишини назарда тутсак, у ёғини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.

Нон ёпишни билмаганларнинг даромади ҳам барибир шу соҳа билан боғлиқ, биров новвойларга ўтин ёки кўмир етказиб беради, биров ёпилган нонларни улгуржи олиб, бозорда устига қўйиб сотади. Бир маҳаллар бу қишлоқларда велосипед ҳам кам учрарди, ҳозир енгил машина кирмаган хонадон йўқ, кўпчилиги фарзандларини махсус мактабларда ўқитади, турли тўгаракларга беради. Барча ўз иши билан бандлиги боисми, кейинги йиллари бу қишлоқларда ҳеч қандай ўғрилик содир бўлмади, ҳар хил оқимларга аралашиб қолган бирорта одам йўқ.

Тирикчиликнинг йўли кўп. Ҳамма гап шу йўлни топа билишда, Президентимиз томонидан тадбиркорлар учун яратиб берилаётган кенг шароитлар, улгуржи имтиёзлардан самарали фойдалана олишда. Бунинг учун чираниб изланиш, зеҳн солиб кузатиш, билмаганини билгандан суриштириш, бир юмушнинг этагини тутганларга сабр-тоқат билан эргашиш, бугунги ишни кечагидан пухтароқ қила боришга уриниш лозим бўлади. Янги замоннинг одамлари янгича тирикчилик сирларини тобора чуқурроқ англаб, ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам кун сайин кўпроқ ризқ-насиба яратишни ўрганаётгани ўта умидбахш омилдир.

Баъзи гапларга кўра, қай замондаги бир хоқон ёғийлар билан бўлган жангда катта жасорат кўрсатган шуҳратдор бекка ушбу ҳудуд ерларини туҳфа қилаётиб: «Бориб, йигитларинг билан ўтовлар тик, ариқлар оч, экинлар эк, жангдагидек данғ тарат!» деган экан. Бу жойнинг ҳозирги аҳолиси ўша «данғтарат»ганлар авлодлари бўлиб, «Данғара» ҳам айнан шундан келиб чиққан эмиш.

Ушбу ривоят асослими-йўқми, билмадиг-у, мундоқ қараганда, данғараликларнинг чиндан ҳам донг таратиш даври энди келганга ўхшайди.



Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.



DB query error.
Please try later.