18.03.2018

ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРГА МАНЗИЛЛИ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ

Байрамлар, сайллар арафасида жамиятимиздаги ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, мушкулини осон қилиш азалий қадриятга айланган. Айниқса, Наврўз байрами арафасида ана шундай эзгу, хайрли ишлар кўпаяди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволини ўрганди. Амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди. Бугунги кунда эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, хусусан, уй-жойларини таъмирлаш бўйича Тошкент шаҳрида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

2017 йилда Тошкент шаҳридаги 1221 кам таъминланган оила 630 миллион сўмликдан ортиқ маиший-техника жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган 66 нафар инсонга 264 миллион сўмлик дори-дармон воситалари олиб берилиб, тиббий амалиётлар учун харажатлар қопланди. Эҳтиёжманд оилаларнинг уйларини таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жорий йилда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари уйма-уй юриб, пойтахтимиздаги оилаларнинг ҳолидан хабар олди. Уларнинг турмуш шароити, иқтисодий-ижтимоий аҳволини ўрганди. Натижада оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, турмуш фаровонлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани «Матонат» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ўғилой Ғиёсованинг шароити иқтисодий ночорлиги сабабли, хонадони бир неча йиллардан бери таъмирталаб аҳволда эди. Мазкур хонадонга касаба уюшма мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ўргангач, Ўғилой опанинг уйи, хусусан, ошхона, айвон, болалар хонаси мукаммал таъмирланди.

– Бизга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди Ўғилой Ғиёсова. – Ҳар бир байрам, яхши кунларда ҳокимият, маҳалладагилар, қўни-қўшнилар йўқлаб туради. Меҳр-оқибатли халқимиздан, хонадонимизга файз келтирган тадбир ташкилотчиларидан жуда миннатдормиз.

 

Г.САТТОРОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.