08.03.2018

ИККИ МУТАФАККИРНИНГ БАРҲАЁТ ДАҲОСИ

ўзбек ва тожик халқларининг ўзаро дўстлик муносабатларида бардавом бўлмоқда

Ўрта асрлар Марказий Осиё миллий юксалишининг икки йирик даҳоси – ўз даврининг етук сиёсатдони, мутафаккир аллома, файласуф донишманд ва дилбар шоирлари бўлмиш мавлоно Нуриддин ­Абдураҳмон ­Жомий ва Низомиддин Амир Алишер Навоийнинг илмий-адабий ҳамкорликлари ҳақида сўз борганда, киши кўз ўнгида олий инсоний фазилатлардан бўлмиш вафо ва садоқат тимсоллари намоён бўлади.

Бу икки беназир инсонни улардаги юксак салоҳият бирлаштириб турар эди. Уларни бир-бирига тортиб турувчи куч нафақат адабий ҳамкорлик, балки комил ихлос, покликка садоқат, инсонга нисбатан меҳр-шаф­қат, нафосатга муҳаббат ва назокатли табиат эди.

Жомий ва Навоий дўстлиги, илмий-адабий ҳамкорлиги ҳақида бугунга қадар анча тадқиқотлар яратилган. Алишер Навоий таваллудининг 555 йиллигига бағишлаб чоп этилган «Абдураҳмон Жомий ва Алишер ­Навоий» деб номланган илмий тўплам, тожик олимлари Абдулғани Мирзоевнинг «Алишер Навоий ва ­Абдураҳмон Жомий» китоби, Аълохон Афсаҳзоднинг Жомий ижодига бағишланган бир қатор илмий тадқиқотлари, Азизхон Қаюмовнинг «Назм ва тафаккур қуёши», Раҳим Воҳидовнинг «Маънавият оламининг порлоқ қуёши» китоблари, самарқандлик олимлар ­Ботурхон Валихўжаев ва Муслиҳиддин Муҳиддиновларнинг бир қатор илмий мақолаларида бу икки йирик олим орасидаги ҳақиқий дўстлик ва ҳамкорликка оид муҳим маълумотлар тақдим этилиши билан бирга, мавлоно Жомий ҳаёти, илмий ва адабий фаолиятининг муҳим қирралари ёритиб берилади.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий Хуросон илмий-адабий муҳити, маданий ҳаётида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турувчи, ҳамфикр, ҳамақида, ҳамкор зотлар эдилар. ­Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро таклифи билан Самарқанддан Ҳиротга келиши ҳамоно давлатнинг масъу­лиятли лавозимларидан бирини эгаллайди. У ҳам давлат арбоби сифатида, ҳам ўз даври адабиёти, санъати, маданий ҳаёти равнақи учун жон куйдирувчи шахс сифатида фаолият олиб бориши учун бирор илму адабда камолот касб этган, маслаҳатгўй кишига эҳтиёж сезади. Ҳиротда бундай вазифани бажара оладиган ягона шахс Абдураҳмон Жомий эди.

Жомий эса Алишер Навоийни ва унинг бош вазир сифатида олиб борган фаолиятини Юсуф пайғамбар ­фаолияти билан тенглаштиради. Зулм­нинг олдини олиш ва адолат ўрнатиш, бунда мамлакатни бошқаришдаги бош вазирнинг роли «Ҳафт авранг»да асосий масала қилиб қўйилган эди.

Таниқли тожик олими Абдулғани Мирзоев ўзининг «Тасвири Навоий дар «Юсуф ва Зулайҳо»и Чомй» номли мақоласида шундай деб ёзади: «Агар Юсуф Миср Азизи бўлиб, яъни донишманд бош вазир сифатида мамлакатни оқилона идора қилиши натижасида халққа етти йиллик қаҳатчиликда очлик ва талафотдан нажот берган бўлса, Алишер Навоий ҳам XV аср­нинг донишманд вазири сифатида марказий ҳукумат қудратини таъминлади ва шу восита билан мамлакат осойишталигини то имкони борича сақлаб турди, илм, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларнинг тараққийси учун мувофиқ бир замин вужудга келтирди».

Абдураҳмон Жомий Навоийни ҳам зоҳиран, ҳам ақлу камол ила ботинан Юсуф пайғамбарга қиёс қилса, Алишер Навоий устози ­Жомийни илм ва кашфу каромат ила мукаррам бўлган зот — Хизр алай­ҳиссаломга ўхшатади. Шоир «Ҳайрат ул-аброр» достонида устози таърифида шундай ёзади:

Зулмат этиб, жамъ давоти анинг,

Маъни ўлуб оби ҳаёти анинг.

Қатрасидин кимки бўлуб комёб,

Умри муаббад қилибон иктисоб,

Назми ақолими жаҳонни тутуб,

Насри дағи кишвари жонни тутуб,

Файзи гадову шаҳ аро мунташир,

Хизматига шоҳу гадо муфтахир...

Бу икки мутафаккир дунёқарашларининг яна бир умумий нуқтаси борки, у ҳам бўлса, ёшликларидан тақдирлари боғланган шаҳар — ­Самарқандга бўлган умумий муҳаббатдир. Абдураҳмон Жомий бу шаҳар таърифида шундай деган:

Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг Ҳиндистонга бор,

Агар покизаликни кўрмоқчи бўлсанг Маккага бор,

Агар иккаласини ҳам топмоқчи бўлсанг Самарқандда қол.

Алишер Навоий эса бу шаҳарни қиблаи муборакка қиёслаб, ташбеҳ берган:

Самарқанд сайқали рўи заминдур,

У меҳрим қибласи — жонга яқиндур.

«Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, академик Ботурхон Вали­хўжаев Жомий ва Навоийнинг танишувлари айнан Самарқанд сафарларида юз берган, деган мулоҳазани баён этади. Олимнинг таъкидлашича, Абдураҳмон Жомий тўрт марта Самарқандда бўлган. У биринчи марта Мирзо Улуғбек даврида, яъни 1436 йилда бу шаҳарга келади, ­Улуғбек мадрасасининг талабаси сифатида замонанинг машҳур олимлари Қозизода Румийдан, Улуғбекнинг ўзидан дарс олади. Ана шу вақт­да у Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийдан ҳам таълим олган. Алишер ­Навоий ҳам 1465-69 йилларда ­Самарқандда яшаган, бу ернинг йирик уламолари Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали, Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсийлардан таълим олган, уларнинг «фарзандим», деган илтифотларига сазовор бўлган. Бир муршиди комил билан учрашган (Хожа Аҳрори Вали), бир устоз таълимини олган (Хожа Фазлуллоҳ ­Абулайсий) икки истеъдод соҳиби ­Самарқандда бир-бирларини танимасликлари мумкин эмас эди.

Масаланинг бундан ҳам муҳимроқ бир жиҳати бор. Самарқанд келажакда буюк мутафаккирлар бўлиб таниладиган икки ёш толиби илмнинг эътиқодлари камолга етган, фалсафий қизиқишларига жавоб топилиб, тасаввуфий дунёқарашлари муқим шаклланган шаҳардир. Улар бу ерга толиби илмлар сифатида келдилар, сафар ниҳоясида эса бирлари йирик сўфий (Жомий), бирлари эса мутасаввиф (Навоий) сифатида Ҳиротга қайтдилар.

Шоир Ҳиротда Жомийнинг маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлади ва етти йил давомида ўзининг тасаввуфий дунёқарашини камолот даражасига етказгач, 1476 йилда тариқатга расман кирди. Икки юксак салоҳият, ўткир тафаккур ва ўта нозик маданият соҳиблари бўлмиш бу назокатли шахсларни илми ирфондан бўлак нарса қониқтира олмас эди. Жомий ва Навоий дўстлиги ва ҳамкорлигининг асосий пойдевори ҳам фақат шеърият, адабиёт эмас, балки тариқат эканлиги аён бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Жомий ва Навоий курраи замин тарихида ёрқин ҳодиса бўлиб қолган темурийлар даври миллий юксалишининг бетимсол йўлчи юлдузлари эдилар. Бу юлдузлар шуълаларининг бирлашиб, сомон йўли ҳосил қилишида жаннатмакон Самарқанднинг ўз ўрни ва мавқеи бор. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий даҳоларини илоҳий тарихий тақдир, улар орасидаги самимий дўстлик ва ҳамкорлик эса давр адабий муҳити учун мисли кўрилмаган ижобий ҳодиса деб баҳоланса, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Дилором САЛОҲИЙ,

Самарқанд давлат университети,

мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.