Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
27.02.2018

КИТОБ ЎҚИБ, ДУНЁНИ ТАНИЯПМАН, АНГЛАЯПМАН

дейди «Ёш китобхон» танловида ғолиб чиқиб, «Spark» автомашинаси билан мукофотланган Моҳинисо Шомуродова

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшлар ўртасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг интеллектуал билим ва савиясини ошириш мақсадида ўтказилган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи ғолиби бўлган Моҳинисо Шомуродова билан мухбиримиз учрашди.

 

Моҳинисо Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси, оддий оилада вояга етган. Отаси — Шавкат Дўланов туман статистика бўлими бошлиғи, онаси Азиза ­Суюнова чорак асрдирки, ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.

Оилада китобхонлик муҳити барқарорлиги туфайли, уларнинг уч нафар фарзанди ҳозирги кунда турли олий ўқув юртларида давлат гранти асосида таълим олмоқда. Моҳинисо бешинчи фарзанд.

Фарзандларимга ҳар доим ёшига мос китоб сов­ға қиламан, — дейди Азиза Суюнова. — Оилада ҳаммамиз китоб ўқиймиз. Суҳбатларимиз бош мавзуси ҳам китоб бўлади.

Ота-она фарзандининг китоб ўқишига болалигидан эътибор берса, оила даврасида қизиқарли асарларни ўқиб, мазмунини тушунтирса, болада китобга меҳр пайдо бўлади.

Мактабда ўқувчиларни китобхонликка жалб этишда ўқитувчининг ўрни алоҳида. Айниқса, уларни бошлан­ғич синфданоқ китоблар оламига — кутубхонага олиб киришнинг аҳамияти катта. Қизим Моҳинисо мактабда ўқитувчиларидан сабоқ олган бўлса, уйда ҳам она, ҳам муаллим сифатида унинг ўқишига эътибор қаратдим.

Қизим оилавий кутубхонамиздаги ҳамма китоб­ларни ўқиб чиққан, — дейди Шавкат Дўланов. — Бундан ташқари, ҳар гал унга янги чиққан китобларни олиб беришга ҳаракат қиламан. Бугунги кунда уйимиздаги кутубхонадан нафақат болаларим, балки қишлоқ ёшлари ҳам фойдаланади.

Моҳинисода ўзбек тили ва адабиёти, рус тили, инглиз тили, тарих фанларига қизиқиш кучли. Шеър ёзади. Ўқитувчилари «Қизингиз мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб бўлган. Унга алоҳида эътибор беринг», дейишади. Қизимнинг бу муваффақияти тенгдошларида ҳам китобга ҳавас уйғотса, шунинг ўзи бизлар учун катта мукофот.

Танловда мураккаб шартлардан ўтиш осон бўлмади, — дейди Моҳинисо. — Айрим ҳолларда кутилмаган саволларга дуч келганимда, ҳаяжонландим. Лекин кўп китоб ўқиганим қўл келди. Адашмасам, ҳозиргача 600 тага яқин китоб ўқиганман. Ўқиган китобларим сонини 1000 тага етказмоқчиман.

Мамлакатимизда китобхонлик борасида яратилган шарт-шароитлар, ота-онам ғамхўрлиги, жонажон мактабим, ўқитувчиларим, тенгдошларим қўллаб-қувватлаши туфайли шу ютуққа сазовор бўлдим, деб ўйлайман. Танлов ғолиби бўлганим, Президент совғаси мен учун унутилмас воқеа бўлди...

Моҳинисо мактабда аъло ўқиши, намунали хулқи билан кўпчилик тенгдошларига ўрнак. У жамоат ишларида ҳам фаол, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши етакчиси. Танлов ғолибига Президент совғаси берилиши муносабати билан жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирокида Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбирда Моҳинисо Шомуродовага вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари ҳам топширилди.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.