Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
27.02.2018

ОЛТОВЛОННИНГ ЕТТИНЧИ АРМОНИ

Биз эрталаб фарзандларимизни болалар боғчасига, мактабга кузатиб, хотиржам бўлиб ишга отланамиз. Кечқурун уйга қайтиб, оила даврасида бехавотир ўтирамиз, ухлаймиз. Бунинг бош омили — юртимиздаги тинчлик ва осойишталикдир.

Аммо тинч ҳаётимиз ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун туну кун ҳаловат билмай хизмат қилаётганлар бор. Улар осойишталикни сақлаш, ҳудудларимизни ҳимоя қилиш учун хавфу хатарлар билан юзма-юз келишади, бу йўлда жонларини ҳам аямай курашишади.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонларимиз номини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Бугундан бошлаб газетамизда ана шундай мард, жасур, ёвқур ўғлонлар ҳақида мақолалар чоп этиб борамиз. Уларнинг азиз хотираси биз учун муқаддас... Улар Ватан, халқ тинчлиги йўлида ўз жонларини фидо қилган замонамиз қаҳрамонлари... Сиз, азиз газетхонлардан, ҳамкасбларимиздан ушбу мавзудаги мақолаларни кутамиз.

Улар оилада 7 ўғлон ва уч қиз эди. 10 жоннинг отаси Абдуқодир ака 45 ёшида автоҳалокатда вафот этади. Бу вақтда фарзандларнинг ҳеч бири мустақил ҳаёт остонасига қадам босмаган эди. Онанинг елкасига оталик ҳам тушди. У пилла боқиб, 40 йил меҳнатдан бош кўтармади, меҳнат пештахтасидан сурати тушмади. 10 жонни уйли-жойли қилиб, саксонга кирди. Ҳатто етти келинга қайнона бўлиб, «Фармонбиби», деган ном ҳам олди. Оиланинг улуғи 80 ёшида оламдан ўтди.

Олтовлон стол бўйлаб оқ-қора суратларни ёйиб чиқди. Улар шундай хира ва эски, аксарида 10 чоғли болаларнинг ғуж-ғуж тасвири бор.

«Буларнинг қай бири Бексаид», деб сўрайман. Оға-инилар униқиб қолган сурат­лардан тезда уни топиб, «мана Бексаид» дейишлари ҳайратимни оширди.

«Сиз ажабланманг», дейди Абдужаббор ака. Аслида бу жуда осон. Қай бир боланинг кўксида тангадек нишон ярақлаб турган бўлса, ўша — Бексаид акам.

Озгина кулишиб олдик.

Хуллас, олтовлоннинг еттинчиси ҳақида узоқ суҳбат борди. Тарих дарслигини бош-адоқ ўқигандай бўлдим. Негадир ўша лаҳзаларда хаёлимдан ёзувчи Экзюперининг «Истеҳком» асари сира кетмади.

«Инсонларнинг моддий бойликлар билан алоқаларига тўсқинлик қилинг. Кичкина одамда Инсонни тарбиялар экансиз, уни маънавий бойликларга ошно этинг. Илло, бусиз қалб тошга айланиб қолур», деб ёзган эди Экзюпери.

...Уни билгувчилар кўп айтади: Бексаид болага ўхшамади. Нуқул ўзини катта одамларга чоғлади. Ўзи бир тутам жон, камига оғир феъл-атвор. Тўйлар кўпайган маҳали у тенгилар қорин ғамию, ўйин-кулгининг кетидан чопар, у бўлса уйда, ғаройиб ишлар бошида турарди.

Бир куни Бексаид бир ҳовуч эски орден ва медаллар билан уйига кириб келди. Сўнгра ҳар бирини ювиб-артиб, кўксига қадади. Кўчага ҳам медалларини тақиб чиқадиган бўлди. Кимдир кулди, кимдир ҳавас қилди...

Кунда унинг қўлида нимадир пайдо бўлар эди: эски ҳарбий бош кийим, қуввати тугаган соат, ҳарбийча этик... Буларни йиғиш учун у қанча-қанча эшикка кирмади, кимларга ялинмади. Унинг учун энг яхши одам ҳарбий ва энг яхши совға унинг бирор буюми эди.

 Бексаид деярли барча ёшлик суратларида кўксида «значок»и билан тушар, ўзи эса ҳарбийлар каби тик, сафда тургандай расо эди.

Бир куни у дарча эшигига кўмир билан катта-катта ҳарфларда шундай сўзларни ёзди:

«Ўзбекистон Қаҳрамони Бексаид ­Кенжаев 1968 йилда туғилган».

Бу ёзув анчагача, эшик юзини қор-ёмғирлар ювиб ташлагунича турди.

Укалари унга «Ўртоқ генерал, гапиришга рухсат этинг» қабилида мурожаат қилар эди.

Энди улар «кичик генерал»нинг қатъий қоидаларини бузгиси келмай, кафтини бошига тираб, ҳарбийча саломлашадиган бўлишди.

«Ҳа, у уйимизнинг генерали эди», дейди укаларидан бири. Бирор воқеа содир бўлса, ҳаммамиздан олдин югуриб чиқар, ёшига нисбатан ўта талабчан эди. Кейин у усти-боши кир бўлишини ёқтирмасди. У тенгилар тупроққа ағанаб ўйнар, Бексаиднинг кийимлари эса ҳамиша тоза эди.

 

АФҒОН ЮРТИДАГИ АФҒОН

«Урушда мени ўлдиришадими, йўқми — бунинг мен учун фарқи йўқ. Бироқ мен севганлардан нималар омон қолади? Мен фақат инсонларнигина назарда тутмаяпман, балки анъаналар, такрорланмас ранг­лар ва қандайдир илоҳий маънавий шуълани назарда тутмоқдаман».

...Ёш Бексаид мактабни битириб, ҳарбий хизматни Чирчиқда, сўнгра Афғонистонда ўтади.

Бексаид ўша йиллар ҳақида негадир ҳеч кимсага гапирмасди. Онасига ёзган хатларида асосан шундай дерди:

«Салом онажон, омонмисиз? Укаларим яхшими? Менда ҳаммаси жойида. Фақат сизларни соғиндим. Бексаид.»

Ўғлон жанглардан гап очмас, бир сафар тўқнашувларда сочлари ёниб кетгани, қўли куйиб, жароҳатлангани ҳақида ҳам ҳеч нарса демасди.

Укаси Абдужаббор Кенжаевдан шу ҳақда сўрайман.

Акам бу ҳақда гапиришни унчалик ёқтирмасди. Аммо бир куни у менга парашютдан сакраш воқеасини айтиб берди. Осмонда ўнлаб дўстларим билан пастга учиб тушардик. Бирдан ҳаммаёқ «варанглаб» кетди. Шеригимнинг оёқларини ўқ шарт узиб кетди. Бу даҳшатнинг ўзи эди. Унинг қиёфаси ҳозиргача кўз олдимдан кетмайди.

Бошқа куни ҳарбий машинада чегара ҳудудидан ўтаётиб, аёвсиз ўққа тутилдик. Дўстларим минган машина портлаб кетди. Бир дунё дўстлардан айрилдим. Ҳар қадамда хатар, ҳар қадамда ўлиш мумкин эди…

 

ҚИЛНИ ҚИРҚ ЁРИБ...

«Бир қарашда, инсонга, ҳатто бутун бошли шаҳарга фойда келтираётган бўлиб туюлса-да, сотқинлик ва ёлғонни аёвсиз жазоланг. Садоқатнинг биргина кўриниши минглаб юксак эътиқодларни кашф этади. Чунки инсон бир вақтнинг ўзида ҳам садоқатли, ҳам бошқаларга нисбатан садоқатсиз бўла олмайди. Асл садоқатли киши барча соҳада ва ҳар қандай вазиятда садоқат кўрсатади».

...Хизматдан кейин Бексаид Кенжаев Ички ишлар академиясида таҳсил олди. Сўнгра Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармасида терговчи бўлиб ишлай бошлади.

У ҳақиқатнинг юзага чиқиши учун ўзини аямайдиган инсонга айланиб бўлганди. Ёш бошига ҳақиқий жанг майдонларини кўрди, одамларнинг жон беришини, ҳаётга талпинишини ўз кўзи билан кўрди.

Ички ишлар хизматида ҳам худди жангу жадалда юргандек эди. Қаерда ноҳақлик бўлса, ишни ўз қўлига олар, айбдорларни топмагунча тиниб-тинчимасди.

«Постда» газетасининг 1996 йил 29 март сонида «Посбонлар бор, хотиржам яшаймиз» номли миннатдорлик хати эълон қилинган.

Бу хатни даволаниш учун пойтахтга келган, бир воқеа сабаб нарсаларини ўғирлатиб қўйган хоразмлик аёл ёзган. Хатда шундай сўзлар келтирилади:

«Тергов ишларига бошчилик қилган Бексаид Кенжаев ва бошқа ходимларнинг ўз вақтида, тезкор ва тўғри ҳаракат қилганликлари натижасида ўғри ушланиб, менинг буюмларим қайтариб берилди».

Бексаид Кенжаев фаолияти давомида кўплаб жиноятларни фош этди, ёмонлар билан муроса қилмади. Қаерда кўнгилсизликлар рўй берса, ўша ерда ҳозир бўлди.

Ўғлоннинг синфдоши Анвар Ўролбоевни гапга тутаман.

Бексаид билан 10 йил бирга ўқидик, дейди у. — У рус тилини мендан яхши билар эди. Диктантдан доим ундан кўчирар эдим. У ҳеч қачон бировнинг сирини сотмасди. Ўзини болалигиданоқ ҳарбийдек тутар, бир ишни бошладими, охирига етмай қўймасди. У билан футбол тўгарагига бордик. Мен озгина қатнаб, ташлаб кетдим. У эса қатнайверди. Кейин боксга бордик. Мен яна машғулотларни тўхтатдим, у эса шуғулланаверди.

Дўстим бебаҳо одам эди. Мана, унинг беш баҳога ўқиган аттестати, дипломи...

 

ТОШГА УРИЛГАН ГАВҲАР

«Оммавий ишлаб чиқариш натижасида сон-саноқсиз ажойиб мусиқа асбобларига эга бўлишимиз мумкин. Лекин уларда куй ижро этувчи созандаларни қаердан оламиз?»

...Чиндан ҳам биз ватанимизни севамиз, аммо уни доим қўриқлайдиган, керак бўлса, жон фидо қиладиган ватанпарварларни қандай тарбиялаймиз?..

Бу осон вазифа эмас, албатта.

1997 йил 12 апрель. Бексаид тун қорон­ғусида ишдан қайтаётган эди. Унинг тергови остида бўлган уч нафар гумонланувчи Бексаид билан келишиб бўлмаслигини билгач, жиноятлари очилиб қолишидан қўрқиб, ёвуз режа тузишади. Улар ярим тунда ­Бексаиднинг йўлини тўсишади. Қонли олишув пайтида жиноятчилар унинг танасига пичоқ билан уч-тўрт марта зарба беришади. ­Бексаид воқеа жойида вафот этади. У бор-йўғи 29 ёшда эди. Ундан икки ўғил, бир қиз ва «жасур Бексаид, қўрқмас ­Бексаид», деган ном қолди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

журналист.



DB query error.
Please try later.